Андижон 24

Замонамиз қаҳрамони: ХАТАР БИЛАН ЮЗМА-ЮЗ ЁХУД ЖУРНАЛИСТ БЎЛОЛМАГАН ҲАМШИРА ҲАҚИДА БИЛГАНЛАРИМИЗ


16.08.2020   770

Муқаддима

Ўзбекистон Республикаси Президентининг2020 йил 23 июлдаги “Коронавирус пандемиясига қарши курашишда фидойиликкўрсатган юртдошларимиздан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармони эълон қилингач, “Андижондан кимларга берилди экан”, дея қизиқиш билан танишиб чиқдим.

Ундаги манави жумлалар мени ўта ҳайратлантирмагани бор гап. Ўқинг: “Коронавирус пандемияси туфайли юзага келган мураккаб ва синовли кунларда ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўйиб, мавжуд хатарларга қарши курашиш, инфекция кенг тарқалишининг олдини олиш, юртимизда санитар-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси, ўзининг матонати, билим ва салоҳияти, профессионал маҳоратини намоён этиб, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, беморлар ҳаётини асраш, уларга юксак эътибор ва ғамхўрлик борасидаги алоҳида хизматлари, шунингдек, ўз бурчи ва қасамёдига содиқ қолиб, зиммасига юкланган вазифаларни бажариш йўлидаги улкан жасорати ва фидойилиги учун...”Нега ҳайратланмадингиз,дейсизми?Негаки, улар, яъни мукофотланганлар айнан шундай, янада юксак мақтовларга сазовор эдилар-да! Ё нотўғрими? Менимча, фикримга қўшиласиз...

Фармонга кўра, мукофотланганлар орасида андижонликтиббиёт ходимларининг борлиги фахрлидир. Улардан Андижон вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг реанимация бўлими ҳамшираси Файзилатхон Мирзаевага II даражали “Саломатлик” ордени берилибди. Шу муассаса шифокорлари ҳали ўзлари билмаган, нотаниш аллақандай тождор вирус билан вилоятда биринчилардан бўлиб юзма-юз келганларини алоҳида эътироф этишни хоҳлардим.

Тарихдан маълумки, фашистлар Германиясининг собиқ СССРга ҳужуми кутилмаганда содир этилган. Душман билан илк бор савашган аскарларнинг кўпи, деярли ҳаммаси ҳалок бўлишганини биламиз. Чунки, улар ёвнинг неларга қодирлигини, қандай аслаҳаларга эгалиги ва ҳоказоларни билишмаган. Еру осмондан бўлган шиддатли ҳужум эсанкиратиб қўйганлиги ҳам сир эмас. Пандемия ҳолатида ўзбек шифокорларини ўша аскарлар ўрнига қўйсак, ҳаққимиз кетмайди. Энди тасаввур қилиб кўринг:тождор вирус бирданига ва кутилмаганда “ҳужум” қилди! Кечагина бошқа давлатларда кечаётган вазиятларни теле-радио ва интернет орқали кузатаётган халқимиз (улар ичида сизу биз ҳам бор) унинг Ватанимизга “ташрифи”ни, тўғриси, кутмаган эди. “Бошга тушганни кўз кўради”, деганлари бор гап. Тиббиёт ходимлари бизга эҳтиёт бўлишни тавсия этгани ҳолда, ўзлари “душман” билан жангга киришдилар. Ўша, олис 41-йилдаги каби – ҳали ёвнинг неларга қодирлигини билмасдан – дадиллик ва жасурлик ила вируснинг илк ҳужумларига ўз кўкси, бутун таналарини рўбарў қилдилар. Керак бўлса, кимдир Александр Матросов ва Тўйчи Эрйигитов жасоратини такрорлади ҳам...

“Ёрдам беринглар, жон болаларим...”

...Избосканнинг Тўрткўл қишлоғида туғилиб ўсган Файзилатхон Мирзаева Андижон тиббиёт коллежини битириб,туман марказий шифохонасида иш бошлаган, кейинчаликюқумли касалликлар йўналишида меҳнат қилганида, “коронавирус”, деган ёв билан юзма-юз курашаман, деб ўйлабди, дейсизми?Тўғри, ўз фаолияти мобайнида бир неча турдаги юқумли хасталикларга чалинган беморлар дардига малҳам қўёлди. Лекин, бу сафар...

Келинг, Файзилатхон билан “imo” алоқа йўналишида қилган суҳбатимиздан бир шингилини биргаликда ўқийлик.

-Илк бор коронавирусга чалинган одам билан учрашганда, нималарни хаёлингиздан ўтказдингиз? Қўрққандирсиз?..

-Очиғи, қўрқмадим, иккиланмадим. Чунки, бу, менинг вазифам, бурчим, деган ўй ўтди. Билмадим, қандайдир хавотир бўлгандир. Аммо, барибир, биринчи жангга кирган аскардек бир оз карахтлик бор эди. Менимча, ҳаммада шундай бўлди. Ахир, ўзимиз билмаган, танимаган касаллик билан илк бор юзма-юз бўлаётган эдик-да. Бу, тезда йўқолди ва биз ишимизни давом эттирдик...

-Беморнинг ҳолатини тасвирлаб бероласизми?

-Тўғриси, коронавирусга чалинган биринчи беморни бизлар кўрдик. Биласизми, жуда тушкун аҳволда эдилар... Инжиқ, гап, сўз тушунтириб бўлмасди... Тасаввур қилинг-а: шундай ҳолатда уларнинг дардига малҳам қўйиш нақадар мушкул кечарди. Шунда жаҳон тиббиётининг отаси Абу Али ибн Сино бобомизнинг “Биз уч томонмиз: бемор, мен (табиб) ва касаллик. Бемор қайси томонда бўлса, ўша ютади”, деганлари ёдимга тушди. Барча дори-дармонлар, шароитларетарли бўлсаю, қўлимиздан ҳеч нарса келмаса... Негаки, уларни биз томонга ўтказиш анча қийин бўлди-да... Кейин эса... ҳаммаси изга тушиб кетди...

-Беморлар кўпроқ нималар ҳақда гапиришарди?

-Ҳар хил. Бирлари “яшаб кетаманми”, деб сўраса, бошқаси “тузалиб кетаман-а”, дейди. Иккинчиси тез тузалганини кўрдик, биринчисида ҳам шу каби ишончни уйғотишга уриндик. Соғайишга ишончи кўп бўлганлар тезда оёққа туришди. Тўғри, бу ерда иммунитетнинг кучли-кучсизлиги ҳам роль ўйнайди. Лекин, кишида яшашга, тузалишга умид бўлса, жараён осонроқ кечаркан...

-Бирортаси кўз ўнгингизда...

- Биласиз, реанимация бўлимида оғир беморлар даволанишади...

...Ҳозир ҳам кўз олдимда турибди. Кекса бемор аёл кўкраги қисиб, ҳаво етмаганидан “ёрдам беринглар, жон болаларим”, дея зорланарди. Бўлмаса, кислородли ҳаво аппаратига уланган эди...

-...тузалиб кетдими?

-Афсуски, кўз ўнгимизда жон берди. Унинг сўнгги сўзлари шу бўлди: “Болаларимни кўришим керак. Бир кўрай, рухсат беринглар...”

-Унинг илтимосини бажара олдингларми?

-Йўқ. Чунки, бу, мумкин эмасди, қатъий ман қилинган эди...

“Ярим кечадаям орден беришарканми?..”

Президентимизнинг коронавирус пандемиясига қарши курашда жонбозлик кўрсатган бир гуруҳ тиббиёт ходимларига давлат мукофотлари бериш тўғрисидаги Фармони эълон қилинган 23 июль куни тунги соат 24 ларга яқинкоридор бирданига тўс-тўполон бўлиб кетди.Файзилатхон ҳамхоналари билан навбатдаги иш соатидан сўнг дам олишга тараддуд кўришаётган эди. Шу пайт бирдан хона эшиги очилди-да, фаррош қиз Ферузанинг боши кўринди.

-Файзилат опа, сизга орден беришибди...

Бу хушхабар ҳозиргина жовур-жувурга тўлган хонани бирданига сукунатга чўмдирди. Тўрт аёл бараварига уни саволга тутди:

-Қанақа орден, кимга, нега?..

-Файзилат опамга, дедим-ку...

Энди барчанинг нигоҳи Файзилатга қаратилди. Бу сафар уч қизнинг қийқириғи хонани тутди.

-Вуй, ўртоқ, табриклаймиз...

-Опам энди ош қилиб бераркан-да...

-Ош емагандай гапирасан-а, қўй сўяди, катта зиёфат беради, дегин...

Файзилатхоннинг эса тилида биргина калима айланарди:

-Нега, нима учун?..

Ҳамхоналаридан Соҳиба Мамарасулова уни қучоқларкан, деди:

-Нега бўларди, яхши ишлаганингизга-да, опа! Сизга нима бўляпти ўзи?

Унинг эса вужуди титрарди. Бу, албатта, қувончдан бўлса керак-да!

-Вой, ярим кечадаям орден беришарканми?

Унинг лафзидан бехосдан кўчган бу жумлалар ҳамманинг қаҳқаҳасига сабаб бўлди. Ахир, айни шароитда фармонга кундузи имзо қўйилгани, матбуотда эълон қилиниб, кимлардир ўқигунгача бўлган муддатнинг аҳамияти бормиди!

-Ҳа, беришаркан, устоз, беришаркан, - деди кулиб шогирди Шаҳноза Эркабоева. –Чин дилдан табриклайман. Муборак бўлсин!

Бошқалар ҳам қутлаётган лаҳзаларда Файзилатхоннингбутун умри гўё кино лентасидек кўз ўнгидан ўтди.

...У зиёли оила фарзанди. Дадаси Неъматжон ака агроном, онаси Улфатхон ая эса ҳисобчи эди. Улар ҳамма фарзандларини ҳалол меҳнат, пешона тери билан боқишди. Файзилат еттифарзанднингбешинчиси сифатида сал эркароқ ўсди. 7 ноябрда туғилгани учунми, ҳамма уни Майрамхон ҳам дерди (ахир, у пайтларда шу кун собиқ СССР халқларининг катта байрами эди-да!). Мактабда аъло баҳоларга ўқиди. Ҳатто олтин медалга битирди.

У журналист бўлишни жуда-жуда орзу қиларди. Туман газетасига мақолалар ҳам ёзиб турди. Лекин, тақдири бошқа томонда экан. Ҳамшира бўлиб етишди. Аслида, бу ҳақда ўйламаган ҳам эди.

Балки, бошқа кимдир журналистлар билан суҳбатлашганда, “болалигимдан ҳамшира бўлишни, оппоқ халат кийиб юришни орзу қилардим”, дейиши ҳам мумкин эди, тўғрими? Йўқ, у ундай демади. Ҳамшираликка кейин меҳр қўйганини айтди. Ҳозир эса беморлар дардига малҳам қўя оладиган касбни эгаллаганидан мамнунлигини ҳам билдирди.Мана, қарийб 35 йилдан буён уни эъзозлаб келади...

-Демак, мендан яхши журналист чиқмаслигини Оллоҳ билгандир-да, - дейди у кулиб. – Бугун эса ёмон ҳамшира бўлмаганимдан ўзим хурсандман...

Файзилатхон бир инсон эришиши мумкин бўлган бахтларга етди. Ҳалол ризқ берадиган касби, севимли жамоаси, ёр-дўстлари, оиласи, бир қиз, бир ўғли бор. Икки набиранинг севимли бувижонига айланди. Ҳозир дадаси Неъматжон акатабаррук 86 ёшга кирди. Ҳар сўзи яхши тилагу дуоларида эл-юртга омонлик сўрашдан иборат бўлиб қолди. Фақат онасининг эрта қазо қилганидан ўкинади, холос...

...У ўзига келганида эса, қўшни хонадаги ҳамширалару шифокорлар ҳам уни юксак давлат мукофоти билан табриклашаётган эдилар...

“Тўғрироғи, орзу қилардим...”

Келинг, яна “imo”даги суҳбатга қайтамиз.

-Ўшанда нималарни ҳис қилдингиз? Ахир, яқиндагина айнан тиббиёт аҳли учун таъсис этилган “Саломатлик” ордени ҳазилакам мукофот эмас...

-Буни-ку, ўйлаганим йўқ. Лекин анчагача вужудим титраганича туриб қолдим. Кейин қизлар гурунгни бошлашди. Улар “меҳнатингни билишибди, жуда тўғри берилибди, ўзимиз олгандек хурсандмиз,” дейишди. Тўғриси, ҳеч ким сохта мулозамат қилмади. Ўрнимда улардан бирортаси бўлиб қолганида, мен ҳам шундай холис ва самимий қутлаган бўлардим...

-Йиғладингизми? Бунақада қувонч кўз ёшлари қуйилади, дейишади-ку...

-Йўқ, йиғламадим. Фақат “нега, қайси ишларим учун”, деган ўйлар ўтди, холос.

Мен, биласизми, қачон йиғлаганман охирги марта? Ўша “болаларимни бир кўрай”, деб зорланган аёлни сақлаб қололмаган пайтимизда, ташқарига чиқиб, ўкраб-ўкраб йиғлаганман...

-Ахир, сиз каби шифо аҳли ҳозир миллат учун, Ватан учун, халқ учун ҳеч ким қилолмайдиган ишларни...

-Бу, сиз журналистларнинг гапи... Биз шунчаки вазифамизни бажаряпмиз, холос.

-Тўғри-ку-я...

-Ҳозир жуда бахтлиман. Арзимас меҳнатим инобатга олиниб, орденга муносиб кўрилганидан хурсандман. Бунақа мукофотларни кўпчилик кутилмаган, дейишади. Лекин, биласизми, мен кутган эдим, тўғрироғи, орзу қилардим. Орзуимга етдим...

Мукофотланганим хабарини эшитган тунда ҳеч қайсимиз ухламадик. Лекин эртасига яхши кайфият ва тетик руҳ билан, ҳам қувониб, ҳам масъулиятни ҳис этиб, ишга тушиб кетдик. Нафақат мен, ҳатто дугоналарим, ҳамкасбларимда ҳам ҳорғинлик, уйқудан қолганлик аломатлари йўқ эди...

“Ҳалол меҳнатда роҳат бўлади...”

Қаҳрамонимиз ўзига тарбия берган инсон, бувиси Комилахон аяни кўп эслайди. Унинг қуйидаги сўзларини ҳеч қачон унутмайди. Ҳаёти, фаолиятининг шиори сифатида билади.

-Болам, тўғриликда, ҳалол меҳнатда роҳат бўлади...

Бу жумлани балки юз, минг марта эшитган ва ўзи ҳам шу кунгача кўп такрорлагандир. Тақдирлангани хабарини эшитгач, бувисининг гапи нақадар тўғри эканини яна бир бор ҳис этди. Унга амал қилиб, кам бўлмаганининг ўзи катта мукофот эмасми?

...Ўша туннинг эртасига отаси Неъматжон акага қўнғироқ қилганида...

-Бутун қишлоқ аҳли эрталабдан бери мени табриклаяпти, - деди кўзда ёш билан овозлари титраб. – Файзилатхонга орден берилибди, деса, ишонмабман. Қутлуғ бўлсин! Раҳмат, қизим, кам бўлмагин...

Гўшакда овоз тинди. Чамаси, ота мижжаларидаги қувонч ёшларини артяпти чоғи. Бир оздан сўнг эса Неъматжон ака шундай деди:

-Сенга берган тарбияларим бесамар кетмабди. – Энди отанинг сўзларида қатъият, ишонч зоҳир эди. - Мана, сен оиламизда биринчи бўлиб орден олдинг. Энди бунинг масъулияти, юки ҳам бўлади. Шуни унутма...

“Неварамни қўлга олиб, эркалаганим йўқ...

...“imo”даги суҳбатдан:

-Менга юборган суратингиздаги комбинезонда қийналмадингизми?Радиактив ҳолатларда кийиладиган либосга ўхшаркан... У нафас томчилари тугул, ҳавони ҳам ўтказмаса керак...

- Карантиннинг боши баҳор ойларига тўғри келгани, ҳаво мўътадил бўлгани учун билинмаган эди. Кейинги навбатимиз ёзда, саратоннинг чилласида келди. Тўғриси, қийналдик, гоҳ кўзойнагимиз терлаб қолар, гоҳ комбинезон ҳаво ўтказмасди. Қийналганимиз, нафасимиз қисилгани бор гап. Ҳаво ўтмаганидан баданларимизга нималардир тошиб кетарди. Лекин ҳеч ким иш жойини ташлаб кетмади. Ҳамма тиббиётчилар – шифокорлар, ҳамширалару фаррошлар сидқидилдан, фидойилик билан ишлашди...

-Сиз ёки ҳамкасбларингиз ўшанда нималарни ҳис қилгансизлар?

-Мен ҳеч кимнинг тушкунликка тушганини сезмадим.Қўрққанлар ҳам бўлмади. Кимнингдир кўнглимиздан ўтган бўлиши мумкин. Доимо шахсий гигиенага амал қилишга уриндик...

-Менга касаллик юқдимикин ёки юқиб қолармикин, деган ҳадик бўлмадими?

-Тўғриси, иш жараёнида буни ўйлашга фурсатимиз йўқ эди. Лекин, навбатимиз тугаши арафасида текширувга таҳлиллар топширганимизда, шундай хавотирлар бўларди.Ҳаммамизни “ишлаётганда, хатога йўл қўймадикмикин”, деган савол қийнаган. Ҳамкасбларим ҳам буни рўй-рост айтишди...

-Орангизда кимдир шу касалликда чалиндими?

-Очиғини айтаверайми?

-Ҳа...

-Хуллас, навбатдаги 14 кунликка кираётганимизда, чиқиб кетаётганлар “жуда ҳушёр бўлинглар, қайсидир ҳамшира юқтириб олди,” дейишди. Суриштирсак, ишга кирганига икки йилча бўлган, тажрибасизроқ экан. У бизнинг навбатимизда шифо топиб, уйига кетди. Биз билан ишлаган бир доктор билан ҳам шундай бўлди. Ҳозир унинг аҳволи яхши...

Бир янгиликни сизга айтайми?

-Майли...

-Менга орден берилгани хабарини 23 июль куни тунда айтишган бўлса, эртасигакундузи ўғил набирали бўлганимни эшитдим. Бу, бир сутка давомидаги иккинчи хушхабар эди. Унга Муҳаммадаюб, деб исм қўйишибди. Уйга 3 август куни қайтган бўлсам, ҳали уни қўлга олиб, эркалаганим йўқ...

-Нега?..

-Бизга уйга боргандан сўнг ҳеч ким билан мулоқот қилмаслик, айниқса, кекса ва ёш болалар билан кўришмаслик, яқин ўтирмаслик уқтирилган-да! Бу бўйича кафолат хати ҳам ёзиб берганмиз. Бошқаларни билмадиму, мен буларга риоя қилишим шарт. Негаки, уйимда кекса ҳам, чақалоқ ҳам бор.

Шундай бўлса ҳам, бу сафар навбатдан қайтган куним давлат мукофотига муносиб кўрилганим муносабати билан мени яқинларим, қўшниларим, фарзандларим гуллар билан кутиб олишди. Алам қиладиган жойи шундаки, уларга яқинлаша олмадим, бирортасинибағримга босолмадим. Сабаби, мен касаллик ўчоғидан келган эдим-да...

Катта набирам Озодабегим4 ёшга тўлди. Ҳозир жуда ширин бўлган-да! У олдимга кираман, деб йиғлаганда, юракларим эзилиб кетади...

-Отангиз-чи? Ҳеч бўлмаса, у киши билан узоқдан бўлса ҳам кўришоляпсизми?

-Дадам анча ёшга бориб қолди. Мен уни зиёрат қилолмаётганимдан куйинаман. У эса бугунги воқеаларни унча ҳис қилмайди. Хабар олмаётганимдан ҳайрон бўляпти экан... Бу сафар узоқдан саломлашдиму, ичимдан ўтганини ўзим билдим...

Ҳамкасблар нима дейди?

Қаҳрамонимиз ҳақидаги фикрларни билиш мақсадида унинг ҳамкасблари, дугоналари биланТелеграмм орқали мулоқот қилдик. Ишонасизми, ҳеч ким у ҳақда салбий сўз айтмади. Биламан, ўзи шунақа бўлади, дерсиз. Бироқ, яхшини яхши, дейдилар-да...

Ракия Ҳамидова, реаниматолог-шифокор:

-Биласизми, йўқми, врачларнинг меҳнатини рўёбга чиқарадиганлар ҳамширалардир.Буюрилган муолажани ўз вақтида ва тўғри амалга ошириш, шунингдек, хуш муомаласи ҳамда ширин сўзи билан улар бемор дардига малҳам қўядилар. Файзилатхонни 20 йилдан бери биламан. Мен уни ҳамшираларнинг энг аълоси, аълочи ҳамшира, деб биламан. Реанимация бўлими ҳамшираларидан биринчи бўлиб, у давлат мукофоти билан тақдирланди. Уни табриклаш асносида, бу, кейин ҳам давом этишини истардик...

Шаҳноза Эркабоева, шифохона ҳамшираси, шогирди:

-Файзилат опамни энг фидойи ҳамшира, деб биламан. Тўғриси, унга ўхшашга ҳаракат қиламан. У ажойиб инсон. Нафақат биз шогирдларига, барча беморларга меҳрибонлигини айтмайсизми! Бизгаям “ширин сўзингни аяма, улар дард билан олишаётган пайтда далда бўлади”, дейди. Опам олган мукофотни бизга ҳам берилган, деб биламиз...

Нигора Йўлдошева, шифокор:

-Файзилатхонни чин дилдан табриклайман. Анчадан бери бирга ишлаймиз. Қанча беморларни кўрдик. Қанчасини ўлимдан олиб қолишда унинг ҳам меҳнатлари сингган. Ушбу мукофот ўша меҳнатлар самарасидир...

Бошқа ҳамкасблар ҳам яхши тилаклар айтишди...

Сўнгсўзўрнида...

Биз ушбуларни битаётган пайтда қаҳрамонимиз ўзини яккалаш тартибида ҳаёт кечираётганига гувоҳ бўлдик. Тасаввур қилинг-а: кекса отаси зиёратига боролмаса, фарзандлари, невараларини бағрига босолмаса, ўзининг яқинлари билан хотиржам суҳбатлаша олмаса...

Шу ҳам ҳаёт бўлдими, дерсиз?

У сизни, бизни, деб шунга рози бўлди. Тождор вирус билан юзма-юз олишиб, керак бўлса, жон бергудек, баъзан жон олгудек курашган, уйга қайтганда эса, шундай яккаланиш тарзини ўзига раво кўрган инсон пойига тиз чўксак, арзимайдими? Балки, сиз буни ўзингизга раво кўрмассиз... Лекин, Файзилатхонга ўхшаган тиббиёт ходимлари қўлида шифо топган кишилар буни чин дилдан амалга оширдилар ҳам.

-Кечагина ўлим билан олишиб, ҳаётга қайтган бир бемор соғайгач, шундай қилди. Ишонасизми, ҳар бир шифокор, ҳамшира ва кичик тиббий ходимларгача таъзим бажо этса-да!.. Кўзларимизга ёш келди! У эса нуқул йиғларди...

Бу, Файзилатхоннинг сўзлари...

Президентимиз Фармони ила мукофотланган ҳар бир шифокор, ҳамшира, ҳатто тақдирланмаганлари ҳамҳар куни минг бор таъзим қилишимизга лойиқ. Файзилатхон Мирзаева қаторида вилоят юқумли касалликлар шифохонасининг 7-бўлим шифокори Одилжон Аҳмедов, инфекционист-шифокори Ғофиржон Ибрагимов, бош шифокор ўринбосари Шукрилла Солижонов, ҳамшира Мавлудахон Холматовалар ҳам турли даражадаги давлат мукофотларига сазовор бўлдилар. Уларнинг ҳар бири ҳақида не-не ҳикоя, лавҳа, очеркларяратсак, арзийди. Ё нотўғрими?

...Файзилатхон ва унинг ҳамкасблари ҳали ҳеч ким танимаган, билмаган “ёв” билан ҳамон олишишмоқда.Биз учун, халқимиз учун! Келинг, уларни олқишлаш асносида барчаларига Оллоҳ таолодан зафарлар тилайлик! Бизнинг вазифамиз эса ўзимизни, оила аъзоларимизни эҳтиёт қилишдан иборат эканини унутмасак, ҳаммаси яхши бўлади...

Нажмиддин ИКРОМИЙ,

Ўзбекистон Журналистлари

ижодий уюшмаси аъзоси.