Спорт

ЁРҚИШЛОҚЛИК ЧЕМПИОН


16.08.2019   285

Акмалжон ёшлигидан спортга қизиқди. Дадаси Аҳмаджон ака ва онаси Муқаддас опалар уни маҳаллада фаолият олиб бораётган белбоғли кураш бўйича спорт тўгарагига йўллашди. Устозларидан кураш сирларини ўрганиб, туман, вилоят, республика миқёсидаги мусобақаларда қатнашди. Уларда мардоновор курашиб, кўплаб рақибларини курагини ерга текказди ва чемпионлик мақомига эришди.

«Олмалиқ кон металлургия комбинати» спорт мажмуасида белбоғли кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўсмирлар ўртасида ўтказилган Жаҳон чемпионатида ўз вазни тоифасини биринчиликни қўлга киритган Акмалжонни Жалақудуқ тумани Янгикўрпа маҳалла аҳли, тенгдошлари, қариндошлари, спорт мухлислари катта тантана билан кутиб олдилар. Унда сўз олганлар юртимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, уларнинг эришаётган муваффақиятлари ҳақида гапириб, чемпионга янада улкан зафарларни эгаллашига тилак билдирдилар.

- Фарзандларимиз таълим-тарбияси, келажагига эътибор қаратсак мана шундай ширин мевасини оламиз, - деди ўз сўзида Жалақудуқ туманидаги 11-умумий ўрта таълим мактаби директори Султонхон Шарипова. – Акмалжоннинг шу даражага эришишида оиладаги муҳитнинг аҳамияти катта. Бошқалар ҳам ибрат олиши керак.

Миллий спортимиз – курашни бутун дунёда оммалаштириш ва ёшларнинг ушбу спорт турига қизиқишини ошириш мақсадида ташкил этилган Жаҳон чемпионатида қўшни давлатлар, Европа ва Осиёдан ҳам спортчи ёшлар белашдилар.

- 77 килограмм вазн тоифасида рақибларим билан 5 та жанг ўтказдим, - дейди чемпион. – Қунт билан ўрганганларим ас қотди. Бундай натижага эришишимда ота-онам, қолаверса, устозларимнинг меҳнатлари катта.

Фарзандининг эришган муваффақиятларидан ота-оналари ҳам мамнун. Дадаси Аҳмаджон ака хурсандчилигини биз билан баҳам кўрди.

-Фарзандимдаги иқтидорни сезиб, спорт соҳасига йўналтирдим, - деди у. – Асосийси бўш вақтини фойдали машғулотлар билан банд бўлгани. Ғалаба ҳақида эшитиб, маҳалладошларим, ҳатто таниш-нотанишлар ҳам табриклаётгани мени янада руҳлантирди. Спортнинг қудратини яна бир карра ҳис этдим.

Айни дамда 11-умумий ўрта таълим мактаби битирувчиси Акмалжон машғулотларни давом эттириб, янги зафар чўққиларини забт этиш ва келажакда спорт соҳасида фаолият олиб боришни режалаштирмоқда.

Э.АБДУЛБОҚИЕВ.