ЖАМИЯТ

ЁЛҒИЗ ЎҒЛИНИНГ ЎЛИМИ УЧУН ХУН ТАЛАБ ҚИЛГАН КАМПИРНИ АДОЛАТИ БИЛАН ЛОЛ ҚОЛДИРГАН СУЛТОН КИМ ЭДИ?


02.02.2020   1708

Номи афсоналарга йўғрилган туркий ҳукмдорлардан бири Салжуқийлар салтанатининг сўнгги ҳукмдори Султон Муиззиддин Абул Хорис Санжар ибн Маликшоҳдир.

Маълумотларга кўра, у Ироқнинг ҳозирги Синжар шаҳри ҳудудида 1086 йилда туғилган. Айрим маълумотларга кўра, унинг исми ўзи туғилган шаҳар номидан олинган дейилса, бошқа манбаларда туркий тилдаги “санчар, санчувчи, ҳужум қилувчи” маъноларини бериши айтилади.

У акаси султон Ғиёсиддин вафотидан сўнг, 1118 йили тахтга ўтиради. У ўз давлатининг пойтахтини ҳозирги Туркманистон ҳудудидаги Марв (Мари) шаҳри ҳудудига кўчирган. Кейинчалик Мовароуннаҳр, Хуросон ва Хоразмни ўзида бирлаштирган улкан салтанатга асос солган.

Маълумотларга кўра, Султон Санжарнинг номи Қашқардан Ямангача, Ғазнадан Умонгача, Онадўлидан то Ҳижозгача хутбага қўшиб ўқилган. Бироқ, 1141 йилда Мовароуннаҳрга Қорахитойларнинг бостириб кириши Султон Санжар ҳокимиятини заифлаштирган. Айниқса, Қатвон чўлидаги жанг Салжуқийларни қақшатқич зарбага учратади.

Гарчи узоқ уринишлардан сўнг у ҳокимиятнинг бир қисмини қайтариб олишга муваффақ бўлса-да, олдинги куч-қудратини йўқотиб бўлганди. Тарихий маълумотларга кўра, Султон Санжар 1157 йилда Марв шаҳрида оғир хасталикдан вафот этади.

Султон Санжар ўз даврида фан, маданият ва санъат ҳомийси сифатида ҳам довруқ таратади. Унинг саройида ўз даврининг машҳур шоир ва уламолари тўпланган. У Марв ва бошқа кўпгина шаҳарлар, жумладан, Самарқандда ҳам бир қатор меъморий ёдгорликлар қурдиргани маълум. Бироқ, бу бинолар мўғуллар босқини пайтида вайрон қилинган.

РИВОЯТЛАР ТИЛГА КИРГАНДА...

Султон халқ оғзаки ижоди ва бадиий адабиётда адолатли, халқпарвар, оқил ҳукмдор сифатида гавдаланади. Халқ орасида Султон Санжар номи афсона ва ривоятларга йўғрилиб кетган. Бир ривоятга кўра, Султон Санжар ўзига сарой қурдирмоқчи бўлади. Лекин саройнинг марказида ўрнатиш учун баланд, тўғри устун керак бўлади. Унга мос дарахтни ҳеч қаердан топа олишмайди. Ниҳоят бир кампирнинг ҳовлисида устунбоп дарахт топилади. Шоҳ ушбу дарахт учун кампирга жуда катта инъомлар беради. Шу билан бирга, истаган пайтда саройга келиб, уни кўтариб турган устунни кўриб кетиш ҳуқуқини беради.

Кампир сарой битгач, томошага келади ва унга кўрк бағишлаб турган устунни оҳиста силайди: “Агар сен эгри ўсганингда аллақачон ўтинга айланардинг, тўғрилигинг сабаб султон саройидан жой олдинг, менга ҳам катта давлат ва иззат олиб келдинг”...

“ШОҲ ҒОЗИЙ” ҲИММАТИ

Бу мазмундаги ҳикоятлар мумтоз адабиётга ҳам кўчиб ўтган. Шарқдаги “Хамса”чилик анъанаси асосчиси Низомий Ганжавийнинг “Маҳзанул асрор” достонида ҳам бу ҳақда бир ҳикоят баён этилган.

Эмишки, кунларнинг бирида Султон Санжар душманларга қарши жангда ғалаба қозониб, ўз пойтахтига кириб келганида, бир кампир келиб, унга арз қилади. Султон сабр ва иззат билан кампирни қабул қилади. Кампир бир куни кечаси миршаблар унинг уйига бостириб кириб, талон-торож қилишгани, ўзини тепкилашганидан шикоят қилади. Султонга адолат ва раиятпарварлик ҳақида насиҳатлар қилади. Бироқ, султон унинг сўзларига қулоқ осмайди.

Бу ривоятнинг турли кўринишлари мавжуд. Ҳазрат Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” достонида ҳам “Шоҳ Ғозий ва кампир” ҳикояти мавжуд бўлиб, унда воқеалар сал бошқачароқ талқин қилинади.

Кампир Шоҳ Ғозийнинг ҳузурига келиб, унинг аскарлари бир жангда якка-ю ёлғиз ўғлини ўлдиришгани, бунинг шоҳ қонун олдида жавоб бериши лозимлигини айтади. Шоҳ кампирнинг талабини қондириш учун у билан қозининг ҳузурига боради. Қози ҳам ҳаққоний ҳукм чиқаради. Шоҳ ё кампирнинг ўғли учун хун пули тўлаши лозим ё кампирга қасос олиш имконини бериш керак. Шунда шоҳ иккиланмасдан юз ҳамён тилла ва қилич келтиришларини буюради: “Хун баҳоси учун мана пул, қасос олмоқчи бўлсанг, мана шамшир!”

Кампир унинг адолатидан лол қолади ва шоҳнинг оёғига йиқилиб узр сўрайди. Шоҳ эса кампирнинг иззат-ҳурматини ўз ўрнига қўйиб, уни олтин-у кумушга кўмади.

Ҳазрат Навоий бу ўринда Султон Санжар номини тилга олмаса-да, сўз айнан у ҳақда кетаётганга ўхшайди. Чунки Султон Санжарнинг ғайридин ўғузларга қарши курашиб, Ғозий номини олгани тарихдан маълум. Бошқа бир гуруҳ олимлар эса, бу ўринда сўз Ҳусайн Бойқаро ҳақида бораётганини айтадилар. Чунки Навоий кўп асарларида ўз дўстига “Шо Ғозий” дея мурожаат қилади.

НЕЧТА СУЛТОН САНЖАР БОР?

Кўп ўринларда у ўз дўстини адолат ва куч-қудратда Султон Санжар билан қиёслаган. Ҳусайн Бойқарога атаб ёзилган “Туҳфатул-афкор” қасидасида шундай мисралар бор:

Мулки дил пири жавонро ҳаст ободон зи ишқ,

Бонии Марви куҳан Санжар зи нав ҳам Санжар аст.

Бу ўринда ишқ кекса-ю ёшнинг қалбини бирдек обод қилишини айтиб, чиройли ўхшатиш қилади. Кўҳна Марвни Санжар бино қилганди, янги Марвни ҳам у бошқармоқда. Бу ўринда Навоий уч аср аввал Марвнинг ҳокими Султон Санжар бўлгани-ю, ҳозир ҳам Султон Санжар исмли бошқа бир ҳукмдор шаҳарни бошқараётганини эслатади. Тарихдан маълумки, Султон Ҳусайн Бойқаро тахтни эгаллашидан аввал бир муддат Марв ҳукмдори бўлган Султон Санжар ҳузурида яшаган ва унинг қизи Бека Султонбегимга уйланган. Шу боис ҳар икки ҳукмдорни фарқлаш мақсадида Салжуқийлар ҳукмдори бўлган Султон Санжар номига “Мозий” (аввалги, ўтган замондаги) сифатига қўшиб айтишган.

Шу билан бирга, Ҳазрат Навоий ҳам Марвда маълум муддат яшаган, бу пайтга келиб, вайронага айланган Султон Санжар Мозий мақбарасини қайта тиклашда бош-қош бўлган.

Рустам ЖАББОРОВ

тайёрлади.

Манба: ЎзА