ЖАМИЯТ

ЁНҒИН ХАВФСИЗЛИГИ ЙИҒИНИ


20.06.2018   1627

Ҳафтанинг ҳар чоршанба кунлари мамлакатимиз миқёсида ўтказилаётган ёнғинлар профилактикаси кунларида фуқароларнинг, корхона, ташкилот, муассасалар мутасаддиларининг ҳушёрлиги, ёнғинларнинг олдини олиш бўйича билимларини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу хайрли ишнинг мантақий давоми сифатида мамлакатимиз миқёсида сайёр ўқув-амалий йиғинларининг ўтказилиши бу соҳадаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Навбатдаги йиғин Андижон вилоятида ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институти профессор-ўқитувчилари таркиби томонидан ўтказилаётган мазкур анжуманда ўта муҳим ва тоифаланган, ёниш-портлаш хавфи юқори бўлган объектлар, иқтисодий-ижтимоий, халқ хўжалиги масканлари раҳбарлари ва ёнғин хавфсизлигига масъул ходимларнинг билимлари оширилмоқда.

Йиғиннинг дастлабки кунида ўтказилган тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари И.Холматов сўзга чиқиб, олиб борилаётган ишлар натижасида қўлга киритилган ютуқлар ҳақида гапирар экан йўл қўйилаётган камчиликларни танқид остига олди. Эътиборсизлик, лоқайдлик, билимсизлик фуқароларнинг жабр кўриши билан якунланаётгани, ёнғинларнинг олдини олиш бўйича зарур чоралар кўрилиши лозимлигини уқтирди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Абдурашид Рўзиев ўз сўзида ўтказилаётган йиғиндан кўзланган мақсад ҳақида атрофлича маълумот берди.

Ўн кун давом этадиган ўқув давомида тингловчиларга малакали мутахассислар томонидан назарий билим бериш ва амалий машғулотлар ўтказиш режалаштирилган. Шу куни ўтказилган амалий-тактик машғулот давомида ҳам иштирокчиларга ёнғинни ўчириш бўйича экипаж аъзоларининг ҳаракатлари кўрсатиб берилди. Ёнғин ўчириш техникалари ва воситаларининг кўргазмалари, видеороликлар намойиши, фавқулодда ёнғинларнинг олдини олиш ва бартараф этувчи замонавий жиҳозлар намойиши тингловчиларда тасаввурларнинг бойишига хизмат қилди.

Йиғин якунига кўра тингловчиларнинг билимлари тест асосида синовдан ўтказилади ва сертификат топширилади. Бу каби ўқувларнинг ташкил этилиши ёнғинларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Тулькеев Кенес,

Ёнғин хавфсизлиги институти ишчи гуруҳ раҳбари,

Аллаяр Аҳмедов,

Ёнғин хавфсизлиги институти илмий ходими.