ЖАМИЯТ

ЙЎРИҚҚА АМАЛ ҚИЛГАННИНГ ЙЎЛИ ОЧИҚ


28.04.2019   1428

Ходимлар учун меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича доимий йўл-йўриқ бериш, ишларни бажаришнинг қулай, хавфсиз усулларини тўла-тўкис жорий этиш ташкилот раҳбарига ҳам, унинг қўл остида меҳнат қилаётганларга ҳам бирдек фойдали. Эҳтиётсизлик ортидан жароҳат олган ходим саломатлигини бой бериши, кўнгилсизлик иш жараёнига ҳам, корхона иқтисодиётига ҳам салбий таъсир қилиши турган гап. Буни яхши англаган раҳбар борки, меҳнат муҳофазаси билан боғлиқ йўриқномаларга талабчанлик билан қарайди. Йўриққа амал қилган ишчининг эса ҳамиша йўли очиқ.


Андижонда 28 апрель - “Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни”га бағишлаб ўтказилган тадбирларнинг асосий мазмун-моҳияти мана шу жиҳатларга қаратилди. “Хавфсизлик, саломатлик ва келажакдаги меҳнат” шиори остида ўтказилган давра суҳбатида кун тартибидаги мавзу юзасидан вилоятда олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинди. Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Шокиржон Болтабоев, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси бош юристконсульти Гўзалхон Бабаниязова, “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси хавфсизлик бўлими мудири Виталий Ким, “Элтехсаноат” касаба уюшма қўмитаси раиси Эркинжон Файзуллаев, вилоят меҳнат бош бошқармаси давлат инспектори Ибайдилло Мамадалиев ва бошқалар ишловчиларга муносиб шароит яратиш, меҳнат муҳофазасига жиддий эътибор, иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш, ходимлар руҳиятига таъсир этувчи омилларни бартараф этиш, иш жараёнида самарали фаолият олиб боришлари учун ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш, умуман, ҳар бир жамоада соғлом муҳит яратиш билан боғлиқ масалалар, муаммоларнинг ечимлари хусусида фикр юритдилар.

Давра суҳбати якунида “Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш юзасидан республика кўрик-танлови”нинг вилоят босқичи ғолиблари тақдирланди. Ана шундай эътирофга сазовор бўлган Марказий банк вилоят бош бошқармасининг меҳнатни муҳофазаси бўйича вакили Элёрбек Тўхтаназаров шундай дейди:

- Оғир жисмоний хатти-ҳаракатдан сўнг киши қанча чарчоқни сезса, ақлий меҳнат, хусусан, компьютердаги муттасил ҳисоб-китоб, кун давомида рақамлар билан ишлаш жараёни ҳам шунчалар толиқтиради. Банк раҳбарияти, касаба уюшма қўмитаси ҳамкорлигида мана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Ходимлар тегишли йўриқномалар, хавфсизлик қоидалари билан яқиндан таниш. Жамоамиз аъзолари деярли ҳар куни бир соатга яқин гимнастика ҳамда спорт машғулотлари билан шуғулланишлари одатга айланди. Бунинг учун шароит ва имкониятлар яратилган.

Ҳафталик тадбирлар доирасида “ЎзДонгЯнгКо” қўшма корхонасида инженер-техник ҳамда ишчи-ходимлар, касаба уюшма фаоллари иштирокида семинар-тренинг ўтказилди ҳамда меҳмонлар бу ерда айни соҳада тўпланган тажрибалар билан яқиндан танишдилар. “Андижон автотеххизмат” масъулияти чекланган жамиятига уюштирилган экскурсия давомида эса бир гуруҳ талаба-ёшлар, ўқув юртлари битирувчилари иш шароитларини кўздан кечириб, мутахассислардан хавфсиз меҳнат билан боғлиқ қатор саволларга жавоб олдилар. Олий ўқув юртлари талабалари ўртасида кун тартибидаги мавзу юзасидан ташкил этилган зукколар ўйини навқирон авлоднинг соҳа билан боғлиқ билим ва тушунчаларини бойитганлиги билан эсда қолди.

Нурилло НЎЪМОНОВ.