Бугуннинг гапи

ЮРАГИМНИНГ ТЎРИДАГИ СЎЛМАС ГУЛИМ


21.10.2019   1013

Дунё ҳалқлари 7 мингта тил ва диалектда сўзлашади. Аммо шулардан 178 тасигина давлат тили даражасида эътироф этилган. Миллатимизни бирлаштирувчи, ўзлигимизни ифодаловчи забонимизга давлат тили мақомини тақдим этган Қонун ва унинг 30 йиллик санаси Андижонда кенг нишонланди.

Алишер Навоий номи билан аталувчи маданият ва истироҳат боғидаги анжуман ўзбек адабий тилининг асосчиси ҳайкали пойига гулдасталар қўйиш билан бошланди.

Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ўз сўзида тилимизнингортиб бораётган нуфузини куни-кеча вилоятимизда бўлиб ўтган «Open Andijan» IХалқаро инвестиция форуми мисолида ифодалаб берди. Бугун она тилимиз дунёнинг 18 та хорижий давлатида ўқиб, ўрганилаётгани ҳам нафақат мамлакатимзга, балки унинг тариҳи, маданиятини ифодаловчи сўзлашув воситасига бўлган эътиборни кўрсатади.

Анжуманда ушбу қонун қабул қилинишининг тарихий аҳамияти, она тилимизнинг жозибаси, имкониятлари, истиқболлари хусусида Ўзбекистон халқ шоири Тўлан Низом, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист пойтахтлик Темур Убайдулло, Андижон давлат университети доценти Баҳодир Раҳмонов, Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилояти бўлими раҳбари Ҳуршида Қўчқарова тўлқинланиб фикр юритдилар.

Миллатимиз рамзи бўлган тилимизнинг шаклланиши, ривожланиши ва сақлаб қолиниши йўлида маънавий жасорат кўрсатган алломалар, зиёлилар номлари ҳурмат билан ёдга олинди.

Муҳаммад Юсуф қаламига мансуб “Она тилим” шеърида тилимизнинг кечаги тарихимиздаги аянчли аҳволи, унинг асл қадри юқори пардаларда очиб берилганки, мазкур шеър Ўзбекистон халқ шоири номи билан аталувчи ижод мактабининг ўқувчилари томонидан ўқиб эшиттирилганда, шундай бойлигимизни қадрлашимиз нечоғли зарурлиги яна бир карра намоён бўлди.

ОНА ТИЛИМ

Гарчи зуғум қилганларни ёқтирмадим,
Шеър ёздиму бўлак ишни қотирмадим.
Тилим туриб ўз тилимда гапирмадим,
Бир эсласам эзилади бағри – дилим,
Она тилим, кечир мени, она тилим.

Онам “эркам” деб қучганда тунлар ярим,
Эрким йўқ деб зирқирарди бир жойларим.
Паровозни ҳансиратган буғдойларим,
Олтинларим, маъданларим, ипакларим...
Она тилим, кечир мени, она тилим.

Кимлар учун биз эдик бир бадавийлар,
Ўзбекни қон қақшатганни ўзбек сийлар.
Ҳолимизни қон кузатди Яссавийлар,
Топганимиз ҳандалакдек тилим – тилим,
Она тилим, кечир мени, она тилим.

Сен бўлмасанг нима бизга силлиқ шеърлар,
Бу дунёда тили йўқда, дил йўқ дерлар.
Баҳоинг-ку бериб кетган Алишерлар,
Юрагимнинг тўридаги сўлмас гулим,
Она тилим, кечир мени, она тилим.

Бир қарасам ҳар шевангда минг жилолар,
Ҳар новдангда, ҳар мевангда минг жилолар.
Қодирийлар, Чўлпонлару Абдуллолар,
Сенинг қайтган кунинг менинг туғилган йилим,
Она тилим, кечир мени, она тилим.

«auz.uz» online гуруҳи.