Хорижда

ЮЛДУЗЛАРАРО КОМЕТА ЗАҲАРЛИ ЭКАН. ЕРГА НИМА БЎЛАДИ?


22.10.2019   841

Ушбу йилнинг энг эътиборга молик илмий янгиликларидан бири, шубҳасиз, август ойининг сўнгида қримлик ҳаваскор астроном томонидан аниқланган илк юлдузлараро «келгинди комета» бўлди. Унинг траекторияси ҳамда тезлигига қараб бу жисм Қуёш системасига бегона экани ҳамда гиперболик траектория бўйлаб Қуёш яқинидан учиб ўтиб, кейин яна юлдузлараро очиқ фазога кетиши хулоса қилинган.

Ҳозирда уни кашф қилган ҳаваскор астроном шарафига Борисов кометаси деб ном олган ушбу кометани астрономлар диққат билан кузатишмоқда. Замонавий спектрометрия усуллари қўллаган ҳолда ўтказилган бир неча кузатишларга қараганда ушбу кометада заҳарли модда – цианид кўп миқдорда мавжуд экан!

Канар оролларидаги Роке-де-лос-Мучачос расадхонасидаги Уильям Гершель номли 4,2 метрли улкан телескоп ҳозирда бевосита Борисов кометасини кузатиш билан банд. Цианидга бой ушбу кометанинг ядроси 6,6 километр атрофидаги ўлчамга эгалиги аниқланди. Шунингдек, Қуёшга яқин келгани сайин ушбу ўлчам 1,4 километргача қисқариши тахмин қилинмоқда. Чунки Қуёш нурлари таъсирида кометанинг ядроси фаол буғлана бошлайди ва интенсив равишда унинг думи кўринишида очиқ фазога сочилиб кетади.

Цианид эса жуда кучли заҳар бўлмиш цианид кислотаси (HCN) ионларидан иборат бўлиб, рангсиз, ўта учувчан модда бўлган бу заҳарнинг атиги 0,05 грамми ҳам ўлимга олиб келади. Бироқ астрофизикларнинг айтишича, Борисов кометасининг заҳарли думидан Ерга мутлақо зарар йўқ ва ундан хавотир олиш керак эмас. Унинг бизга энг яқин келадиган нуқтаси ҳам Марс орбитасидан нарида, яъни 60 миллион километр масофадан ҳам олисроқда ўтади.

Астрономлар ихтиёрида ушбу ғайриоддий кометани кузатиш учун яна бир йилга яқин вақт бор.

Манба: Daryo.uz