«102» хабарлари

ЁШЛАР ЖИНОЯТЧИЛИК ВА ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАРГА ҚАРШИ


24.11.2017   1015

Андижон давлат тиббиёт институти қошидаги академик лицейда вилоят ҳокимлиги ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси ҳамкорлигида “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида таълим муассасалари директорларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари ва психологининг масъулияти” мавзусида амалий семинар ўтказилди.

Семинарда вилоят ички ишлар бошқрамаси вояга етмаган ёшлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш бўлими бошлиғи Шукрулло Тешабоевнинг мавзу юзасидан маърузаси тингланди. Ёшлар ўртасида қонунбузарликнинг олдини олиш мақсадида “Пайшанба - жиноятчиликка қарши кураш куни” доирасида таълим муассасалари ҳамда ИИБ ҳамкорлигида ўтказилаётган тадбирлар ўз самарасини бераётганлиги таъкидланди маърузачи сўзида. Шунингдек, бунда кенг жамоатчиликнинг, айниқса, ота-оналар, устоз ва мураббийлар, аҳолининг ҳамжиҳатлиги зарурлиги, маҳаллаларда соғлом муҳит барқарорлигини таъминлаш устувор вазифага айланиши ёш авлод тарбиясида муҳим аҳамиятга эгалиги айтилди.

Мазкур лицей психологи Дилбархон Отахонованинг “Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишнинг психологик омиллари” мавзусидаги маърузаси ҳам йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Сўнгра улар ўқувчиларнинг кийиниш маданияти борасида фикр алмашдилар ва очиқ дарсларда қатнашдилар.

Академик лицейнинг иқтидорли ўқувчилари томонидан намойиш этилган “Биз ёшлар жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қаршимиз” шиори остидаги маънавий-маърифий композиция барчага манзур бўлди.

Нилуфар ТЎРАҚУЛОВА.