Бугуннинг гапи

Юртбошимиз таклифи билан: Обод бўлаётган Хонобод


10.01.2018   248

2017 йил хонободликлар ҳаётида унутилмас из қолдирди. Боиси давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Андижонга ташрифи чоғида мазкур шаҳарда бўлиб, уни янада обод гўшага айлантириш юзасидан ўз таклифларини билдирди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 июлдаги "2017-2019 йилларда Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида"ги қарори бу борадаги ишларни жонлантирди. Унга кўра, саноат экспорти салоҳиятини янада кенгайтириш, мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш ҳамда муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини, хизматлар ва сервис соҳасини ривожлантириш, аҳолининг бандлиги ва даромадларини оширишга бўлган эътибор кескин ортди. Иккинчи ярим йилликнинг ўзида саноат йўналишида 36,7 миллиард сўмлик 38 та ва хизмат кўрсатиш соҳасида 5,5 миллиард сўмлик 51 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилди. Натижада 1 минг 186 та янги иш ўрни яратилди.

Бугун табиати ва гўзаллиги билан барчани ўзига ром этувчи Хонобод улкан қурилиш майдонига айланган. Шаҳар марказида бунёд этилаётган уч қаватли супермаркет қурилиши учун 2 гектар ер майдони ажратилди. Айни вақтда бинонинг том қисми ёпилмоқда. "Хонобод Андижон файзи" масъулияти чекланган жамияти қурувчилари савдо мажмуасини Наврўз байрамига совға сифатида топшириш ҳаракатида.

– Лойиҳани амалга оширишда шаҳар аҳли ва бу ерга келувчи меҳмонларга ҳар томонлама қулай бўлишини эътиборга олдик, – дейди МЧЖ раиси Рустамжон Абдуғаниев. – Савдо хизмати билан бирга болалар майдончаси, тантаналар зали, киноклуб ҳам ўрин олади. Ташқарида мусиқали фаввора, ёзги кафе ва дам олиш жойлари ташкил этилади.

Президентимиз алоҳида эътибор қаратган "Хонобод" санаторияси ҳам талаб даражасида барпо этилмоқда. 250 нафар қурувчи бугун том ёпиш ва пардозлаш ишларини бажармоқдалар. Спорт майдончалари мутахассислар билан бамаслаҳат дам олувчиларга қулай ҳолда яратиляпти.

Дастурдаги яна бир йирик лойиҳа ташаббускори тадбиркор Омаджон Жонпўлатов раҳбарлигидаги "Доломит" масъулияти чекланган жамияти 2017 йилда ташкил этилди. Корхонанинг асосий фаолияти тошни қайта ишлаш ва гул босишдан иборат. Бунинг учун шаҳардаги фойдаланилмай турган бино ноль қийматида Омаджонга берилди.

Қисқа вақтда таъмирлаш ишлари бажарилди. 3 миллиард 700 миллион сўм инвестиция киритиш мажбурияти ҳисобига Хитой давлатидан дастгоҳлар келтирилди. Хом-ашё борасида қирғизистонлик ҳамкорлар билан шартнома тузилди.

Катта ҳажмдаги тошлар компьютерлашган дастгоҳлар билан қурилиш материалига айланмоқда. Бу, ишловчилардан ўзига яраша дизайнерликни талаб этади. Жамоанинг асосан ёшлардан иборатлиги қўл келмоқда. Авазбек Сафаров, Зокиржон Кимсанов ва Фарҳодбек Исоқжоновлар ўз ишининг устасига айланиб улгуришди. Янги қурилаётган биноларнинг фасади ўз меҳнатлари билан янада чирой очаётганини кўриб, улар астойдил изланиб ишламоқдалар.

Ҳозирда ҳар ойда ўртача 2 минг 600 кв. метр тошга ишлов берилмоқда. Жорий йилда ишловчилар сони 100 нафарга етади. Тошдан совғабоп буюмлар тайёрлаш ўзлаштирилгач, маҳсулот тури кўпайиб, даромад ҳам ортади.

Бир сўз билан айтганда, юксалиш йўлидан бораётган Хонобод тобора янги қиёфага кирмоқда.

Акбаржон

НАЗАРОВ.

Азаматжон ТОШМАТОВ олган сурат.