Андижон 24

ЁШЛАР БИЛАН ОЧИҚ МУЛОҚОТ (+ВИДЕО)


12.02.2020   1064

“Ҳудудгаз Андижон” масъулияти чекланган жамияти биносида “Янги Ўзбекистонни ёшлар билан қурамиз!” шиори остида жамият раҳбари Давронбек Салоҳиддиновнинг тизимдаги ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди.

Бундай учрашувнинг ўтказилиши бежиз эмас. Негаки бу ерда ишловчиларнинг 11 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этмоқда.Соҳада меҳнат қилаётган 120 нафар ёшнинг 60 нафари иштирокидаги дастлабки учрашувда икки томонлама мулоқот қизғин кечди.

Д. Салоҳиддинов Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг Фармонига кўра, “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти, унинг таркибида эса вилоятимизда “Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ қайта ташкил этилганлиги, бу ўзгаришлар замирида соҳа ходимларининг халқимизга, барчаистеъмолчиларга сифатли ва кенг қамровли хизмат кўрсатиш ётганлигини таъкидлади. Куни кеча соҳани ривожлантиришга оид йиғилишда катта вазифалар қўйилганлиги, уларни амалга оширишда “Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ тизимидаги барча ходимларнинг якдиллик билан ишлаш зарурлиги, коррупцияга йўл қўймаслик, виждонан, ҳалол меҳнат қилиш орқали истеъмолчилар ва жамоа орасида ҳурмат топишлари хақида тўхталиб ўтди.

Учрашувда ёшлар томонидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. “Қўрғонтепатумангаз” филиали чилангари Махсуджон Абдужалиловнинг кредит олишда кўмак сўраб қилган мурожаати бўйича шахсан бош директорнинг ўзи амалий ёрдам бериши айтиб ўтилди.

Тадбирдан сўнг қатнашчилар энергия тежамкор газ жиҳозлари билан савдо қилувчи махсус дўконга ташриф буюрдилар.Вилоят газ таъминотида узоқ йиллардан бери фаолият кўрсатиб келаётган Ҳабибулло Пахирдинов энергия тежамкор газ жиҳозларининг хусусиятлари, улардан фойдаланишда тежаб қолинадиган маблағ ва газ таъминоти миқдори, хавфсизлик нуқтаи назаридан қулайликлари ва бошқа ёндиргичларга нисбатан устунликлари ҳақида тушунча берди.

- Мен “Андижоншаҳаргаз” филиалида суюлтирилган газ баллонларини ўрнатувчи чилангар бўлиб ишлайман, - учрашув иштирокчиси Исломбек Жалолдинов. - Ушбу дўкондаги газ жиҳозлари мен учун янгилик бўлди. Энди у ҳақда яқинларим ва танишларимга ҳам тавсия қиламан.

Шундан сўнг ёшлар Қўрғонтепа газ тўлдириш шохобчасида бўлишди. У ерда аҳолига суюлтирилган газ етказиб беришда шаҳобчанинг фаолияти ҳақида кенг тушунча олдилар. Суюлтирилган газни етказиб берувчи махсус автотранспорт юк машинаси, газ қўйиш жараёни, компрессорнинг иш вазифаси ҳақидаги маълумотлар уларда катта қизиқиш уйғотди.

-Ўзим уй ичи газ жиҳозларига хизмат кўрсатиш чилангари бўлганим учун суюлтирилган газ етказиб бериш жараёни жуда ҳам қизиқ эди. Шаҳобчага ташрифим давомида кўп нарсаларни ўргандим ва англадимки, ҳали соҳа бўйича ўрганадиганларим кўп экан, - дейди ёшлардан бири Иззатбек Жалолдинов.

Иштирокчиларга маиший газ баллонларидан оғир қолдиқларни тўкиш, уларга суюлтирилган газни қуйиш жараёнлари ҳам кўрсатилди. Бунда техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш, маиший газ баллонларидан фойдаланишда ҳам бир истеъмолчи бунга қатъий амал қилиши керак бўлган қоидалар ҳақида тушунчалар берилди.

“Қўрғонтепатумангаз” филиалига ҳам ташриф давомида тумангаз тарихи ҳақида ҳам маълумот берилди. Ўқув тарғибот хонасида уй ичи газ жиҳозларига хизмат кўрсатиш чилангари Махсуджон Абдужалиловкомфоркани қисмларга ажратиб, унда техник назорат учун қилинадиган барча жараёнларни амалий намойиш қилди.

Учрашув иштирокчилари жамият раҳбари билан очиқ мулоқот ҳамда амалий кўргазмали машғулотлардан мамнун эканликларини билдирдилар.

“Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ Матбуот хизмати