Бугуннинг гапи

Юртимиз тинчлигининг мустаҳкам қалқонлари


13.01.2018   1613

Ҳар бир инсон учун она Ватанни севиш, уни кўз қорачиғидек асраш – олий шарафдир. Бу улкан масъулиятни амалга оширишда эса миллий армиямизнинг ўрни беқиёс.

Ватан ҳимоячилари куни ва Қуролли Кучларимиз ташкил этилганлигининг 26 йиллиги мамлакатимизда катта шодиёналар билан нишонланмоқда. Ўсиб келаётган ёш авлодни она Ватанни севиш, юртга садоқат руҳида тарбиялаш ҳамда миллий армиямиз салоҳиятини ёшлар онгига сингдириш мақсадида турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Бобур номидаги Андижон вилоят ахборот-кутубхона марказида ҳам “Юртимиз тинчлигининг мустаҳкам қалқонлари” мавзусида адабий – мусиқали кеча ташкил этилди.

Тадбирда мутахассислар, Андижон давлат университетининг тарих кафедраси ўқитувчилари, ички ишлар вазирлигининг Қоровул Қўшинлари қошидаги ҳарбий қисм зобитлари сўзга чиқиб, миллий армиямизнинг бугунги кундаги салоҳияти, Қуролли Кучларимизнинг мамлакатимиз мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яҳлитлигининг, келажаги буюк давлат барпо этаётган Ўзбекистон фуқароларининг осойишта ҳаёти, бунёдкорона меҳнати хавфсизлигининг кафолати сифатида фидокорона олиб бораётган меҳнатлари самараси эканлигини алоҳида таъкидлаб, бу борада Юртбошимизнинг олиб бораётган оқилона сиёсати дастуриламал сифатида таянч бўлаётганлиги ҳақида гапирдилар.

Андижон тиббиёт коллежи қошидаги “Андижон Саидаси” тўгараги ўқувчиларининг ўзлари ёзган она Ватанни, тинчликни мадҳ этувчи шеърлари, Андижон шотокан-до федерацияси “Динамо” спорт тўгараги аъзоларининг ҳамда аскарларнинг чиқишлари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Тадбир доирасида ташкил этилган “Ватанни ҳимоя қилиш шарафли ва масъулиятли бурч” мавзусидаги адабиётлар кўргазмаси иштирокчиларни миллий армиямизнинг бугунги кундаги салоҳияти билан яқиндан танишишига хизмат қилди.

Умидахон ҚОДИРОВА,

1-тоифали кутубхоначи.