Жамият

Ёлғон хабар: ЎЗБЕКИСТОНГА ЧИГИРТКАЛАР ТУРКМАНИСТОНДАН КИРИБ КЕЛМАГАН


16.05.2020   1419

Ижтимоий тармоқларда Туркманистондан мамлакатимизга чигирткалар ёпирилиб кириб келгани ҳақида хабарлар тарқалиб, улар карантин ва об-ҳавонинг инжиқликлари кузатилаётган бугунги шароитда қишлоқ хўжалигига катта зиён етказиши айтилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ахборот хизмати чигирткалар билан боғлиқ ҳолат юзасидан маълумот берди.

Таъкидланишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳадаги чигирткалар четдан келмаган, балки табиатнинг ажралмас аъзоси сифатида ҳудуднинг ўзида пайдо бўлган. Улар узоқ ҳудудларга, мамлакатдан мамлакатга кўчиб ўтиши учун қанот чиқариб, вояга етиши керак. Бунга эса Чигирткаларга қарши кураш хизмати асло йўл бермайди.

Маълумот учун айтиш жоизки, Ўзбекистонда чигиртканинг 150 дан ортиқ тури учрайди, улардан 10 тури қишлоқ хўжалик экинлари, яйловлар ва бошқа ўсимликларга катта зарар етказиши мумкин. Чигирткалар яшаш тарзига қараб 2 гуруҳга ажратилади. Булар тўда ҳосил қилиб яшовчи Марокаш, Осиё ва воҳа чигирткалари ҳамда тўда ҳосил қилмайдиган (маҳаллий) чигирткалардир.

Кенг тарқалган чигиртка турларидан бири Марокаш чигирткаси бўлиб, улар Шимолий Африка давлатлари ҳудудидан Хитойнинг Шарқий Туркистон ўлкасигача, қарийб 10 миллион квадрат километр бўлган тоғ олди майдонларининг ярим чўлларида тарқалган. Ўзбекистонда Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятининг денгиз сатҳидан 250 метр баландликларда бўлган ҳамма ҳудудларида, Навоий, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятлари ва Фарғона водийсининг яйловларда кенг тарқалган. Ушбу чигиртка личинкалари эрта баҳорда тупроқнинг устки қатлами ҳарорати +10 даражага етганда, яъни март ойининг охирларида, баҳор салқин келган йилларда эса апрель ойининг ўрталарида чиқади.

Чигирткалар барча қишлоқ хўжалик ўсимликларини зарарлайди. Айниқса арпа, буғдой, оқ жўхори, тариқ, маккажўхори, тамаки, беда, ғўза ва полиз экинларига катта зарар етказади. Ёппасига кўпайган йилларда ток ва мевали дарахтларнинг барглари билан ҳам озиқланади. Зарарли бу ҳашаротлар Ўзбекистон худудида қадим замонлардан буён мавжуд. Тарихий маълумотларга кўра, ўтган асрнинг биринчи ярмида очарчиликларга ҳам сабаб бўлган. Шундан сўнг бу масалага жиддий эътибор қаратилиб, зарали чигирткаларни илмий нуқтаи-назардан ўрганиш асосида самарали кураш чора-тадбирлари ишлаб чиқилган.

Ҳозирда мамлакатимизда Чигирткаларга қарши кураш хизмати фаолият юритаётган бўлиб, ушбу ташкилотнинг барча вилоятларда бўлимлари мавжуд. Хизмат ходимлари олимлар билан ҳамкорликда ишлаб, зарарли чигирткаларнинг пайдо бўлиш ўчоқларини аниқлаш, қишлаш шароитлари ва муддатларини ўрганиш, таҳлилий маълумотларини ишлаб чиқиш ва жойларга етказиш асосида самарали кураш тадбирларини ўтказиб келмоқда.

Хусусан, мамлакат бўйича 2019 йилда 503,4 минг гектар майдонларда ишловлар ўтказилиб, чигирткаларнинг қишлоқ хўжалиги экинларига зарари бартараф этилган. 2020 йилда республика бўйича зарарли чигирткаларнинг 597,9 минг гектарда тарқалиши ва кимёвий ишлов ўтказилиши башорат қилинган. Шуларни инобатга олган ҳолда бу йилги кураш тадбирларини муваффақиятли ўтказиш бўйича техника ва кимёвий воситалар захираси тўлиқ яратилган.

Бугунги кунда республика бўйича зарарли чигирткаларнинг 122,2 минг гектар майдонда тарқалгани аниқланиб, ҳозирда 112 минг гектар майдонда кимёвий ишловлар ўтказилди. Жумладан, Қашқадарёда 38,1 минг, Сурхондарёда 31 минг, Жиззахда 23 минг, Самарқандда 7,7 минг, Тошкентда 6,1 минг, Навоийда 5,1 минг, Фарғонада 754, Сирдарёда 177, Бухорода 66 гектар ва Андижон вилоятида 40 гектар майдон кимёвий дориланди.

Вазият назоратга олинган.

Манба: ЎзА.