ЖАМИЯТ

ЁМОН ЎЙ-ХАЁЛЛАР ТУРЛИ ХАСТАЛИКЛАРГА САБАБ БЎЛИШИ МУМКИН(МИ?)


03.02.2021   13850

Тез-тез қайталанувчи томоқ оғриқлари асаб зўриқиши асорати, узоқни хира кўриш, ҳуснбузарлар эса ўзини борича қабул қила олмаслик ёки кучли қўрқув таъсирида авж олади.

Киши саломатлигидаги ўзгаришларга ғам-ташвишлар, хафагарчилик, аламзадалик, қўрқув каби психологик омиллар сабаб бўлиши мумкин. Ушбу ҳолат, яъни психосоматика тўғрисидаги саволларга «Асаб ва руҳият» тиббий-психологик ёрдам маркази директори, профессор Зарифбой Ибодуллаев жавоб беради.

— Илм-фан касаллик руҳий ҳолатга боғлиқлигига нима дейди?

— Илм-фан психологик ҳолатнинг инсон танасига таъсирини инкор этмайди. Аксарият ҳолларда ҳиссиётларимиз, ўй-хаёлларимиз турли хасталикларга туртки бўлиши мумкин. Масалан, муҳим йиғилиш олдидан кўпчилик қаттиқ ҳаяжонланади. Айниқса, йиғилишда нутқ сўзлаш керак бўлса ёки лойиҳа тақдимоти режа қилинса, ҳис-ҳаяжон икки карра ортади.

Бундай пайтда киши беихтиёр «Гапира олмасамчи?», «Уддалай олмасамчи?..», дея хавотирга тушади. Натижада онгости санаб ўтилган ҳолатлардан бирини танлайди ва унга мос равишда безовталикларни пайдо қилади.

Мисол учун, ўз-ўзидан томоқ оғриб қолиши мумкин ёки аллергия, ҳуснбузар тошиши кузатилади. Аввалги кунларда соппа-соғ юрган одам нима сабабдан ўзини ёмон ҳис этиши мумкин, сизнинг-ча? Психосоматика ушбу ҳодисани ўй-хаёллар таъсирида юзага келган дейди.

— Кишининг хасталикка чалиниши унинг ўй-хаёллари билан ҳам боғлиқми?

— Шифокорлар психик оғирлик қандли диабет, бронхиал астма ва яна бир қанча касалликларни келтириб чиқариши мумкин, деб ҳисоблашади. Шунингдек, одам ўзига-ўзи хасталикни тўқиб чиқариши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Баъзан бу ҳақиқий касалликка олиб келади.

Дейлик, бош оғриғидан азият чекаётган одам оғриқсизлантирувчи дорилардан фойдалансада, ўзича жиддий патологияларни тахмин қилади: «бошимда ўсма бор бўлса керак», деб хавотирланади.

Ҳар сафар у шу ҳақда ўйлаганида онгости ахборотни маъқуллайди. Кўп ўтмай, ҳақиқатан ҳам, жиддий безовталик келиб чиқиши мумкин. Тўғри, тиббиётда ўсма касалликлари тамоман бошқа сабаблар билан юзага келади. Аммо психосоматика мутахассислари ушбу ҳодисани инсон ўй-фикрлари билан боғлашади.

Шунинг учун ҳам доимо шифокорлар беморларга яхши нарсаларни ўйлаш, кайфиятни кўтаришни тавсия этади. Профессор З. Ибодуллаев билан суҳбатни Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати олиб борди.

Манба: yuz.uz