ЖАМИЯТ

ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ КУЧАЯДИ


16.05.2018   1422

Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 майдаги “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш мақсадида семинар-тренинг ташкил этилди. Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан ўтказилган “Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлашнинг асосий жиҳатлари” мавзусидаги тадбирга халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши ҳузуридаги Ижтимоий шериклик бўйича Жамоат комиссияси ҳамда вилоят адлия бошқармаси ҳамкорлик қилди.

Фармонга биноан мамлакатни ҳар томонлама ва жадал ривожланишида фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини тубдан ошириш, уларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ҳамкорлигини кучайтириш, Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифаларни босқичма-босқич амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича Маслаҳат кенгаши ташкил этилди. Унга кўплаб вазифалар юклатилиши билан бирга фаолияти бевосита Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мувофиқлаштирилиши ҳамда унинг фаолиятини ташкилий жиҳатдан таъминлаш Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

2018 йил 1 июндан бошлаб нодавлат нотижорат ташкилотлари учун бир қатор имтиёз ва имкониятлар берилди. Унга кўра, рўйхатдан ўтказувчи орган билан тадбирларни келишиш тартиби режалаштирилаётган тадбирлар ҳақида хабардор қилиш тартиби билан алмаштирилади. Ажратилган грант маблағлари ташкилотларнинг мамлакатдаги исталган банк муассасаларидаги ҳисобварақларига ўтказиб берилади. Меҳнатга ҳақ тўлаш фондини тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган келиб тушган маблағлар ҳисобидан шакллантирувчи ташкилотлар учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси 15 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда белгиланади. Пенсионер ходимларга пенсия уларнинг мазкур ташкилотлардаги фаолияти ягона иш жойи бўлган тақдирда, тўлиқ тўланади.

Шу билан бирга, Фармонга биноан халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузурида нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил этилади ва 2019 йилдан бошлаб маҳаллий бюджетдан зарур маблағлар ажратилади. Шунингдек, “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони таъсис этилди.

Ушбу масалалар семинар-тренинг иштирокчилари томонидан қизғин муҳокама этилди.

М.Тўхтаназаров