ЖАМИЯТ

ЖАҲОН СТАНДАРТЛАРИГА МОС БОЖХОНА


26.06.2020   1375

Ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорларнинг ҳалқаро бозорга эркин чиқишлари учун бугун божхона маъмурчилигини ислоҳ этиш уларга яна бир катта имкониятдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 июнь кунги “Божхона маъмурчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони мамлакатимиз божхона тизимини жаҳон стандартлари асосида фаолият олиб боришининг муҳим асосига айланди.

Ушбу фармон билан “рақамли божхона” тушунчаси шаклланади.

Рақамли иқтисодиёт доирасида замонавий ва илғор ахборот-коммуникация технолигияларини божхона соҳасига жорий этиш орқали божхона органи фаолияти шаффофлиги ва самарадорлиги таъминланади.

Бир сўз билан айтганда, ортиқча сарсон-саргардонлик барҳам топиб, тадбиркорнинг узоғи яқин бўлади.

Фармон билан жорий йилнинг 1 сентябрдан “Ягона дарча” божхона ахборот тизими чегара божхона постларининг ўзида фаолият юритади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг хавфларни бошқариш тизимини автомобиль чегара божхона постларида жорий этилиши эса чегара божхона постлари орқали олиб ўтилаётган товар ва транспорт воситаларини “ялпи” божхона назоратидан ўтказиш тартибини бекор қилиб, танлов асосида назоратни амалга ошириш тушунчасини шакллантирди. Бу мамлакат қонунларини хурмат қилган, ўз ҳақ-ҳуқуқларини таниш билан бир қаторда бурчини унутмаган тадбиркорга божхонанинг “яшил” йўлаклари доимо очиқ эканлигини билдиради.

З.Хусанов,

божхона хизмати майори