ЖАМИЯТ

ЁШ ИҚТИДОРЛАР ИШОНЧ УЧҚУНИ


10.08.2019   890

Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳри. Улкан муҳташам зал ёш ижрочиларнинг "Оқ тунлар вальси" Халқаро кўрик-танловига дунёнинг 50 мамлакатидан келган иштирокчилар ва меҳмонлар билан тўла. Совриндорларни тақдирлаш маросими қизғин паллага кирди:

– Ўзбекистонлик ёш ижрочи Ҳуснида Абдурашитова"Опера санъати" номинациясида гран-при мукофоти билан тақдирланади!..

"Шунчаси қанча ўринларни олиб бўлди, демак, менинг чиқишим ёқмабди-да", дея ўйланиб ўтирган Ҳуснида бирдан ўрнидан қалқди. Ҳамма олқишлар, у қулоқларига ишонмасди. Олий совринни олган қизнинг мижжалари ёшга тўлди...

Хўжаободлик Ҳуснидахон Абдурашитова 5-синфда ўқиётган пайтда тумандаги 9-болалар мусиқа ва санъат мактабининг эстрада йўналишида таҳсил олди. Туман ва вилоят миқёсидаги турли кўрик-танловлардасовринли ўринларни эгаллаб,тилга тушди. Андижон санъат коллежига кириш имтиҳонларини топшириш чоғида "Азизим онам" қўшиғини куйлади. Овозинитинглаган коллеж директори Қобилжон ака Мамасолиев:

– Қизим, сен опера санъати йўналишида ўқийсан, – деди ва қўшиб қўйди:– Ҳали бир кун келиб, менга раҳмат айтасан!

Ҳуснида энг тажрибалипедагог Сайдулло Раҳимовдан опера санъати сир-асрорларини ўргана бошлади. Интилишлар зое кетмади. Учинчи босқичда ўқиётганда "Ёшлик баҳори" республика фестивалида совринли ўринни эгалладию консерваторияга киролмади. Болалар боғчасида мусиқа тарбиячиси бўлиб ишлади. У омадига ишонарди. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, опера устаси Авазбек Маллабоев Андижонда маҳорат дарслари ўтганида, Ҳуснида унинг гуруҳига ёзилди. Етти ой устоз ва шогирд тиним билмай ишлашди, вилоятда ўтказиладиган оммавий-маданий тадбирларда иштирок этдилар. Овозини тингловчилар ёқтириб қолишди.

Авазбек Маллабоев"Оқ тунлар вальси" Халқаро кўрик-танлови ташкилий қўмитасига унинг аудиоёзувларини жўнатди. Санкт-Петербургдан таклифнома келганида... у ёққа боргани маблағ етишмасди.

Вилоят ҳокими буни эшитгач, у билан суҳбатлашди. "Маблағини топиб бераман, фақат шартим – биринчи ўринни олиб келасан, майлими", – деди. У ваъда берди ва омади чопиб, Гран-при мукофотини олди.

– Сўзимнинг устидан чиққанимдан хурсандман, дейди Ҳуснида.– Қайтиб келганимда, учрашиб, мукофотни ҳокимимизнинг қўлига топширганимда, жуда қувонди...

Кўзларида ажиб бир учқун чақнайди. Бу, мустақил Ўзбекистоннинг бахтиёр фарзанди, ўзбек опера санъатининг яна бир ёрқин юлдузларидан бири Ҳуснидахон Абдурашитованинг келажаги ва саодатига ишонч учқуни. Устоз педагог Қобилжон Мамасолиев ўшанда балки, ўша уч-қунни кўргандир...

Шефие

ИМОНҚУЛОВА.

Суратда: Ҳуснида Абдурашитова.

Азамат ТОШМАТОВ олган сурат.