Андижон 24

ЖАЛАҚУДУҚ ТУМАНИ ҲОКИМИ ФУРҚАТБЕК БУЗРУКОВНИНГ ТУМАН АҲОЛИСИГА МУРОЖААТИ


27.03.2020   3659

Азиз юртдошлар!

Инсоният тамаддуни тараққиёти мобайнида бир қанча урушларни, қирғинларни, мудхиш касаллигу табиий офатларни бошидан кечирди. Йигирма биринчи аср бошида эса дунё кутилмаганда улкан хатарга дуч келди, бу ҳам бўлса, бутун жаҳон ҳамжамиятини, бахтли ҳаёт, тинч ва осуда турмуш нашу намосини сураётган одамларни ўйлантириб, қаттиқ ташвишга туширган офат - Хитойнинг Ухань шаҳридан бошланган Коронавирус пандемияси юзлаб мамлакатларга кириб келди. Бу вирус, афсуски, бизнинг жонажон Ўзбекистонимизни ҳам четлаб ўтмади.

Давлатимиз раҳбари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ўта ташвишланарли вазиятдан келиб чиқиб, кетма-кет шошилинч равишда тезкор йиғилишларини ўтказди. Тегишли комиссиялар тузилиб, 2020 йил 23 март куни “Ўзбекистонда Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳукумат қарори қабул қилинди.

Ушбу қарорга мувофиқ, Ўзбекистон ҳудудида 2020 йил 24 март куни соат

00.01 дан коронавирус тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб жорий этилди. Президент топшириғига асосан Коронавирус инфекциясини тезроқ бартараф қилиш, карантин даврида фуқаролар хавфсизлигини ва санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш мақсадида бизнинг Жалақудуқ туманида ҳам алоҳида штаб ташкил этилиб, 24 соатлик иш режими йўлга қўйилди.

Бугунги кунга қадар туманимизда короновирусга чалинганлик ҳолатлари кузатилмади. Белгиланган тартибда четдан кириб келган фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Карантинга олинган фуқароларга барча шароитлар яратилиб, доимий тарзда шифокорлар томонидан кеча-ю кундуз қатъий назорат олиб борилмоқда.

Дунёни хатарга солаётган Коронавирусга қарши курашни кучайтириш мақсадида, бу жараёнда туманимизнинг етти ёшидан етмиш ёшигача бўлган фуқароларимизнинг ҳушёр ҳамда зийрак бўлишга даъват этган ҳолда,

СИЗЛАРГА МУРОЖААТ ҚИЛАМАН:

ҚАДРЛИ ОТАХОНЛАР, ОНАХОНЛАР!

Сизлар ҳаётингизда кўпни кўрган, бошингиздан оғир синовларни ўтказган инсонлар сифатида бу мудҳиш касалликнинг оқибатини яхши тушуниб турибсиз, уй-жойларингизда, оила давраларида катта-кичик фарзандларингизга ҳам бугуннинг дорлзарб ва ўта масъулиятли вазифалари аҳамиятини тушунтиринг! Зарурат бўлмаганда ташқарига, кўчаларга чиқмаслик чораларини кўринг.

УМРИ АЗИЗ, КЕЛАЖАГИ ПОРЛИҚ ЎҒИЛ-ҚИЗЛАРИМ, АЗИЗ БОЛАЖОНЛАРИМ!

Ниқобсиз юрманг, зарур иш ва юмушингиз бўлмаса, ташқарига чиқиб, хатарга йўлиқманг. Ўзингизни ва бошқа яқинларингиз ҳаётини ташвишга қўйманг. Тартиб ва интизомга бўйсунинг. Касаллик чекиниши учун ҳар томонлама курашинг!

Туманга кирувчи ва чиқувчи йўллар беркитилди, бундан мақсад, фуқаролар ҳаётини вирусдан ҳимоя қилишдир. Фуқароларимизнинг бир бирларига қадрдонлиги, яқинлиги албатта, ўрганиб, одатга айланган қучоқ очиб сўрашиш, бағрига босиш билан белгиланмайди! Масофа сақланг,мулоқотда эҳтиёт бўлинг. Вирусни юқдириб олиш оқибатини англаб етанг!

МЕҲРИБОН ОПА-СИНГИЛЛАР! ОИЛА БЕКАЛАРИ!

Курашчанлигингиз ва иродангиз билан бошқаларга ибрат кўрсатинг, сабрли ва қаноатли бўлинг! Хонадонларингиз саришталиги, покизалиги бугун ҳар қачонгидан зарур! Ўзингизни ва фарзандларингиз эртасини ўйланг, уларни ҳимоясига отланинг!

Мен барча туман аҳлини белгиланган карантин қонун-қоидаларига қатьий амал қилишлари, айниқса, қарияларимизни, ногирон ва ҳаста ҳол кишаларни, ёшларни доимий уйда бўлишлари, асоссиз равишда уйдан кўчага чиқмасликлари, таътилда бўлган азиз фарзандларимизнинг тарбиясига, уларнинг шахсий гигиена қоидаларига қаътий амал қилишга чақираман. Коронавирус балосидан эҳтиёт бўлиш ҳар биримизнинг асосий вазифамиз эканлигини утунмайлик!

Туманимизда озиқ-овқат ва бошқа кундалик истеъмол маҳсулотларининг нархи ошиб кетмаслиги учун шахсан ўзим бошчилигимда, барча чоралар кўрилмоқда. Давлат хизматлари, солиқ инспекцияси, прокуратура, Ички ишлар бўлими, кенг жамоатчилик ва фаоллар оёққа туришган, туманимиз фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш, саломатликларини ҳимоя қилиш, аҳолининг озиқ-овқатдан узилишига йўл қўймаслик, қийин маиший турмуш шароитлари бўйича бутун чоралар кўрилмоқда. Ушбу мураккаб жараёнлар алоҳида назорат остида эканлигини маълум қиламан. Шу билан бирга халқимизни туманда озиқ-овқат захиралари етарли даражада мавжудлиги ва ушбу масалада бирон бир муаммо келиб чиқишига йўл қўйилмайди деб сизларни ишонтираман! Ортиқча ҳавотирга берилманг ва ташвишга тушиб, руҳингизни чўктирманг!

Карантин вақтида мавжуд қоидалирини бузганлик учун жавобгарликни кучайтиритшга оид қарорга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддаси қайта таҳрирланди.

Энди карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиш ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида шахсий ҳимоя воситаси (ниқобсиз) юрган фуқароларга - базавий ҳисобланган маошнинг беш баробаригача (яъни 1 млн 115 минг сўм) миқдорда жарима солишга ва 10 йилгача қамоқ жазоси қўлланилиши мумкинлигини эслатиб ўтаман.

Ҳурматли фуқаролар!

Ҳар бирингизнинг ҳаётингиз, соғлигингиз учун шахсан Президентимиз, хукуматимиз алоҳида ғамхўрликлар кўрсатмоқда,шу билан бирга мен туманда ушбу кўрилган чоралар, албатта аҳолимизнинг саломатлиги ва осойишталигини таминлаш мақсадида олиб борилаётганлигини таъкидлаш билан яна сизларни бир бор амалдаги қонун-қоидаларга, тартибларга қатъий бўйсинишга чақираман!

Оғир синовларни ва машаққатли кунларни бошидан кечирган халқимиз вазиятга тўғри баҳо бериб, уларни мардонавор енгиб ўтишига ишонаман.

Сабрли ва қаноатли бўлайлик!