Андижон 24

ЮРТ ХАВФСИЗЛИГИ ЙЎЛИДА 25 ЙИЛ


22.07.2019   1453

Ички Ишлар Вазирлиги тасарруфидаги Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинларининг 25 йиллиги муносабати билан Андижон шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмда “Юрт хавфсизлиги йўлида” деб номланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Вазирлар Маҳкамасининг 1994-йил 20-июлдаги Қарори билан аэропортларни қўриқлаш алоҳида бригадаси ташкил этилган. У 2005 йилда “Лочин” бригадаси деб номланган.

Қўшин ўн битта батальондан иборат бўлиб, уларнинг вазифаси мамлакатимиздаги халқаро аэропортларда хавфсизлик ва жамоат тартибини таъминлашдан иборат.

Байрам муносабати билан қисмда дастурхон ёзилди. Саф кўриги ташкил этилиб, аскарлар амалий машғулотларда ўрганганларини намойиш қилдилар. Юрт тинчлиги, осойишталиги йўлида сидқидилдан хизмат қилаётган, яхши натижалар, ютуқларга эришган ҳарбий хизматчилар ҳамда ҳамкорларга ташаккурнома, миннатдорчилик, қимматбаҳо эсдалик совғалари, пул мукофотлари топширилди.

Ҳарбийлар орасида ўзаро оила қуриб, бахтли ҳаёт кечираётганлар ҳам бор. Гуруҳ командири ўринбосари Нодирбек Бўронов назорат ўтиш жойи инспектори Зулфияхон билан умр йўлларини боғлаганлардан.

- Ўғлимиз бор. Исми – Азизбек. Ҳозир мактабгача таълим муассасасида тарбияланувчи. Жамоамиз жуда аҳил. Мен ватан ҳимоячиси бўлганимдан мамнунман, - дейди Зулфияхон Бўронова.

Ҳар қандай байрам шўх куй ва қўшиқлар, ўйин-кулгулар билан янада файзли бўлади. Вилоятимизнинг таниқли ва хаваскор хонандалари ижросидаги қўшиқлар ҳамда болаларнинг концерт дастурлари барчага манзур бўлди.

Эгамназар АБДУЛБОҚИЕВ.