Андижон 24

ЖАЛОЛИДДИН МАНГУБЕРДИ ВОРИСЛАРИ ҚЎШИҚ КУЙЛАШДИ


25.06.2019   4270

ИЗБОСКАН (Аuz.uz). Беш ташаббус ижроси доирасида ўтказилаётган “Беш ташаббус билан келажак сари” шиори остидаги фестиваль Тўрткўл қишлоғидаги Ўзбекистон Бадиий академиясига қарашли Андижон ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатидан бошланди. Бу ҳақда Аuz.uz сайти мухбирлари хабар бермоқда.

Тарғибот гуруҳ аъзолари дастлаб мактаб фаолияти, ўқувчилар ижоди билан танишдилар, муассасада ташкил этилган музейда кўргазмаларни кўздан кечирдилар.

Мактаб-интернати директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Музаффар Собировнинг айтишича, ушбу билим даргох битирувчилари Дилфуза Матбобоева ва Ойгул Тожиддиновалар турли йилларда Зулфия номидаги Давлат мукофотини қўлга киритишган.

Фестиваль Пойтуғ шаҳридаги “Баркамол авлод” болалар ижодиёти марказида вилоятимизнинг кўзга кўринган шоир-ёзувчилари, Зулфия номидаги ва “Мард ўғлон” Давлат мукофоти совриндорлари, спортчи ва санъаткорлар иштирокида учрашув билан давом этди.

Хонандалар Ихлосбек Жўраев, Ойбек Позилжонов, Сайидодилхон Абдушукуров ва “Жалолиддин Мангуберди ворислари” ватанпарварлик ҳарбий-спорт маркази Избоскан филиали курсантлари томонидан ижро этилган Ватанга муҳаббат, садоқатни тараннум этувчи қўшиқлар даврага ўзгача файз бағишлади.