Жамият

Ёшлар етакчиси пахтаободлик ёшларга қандай ваъда берди?


16.01.2018   246

Ҳудудлардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аҳолининг ҳаётий муаммоларини ўрганиш, турмуш даражасини янада яхшилашга кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳи вилоятимизда бўлиб фуқароларнинг кундалик ҳаёти билан танишди. Учрашувлар, таълим муассасалари ва хонадонларга ташрифлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиси – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев ёшларни қийнаётган муаммоларга имкон қадар амалий кўмак бериш мақсадида Пахтаобод туманидаги чегара олди ҳудудлардаги таълим муассасаларида ва маҳаллаларда бўлиб, халқ билан очиқ мулоқот қилди.

Ўрганиш давомида 6-умумтаълим мактабида муассасада яратилган шароитлар, таълим сифати билан яқиндан танишди. Ўқувчилар билан суҳбатлашиб, келажакдаги режаларини сўради. Айрим муаммоларига ечим берди.

Уларга 28 та бадиий китоб совға қилинди. Ушбу асарлардан олган таассуротлари юзасидан ўқувчиларнинг ҳар бири икки ҳафтадан сўнг пойтахтда ёшлар етакчиси билан алоҳида суҳбатлашишга, пировардида Тошкентга саёҳат ҳам ташкил этишга келишиб олинди.

Мулоқот давомида ўқувчиларнинг ҳуқуқий фанларга бўлган қизиқиши инобатга олиниб, ушбу синфни намунали ҳуқуқшунослик синфи сифатида ташкил этиш таклифи илгари сурилди. Таклифни амалиётда тезроқ тадбиқ этиш учун сўнгги русумдаги компьютер жамланмаси, проектор ҳамда ҳуқуқий тарғибот материаллари совға қилинди.

Пахтаобод тиббиёт коллежига ташрифи доирасида ўқувчилар давомати, уларнинг ўқув жараёнидаги фаоллиги назоратдан ўтказилди. Фаол ёшлар томонидан берилган таклифларни эса келгусида ёшлар иттифоқи фаолияти давомида қўллаш белгиланди. Мулоқот сўнггида коллеж жамоасига сўнгги русумдаги ноутбук ҳамда 33 турдаги бадиий китоблар совға қилинди.

Шунингдек, тумандаги умумтаълим мактаблари ва коллежлардаги бошланғич ташкилотлар етакчилари учун пойтахтдан ташриф буюрган мутахассислар иштирокида уларнинг малакасини оширишга қаратилган семинар-тренинг ҳам ташкил этилди. Етакчиларга фаолиятни янада жонлантириш муҳим эканлиги, ташаббускор бўлиши кераклиги айтилди.

Умиджон МАМАРАСУЛОВ