ЖАМИЯТ

«ЗАТО»ДАН ВОЗ КЕЧИШ ВАҚТИ КЕЛДИ


29.04.2020   6751

Буюк бобокалонимиз Абдурауф Фитрат “Иштирокиюн” рўзномасининг 1919 йил 12 июнь сонида тилимизни бой аммо бахтсиз эканлигини куюниб гапирган эди.

Нега давлат тили ягона бўлмаслиги керак? Тил бу давлат рамзларидан бири-ку. Байроғимиз ягона, гербимиз ягона, мадҳиямиз ягона. Демак, тилимиз ҳам ягона бўлмоғи шарт!

Президентимиз ташаббуслари билан 21 октябрь – Ўзбек тили байрами, дея эълон қилинди. Эндиликда бу кунни умумхалқ байрами сифатида нишонлаймиз. Мазкур қарор тилимизнинг мақоми, мартабасини оширди. Унинг эъзозини, мавқеини кўтарди.

Шу ўринда Адлия вазирлиги томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилиши кўзда тутилган ўзгаришга кўра, давлат ташкилотида иш юритишдавлат тилида олиб борилади. Ушбу талабга риоя этмаган давлат ташкилоти мансабдор шахсига жарима солиниши белгиланган. Бу масала юзасидан ижтимоий тармоқларда турли фикрлар билдирмоқда. Менимча эса мазкур қонун адолатли ва у ўз ўрнида жорий этилмоқда. Нафақатдавлат ташкилотлари, балки юртимизда фаолият олиб бораётган барча ташкилотлар давлат тилида иш юритишлари шарт.

Ёш ижодкор сифатида тилимизга бўлган ҳурматни бажо келтириш виждоним олдидаги бурчим деб биламан. Мамлакатимизда она тилимиз равнақига берилаётган эътибор миллий тикланишдан миллий юксалиш сари илдам бораётганимизни тасдиқлайди. Бебаҳо қадриятларимизни ўзида жо этган тилимиз – ўзбек тилининг бахти учун ҳар биримиз масъулиятни сезишимиз ва зиммамизга олишимиз керак.

Она тилимизга инглиз ва рус сўзларини аралаштириб гапирадиган танишларим йўқ эмас. На она тилида, на ўзга тилда мукаммал нутқ ирод қила оладиган бундайлар гўёки ўзларини “замонавий” эканликларини кўрсатмоқчидек. Тилимизнинг бахтсизлиги ўзимиздан эмасми? Аслида жамоат жойларида она тилимизни бузиб гапириш уят бўлиши керак. Тилга ҳурматни одоб қоидаси сифатида сингдириш лозим. Қачонгача бекатни “астановка”, озиқ-овқат маҳсулотларини “продукта” деймиз. Аллақачон “зато”, “толка” каби ажнабий иборалардан воз кечишимиз керак.

Камола АБДУВАЛИЕВА,

“Миллий тикланиш” партияси

вилоят Кенгаши матбуот котиби.