Бугуннинг гапи

ЮЗ ЙИЛ АСФАЛЬТЛАНМАГАН КЎЧАЛАР


29.07.2020   1285

Андижон шаҳрининг Фаробий, Ҳамдўстлик, Мустақилликнинг 21 йиллиги, Сарвонтепа ҳамда Олтинкўл туманининг Кўмакай, Ойшахоним, Чўнтак, Далварзин, Янги чек маҳаллаларида йўл ва коммунал инфратузилмалари тубдан яхшиланмоқда.

Айтиш жоизки, шаҳарга қаровчи маҳаллаларнинг аксарияти 30 йил аввал уй-жой қуриш учун ажратилган ер майдонларида тикланган хонадонлардан иборат. Аҳоли ўз кучи билан шароит яратиб келган.

Шуларни инобатга олиб маҳаллий бюджет ҳисобидан ажратилган маблағ эвазига мазкур 9 та маҳаллада электр, табиий газ, ичимлик ва оқава суви тизимларини янгилашга киришилган эди. Олиб борилаётган ишлар билан танишар экан, вилоят ҳокими Ш.Абдураҳмонов сифат ва муддат масаласини кўндаланг қўйди. Бу борада аҳолидан телеграм каналлариорқали тушаётган мурожаатларга ҳам алоҳида эътибор қаратди.

Режалашган ишлар айрим тармоқлар бўйича 70, айримлари бўйича 80 фоизга уддаланган. Масалан Фаробий маҳалласида электр таъминотини яхшилаш учун яна 6 та темир-бетон устун керак. 47 та кўчадан 10 тасини асфальтлаш зарур.

-Фуқароларимиз бугунги янгиланишдан жуда мамнун, - дейди Фаробий МФЙ раиси Ҳошўимжон Турғунов. – Аммо ўз ҳовлисига битта ичимлик суви тармоғи ўрнига иккитасини тортиб олишга интилаётган хонадонлар ҳам йўқ эмас.

-Ҳазилакам маблағ сарфланмаяпти. Бир километрга асфальт ётқизиш 400 миллион сўмга тушади, - дейди Андижон автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси ходими Ҳомиджон Якубжонов. – 150 даража ҳарортада келтирилган қоришмани жазирамада текислаш осон иш эмас. Аҳолини бунга жалб қилмаймиз. Ёз саратонида кимдир чой, кимдир тарвуз, кимдир лағмон билан сийламоқда. Ҳимматига раҳмат. Шу билан бирга белгилангандан ортиғини талаб қилаётганлар ҳам учраб турибди.

Далварзин маҳалласида 1240 та хонадонда 7,5 минг фуқаро яшайди. Режалаштирилган 12 километр ички кўчалардан 8 километри асфальтланди. МФЙ раиси Тоҳиржон Солиев гувоҳлик беришича, Далварзин-1 кўчасида яшовчи 80 ёшли оқсоқол ўз ҳурсандчилигини яширолмай шундай деди: “Отам кўрмай ўтиб кетган асфальт кўчалар бизга насиб этди. Юз йилдан буён лой босган кўчамиз обод бўлди”.

Вилоят ҳокими мутасаддиларга топшириқ берар экан, Қурбон ҳайитини аҳоли яхши кайфият билан кутиб олишлари зарурлигини айтди.

С.Шукуров, З.Умрзоқов.

«auz.uz» online гуруҳи.