Андижон 24

ЁДГОРБЕК ЧИҚИНДИДАН ПОРТРЕТ ЯРАТДИ, АЗИЗБЕК КЎЗАДАН ШАРШАРА


19.03.2019   2909

Пахтаободлик Ёдгорбек Урайимжонов санъатнинг ноёб ва антиқа усули билан шуғулланади. Трикотаж маҳсулотлари ҳамда пахта чиқиндиларидан портретлар яратади. Уларда юртимиз сийрати, меҳнаткаш халқимизнинг туриш-турмуши, миллий қадриятларимизни акс эттиришга ҳаракат қилади.

-Бугунги кунда ўнлаб шогирдларимга ушбу санъат сирларини ўргатмоқдаман, -дейди ижодкор-ҳунарманд. - Регистон майдонидаги ҳунармандлар марказида ижодий устахонамиз бор. Айни кунда асарларимизга хорижий меҳмонларнинг қизиқиши баланд. Ёшлар марказида алоҳида тўгарак очганман. Улар иштиёқ билан ҳунар ўрганишмоқда.


Хонободда Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан ўтказилган вилоят байрам тадбирига 34 та йўналишдаги ҳунармандлар қатори Ёдгорбек ҳам янгилик билан келди. Ойнага гул босиб, шам билан бўрттирма ишлов бериш орқали санъат асари яратишижодкордан катта маҳорат ва тажрибани талаб этади.

-Вилоятимиздаги ҳунармандлардан ташқари пойтахтдан заргарлар ўз маҳсулотлари билан ташриф буюрган, - деди суҳбатдошимиз – вилоят ҳунармандлар бошқармаси бошлиғи Шаҳлохон Солиева. – Уларнинг ишларига байрам иштирокчилари катта баҳо бермоқдалар. Маълумки, Хонободдаги Шохсупа минораси машҳур уста Йўлбарсали Ўтаганов томонидан яратилган. Бугун унинг фарзанди Умидилло Ўтаганов ёнғоқ дарахтидан тайёрланган санъат намуналари билан иштирок этмоқда. Айниқса, чаён шаклидаги курси барчанинг эътиборини тортди.

Кулол Азизбек Исроиловнинг “Шаршара” номли кўзаси ҳам кўпчиликка манзур бўлди. Сув айланиш механизмидан фойдаланиб яратилган топилма хонадон, офис ёки муассасаларга кўрк бағишлаши тайин.

-Бизга яратилган имкониятлардан фойдаланиб, кўплаб янгиликларни яратмоқдамиз, - дейди Азизбек. - Ландшафт, дизайн йўналишидаги ишларимизга эҳтиёж катта. Янги бунёд бўлаётган иншоотлар ва унинг атрофини миллий ва замонавий услубда безаш тоборо урф бўлиб бормоқда. Биз ўз санъатимизни ёшларга ўргатиб, уларнинг сафини кенгайтиряпмиз.

Байрам шодиёналарида пичоқчилик, стол-стул, мебель жиҳозларининг модернизация усуллари, турли хил қўғирчоқлар, мусиқа асбоблари, сувинерларнинг янгича кўринишлари намойиш этилди. Туризм ривожланиб бораётган бугунги шароитда миллий ҳунармандчилик соҳасидаги бу каби ижобий силжишлар хорижий сайёҳларнинг эътирофида ҳам ўз аксини топмоқда.

«auz.uz» online group.