ЖАМИЯТ

Жамиятдаги хавф


14.04.2018   1489

Хавфсизлик тизими ташкилий жиҳатдан аниқлик асосида бевосита интеграцияга таяниб, фуқаролик жамиятини қуриш йўлида ҳамда давлат хавфсизлигини таъминлаш бўйича яратилган (танланган) мақсадли усул ва воситалар асосида муаммоларни ўзаро манфаатдорликда ечишга йўналтирилгандир.

Хавфсизликни таъминлаш (хавфсизликни таъминлаш дейилганда, шахс, жамият ва давлатнинг ҳаётий муҳим манфаатларининг ички ва ташқи таҳдидлардан ҳимояланганлик ҳолати тушунилади) йўлида пайдо бўладиган таҳдидлар шу қадар ўзгарувчан ва мослашувчан характерга эгаки, уларни ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, ҳарбий, маънавий жиҳатларини аниқламасдан туриб, шахс, давлат ва жамият даражаларида мавжуд ҳимоя тизимини мукаммаллаштириш ҳақида фикр юритиб бўлмайди.

Жамият хавфсизлиги даставвал унинг ижтимоий барқарорлиги ва иқтисодиётининг хавф-хатарсиз ривожланиши, ижтимоий ҳаётнинг турли тармоқларига оид мавжуд сиёсатнинг ҳолатига боғлиқ бўлиб, психологик нуқтаи назардан эса, жамият хавфсизлиги тизимининг вазифаларига қуйидагиларни киритиш мумкин:

- жамиятнинг ҳаётий муҳим эҳтиёжларини ҳимоя қилиш;

- жамиятни турли ахборот-психологик хуружлардан ҳимоя қилиш;

- жамиятни сиёсий, маданий, иқтисодий экспансиялардан ҳимоялаш;

- жамиятда турли оғишларнинг ифодаланишига йўл қўймаслик;

- жамият аъзоларини бирлаштирувчи умумий мақсадларнинг (миллий ғоя, орзу ва интилишларни шаклланганлиги) ривожланиши учун замин яратиш;

- ижтимоий қатламларни мавжуд бўлишини таъминлаш;

- жамиятда ўз - ўзини бошқариш институтлари фаолиятининг самарадорлигини таъминлаш;

- жамиятда “Биз – Ўзбекистонлик” сиймосини ривожлантириш.

Хавфсизлик ўз навбатида халқаро ва миллий хавфсизликка бўлиниб, халқаро хавфсизлик - глобал ва минтақавий хавфсизликни, милий хавфсизлик эса, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини ўз ичига қамраб олади.

Хавфсизликни таъминлаш Ўзбекистон Республикасининг янада ривожланиши, демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини қуришнинг асосий шартларидан ҳисобланиб, уни турли жабҳаларини аниқ илмий услублар асосида ўрганиб (реал хавф ва таҳдидларни аниқлаб, уларнинг объектга нисбатан таъсир ўтказиш даражасини фоиз, иқтисодий кўрсаткич ёки балл ҳисобида белгилаб) аниқ баҳо беришдан иборатдир. Хавфсизликнинг фалсафий, социологик, психологик, сиёсий, иқтисодий, тиббий, ҳуқуқий, ҳарбий ва техник жиҳатлари мавжудлигини инобатга олиб, унинг соҳалараро тадқиқот объекти эканлигини таъкидлаб ўтиш мумкин.

Шу сабабли уни илмий ўрганиш давомида қўлланиладиган услублар чегараланмаган бўлиб, фақатгина танланган тадқиқот услублари мантиқий жиҳатдан кенг қамровли маълумотларни жамлаш, тадқиқотчи учун қўлланиш нуқтаи назари асосида қулай, тадқиқот объектининг характерига мос тушиши, таҳлил давомида муаммолар туғдирмайдиган, “ўзаро тўлдирувчанлик”, яъни биринчи услуб ёрдамида олинган маълумотни, иккинчи услуб орқали олинган маълумот тўлдира олиши каби вазифаларни бажариши лозим.

Хавфсизликни таъминлашнинг турли жиҳатлари мавжуд бўлиб, хавфсизликни ташкил этиш концепцияси нуқтаи назари бўйича асосийлари сифатида: методологик, иқтисодий, ҳуқуқий, ҳарбий ва техник жиҳатларини кўрсатиб ўтиш мумкин. Хавфсизликни ушбу тарзда таҳлил этиш, уларни тавсифлашга ҳамда айри ҳолда баҳолашга имкон яратади. Хавфсизликни хавф-хатарларнинг йўналтирилганлиги асосида таснифлаш мумкин, бу ўз навбатида:

- биринчидан, хавфсизликни шахс, жамият ва давлат даражаларида таъминлаш бобида яратиладиган чора-тадбирларнинг мазмунини амалийлик жиҳатидан белгилаб, уни таъминлашда ҳамкорлик тизими фаолияти самарадорлигини оширади;

- иккинчидан, хавфсизликни таъминлаш бобида “Шахс Жамият Давлат” муносабатларини Миллий хавфсизликнинг асосий таркибий қисмлари сифатида кўриб чиқишни таъминлайди.

Жамиятда глобаллашув жараёнининг фаоллашуви сиёсий ва психологик асосда таҳлил этилганда, унинг негизида аниқ бир сиёсатнинг ғоялари ифодаланганлигини англаб олиш мумкин. Бунда муҳим омил сифатида манфаат гавдаланиб, мақсадга эришиш учун турли усул ва воситалардан фойдаланилади. Уларни барча хусусиятларини инобатга олган ҳолда психологик таъсир кўрсатиш деб белгиласак мақсадга мувофиқдир.

Психологик таъсир кўрсатиш ўзининг иқтисодий жиҳатдан арзонлиги, турли соҳаларни қамраб олиши, таъсир доирасининг кенглиги каби жиҳатлари билан фарқланади.

Бунда “Мовий экран”, “Ҳамроҳлик”, “Боғлаб қўйиш”, “Ўзлаштириш”, “Инфотеймент” каби медиа-эффектлардан фойдаланишни инобатга олсак, уларнинг таъсир кучи ҳам юқори бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Психологик таъсир кўрсатиш ўзининг эволюцион босқичларига эга бўлиб, турли замонларда, ҳар хил кўриниш ва воситалар орқали амалга оширилган. Жумладан, қадимда маданият вакиллари бўйинларида бўрининг тиши (қўрқмаслик белгиси сифатида), шаманлардан олган «балогардон»лар (туморлар), жангга киришдан олдин ҳар хил маросимларни (рақсга тушиш ёки бирон бир ҳайвоннинг кўринишига кириш) бажариб, зимдан рақибларига таьсир кўрсатган. Мазкур таъсир кўрсатишнинг шакл ва воситалари индивидуал ҳамда гуруҳий тарзда ўтказилиб, турли элементлар асосида мураккаблаштирилган, бир неча босқичларда ўтказилиб ҳаттоки қабила доирасида ҳам “сир” сақланган. Бу маросимларни амалга ошириш фақатгина “танланган”ларнинг зиммасида бўлган. Кейинчалик жамият тараққиёти билан бирга, бу жараён ривожланиб, унинг кўриниши ўзгариб, маданий тус олган ва вазифалар кўлами ҳам кенгая борган. Фақатгина асл мақсад, яъни турли даражаларда таъсир кўрсатиш сақланиб, уни кўринишлари ўзгарган.

Баъзи бир мутахассислар бунда парапсихологик назар асосида “таъсир кўрсатиш” даражаларини (бевосита) кўрсатиб ўтганлар. Аммо қўрилаётган масала фақатгина “субъект-субъект” даражасида муҳокама этишни тақозо этади.

Психологик таъсир кўрсатиш ўз тарихига эга бўлиб, Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам ўзига хос тарзда ривожланиб, унинг айрим жиҳатлари халқ ижодиёти намуналарида сақланиб қолганлигини кузатиш мумкин.

Психологик таъсир кўрсатишнинг илк намуналари сифатида турли тарихий манбаларнинг сиёсий психологик таҳлили асосида қуйидагиларни кўрсатиб ўтиш мумкин: миш-мишлар тарқатиш; ғийбат тўқиш; иғво уюштириш; туҳмат қилиш ва бошқалар. Улардан фақатгина шахсий ҳимояни амалга ошириш ва рақибга (ёвуз куч) таъсир кўрсатиш мақсадида фойдаланилганлигини инобатга олиб, илоҳийлаштирилганлиги, вазифалар кўламининг анча чегараланганлиги, психологик таъсир кўрсатиш ривожланишининг биринчи даври эканлиги десак хато қилмаган бўламиз.

Чунки тарихий тараққиёт давомида психологик таъсир кўрсатиш характери ўзгариб, унинг таъсир доираси билан бирга йўналтирилганлиги ҳам кенгайган ва натижада улардан аниқ бир мақсад сари фойдаланиш учун шароит вужудга келган бўлиши мумкин.

Бунга ҳудудларнинг бўлиниши, ер усти ресурсларини ўзлаштирилиши (тақсимланиши) ва чегараларнинг пайдо бўлиши асосий сабаб бўлганлиги эҳтимолдан холи эмас.

Эндиликда улар ёрдамида нафақат шахсий мақсадда ёвузликга қарши курашишда, балки партияларнинг фаолиятида, сиёсий етакчиларнинг имиджи учун, бошқарувни самарали амалга оширишда замин яратиш мақсадида ҳам фойдаланиб келинмоқда.

Психологик таъсир кўрсатиш қатор қулайликларга эга бўлиб, қўллаш усул ҳамда воситаларининг рангбаранглиги, арзонлиги кабиларни кўрсатиб, улардан ижтимоий ва иқтисодий муносабатларга ижобий тус бериш мақсадларида ҳам фойдаланилмоқда. Шу тариқа, уларни қўллашга доир хилма-хил қарашлар ва ёндашувлар вужудга келган бўлиб, тарихий, ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий шарт-шароитлар таъсирлари асосида ривожланган. Бугун психологик, ахборот-психологик кураш каби тушунчалар кўп қўлланилиб келинмоқда, шу ўринда таъкидлаш керакки, психологик кураш ўз таркибида, ахборот, маданий, сиёсий, иқтисодий жиҳатларни қамраб олади.

Ҳар қандай мамлакат тинчлик ва барқарорликни таьминлашни ўз сиёсатининг устувор йўналиши деб белгилаб, уни амалга ошириш учун мавжуд салоҳиятлардан мақсадли фойдаланди. Бунда психологик таъсир кўрсатишдан ҳам фойдаланиши эҳтимолдан холи эмас. Психологик таъсир кўрсатиш ўз илмий концепциясига эга бўлиб, бунда “Шахс ва ижтимоий муносабатлар назарияси”, “Таҳдидларни аниқлаш ва жавоб қайтариш” каби таълимотларга таянилади. Психологик таъсир кўрсатишни амалга оширишда минтақавий, этномаданий, диний, сиёсий ва иқтисодий омиллардан фойдаланишни таъкидлаш мумкин.

Иззат Отажон

журналист- сиёсатшунос