Андижон 24

Жалақудуқ тумани янгиликлари: ЯНА БИР ТЕКСТИЛЬ КОРХОНАСИ ИШ БОШЛАДИ


06.05.2020   1777

Бугун туман ҳокими Фурқатбек Бузруков бошчилигида сектор раҳбарлари Ойим қишлоғининг Кўкалам маҳалла фуқаролар йиғинида бунёд этилган "АНД БИЛЛУР ТЕКС" масъулияти чекланган жамиятининг очилиш маросимида қатнашдилар.

Жорий йилнинг 2020 йил 19 февраль куни Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Ёрқишлоқ қишлоғида жалақудуқлик хотин-қизлар билан учрашган эди. Учрашувда туманнинг Ойим қишлоғида шу йилнинг июнь ойига қадар қўшимча 300 ўринли янги текстиль корхонасининг ишга туширилиши бўйича таклифий лойиҳалар кўрилиб, вазифалар белгиланди.

Ўшандан бери уч ойдан ортиқроқ вақт ўтди. Қисқа муддат ичида янги қурилган ва барча қулайликларга эга мазкур корхонанинг фаолият бошлаши катта тантаналарга сабаб бўлди.

-Ҳозирда бандлиги таъминланмаган ойимлик опа-сингилларимиздан 150 нафар муқим иш жойига эга бўлди, - деди жамият раҳбари Зиёйиддин Хушназаров. - Шу йилнинг июнь ойи охирида қўшимча дастгоҳлар олиб келиниши ҳисобига яна 200 та янги иш ўрни яратилади. Коронавирус пандемиясига қарши карантин пайтида ҳам бизга зарур шарт-шароитларни яратиб бераётган Юртбошимиз ва вилоят ҳокимлигига миннатдорлик билдирамиз.

МУҲТОЖ ОИЛАЛАР ҲОЛИДАН ХАБАР ОЛИНДИ

Карантин шароитида мамлакатимизда "Саховат ва кўмак" умумхалқ ҳаракати амалга оширилаётгани барчамизга маълум. Туманимизда ҳаракат доирасида дастлабки акция ўтказилди.

Бунинг учун, аввало, тумандаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, якка-ёлғиз ва ногирон фуқаролар рўйхати шакллантирилди. Шу куннинг ўзида 20 та махсус автомобиллардан иборат мурувват карвонитўртта сектор ҳудудига етиб борди. 15 кунга етарли 10 турдан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотлари махсус идишларда ўз эгаларига тарқатилди.

Ўзбек халқи азалдан инсонпарвар, хайрли, саховатли бўлган. Оғир кунларда бир-бирини тушуниш ва ёрдам бериш, бир-бирига елкадош бўлиш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Ишонч билан айтишимиз мумкинки, бу синовли кунлар халқимизни янада жисплаштирди, меҳр-оқибатни кучайтирди. "Саховат ва кўмак" тадбирларида тумандаги ташкилот,корхона ва муассасалар, саховатли юртдошларимиз фаол иштирок этмоқдалар. Ишонамизки, Рамазон кунларида қилинган хайру эҳсонлар, саховатпешаларнинг яхшиликларидан халқимиз миннатдор бўлади, албатта.

ҚАТОРТОЛЛИК ФЕРМЕРЛАР БИЛАН УЧРАШУВ

Туман ҳокими Фурқатбек Бузруков бошчилигида сектор раҳбарлари Қатортол массивидаги фермерлар билан учрашиб, бугунги кунда қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ишлар билан танишдилар. Унда пахта-ғалла йўналишига ихтисослашган фермер хўжаликлари раҳбарлари, шу соҳада узоқ йиллар меҳнат қилиб, тажриба орттирган фахрийлар иштирокида тузилган ишчи гуруҳи ҳамда бир қатор мутасаддилар қатнашишди.

Ишчи гуруҳи томонидан қатортоллик фермерларнинг пахта-ғаллачиликда бугунги кунга қадар амалга оширган ишлари, эришган ютуқлари ва камчиликлари айтиб ўтилди. Учрашувда қатнашаётган ер эгаларига ғўза қатор ораларига дастлабки ишлов бериб, биринчи ўғитлантиришга тайёрлаш кераклиги уқтирилди. Йиғилиш давомида аниқланган муаммолар эътиборга олиниб, мутахасисларга ўз вақтида бартараф этиш бўйича вазифалар белгиланди.

Туман ҳокимлиги матбуот хизмати.