Андижон 24

ЯШОВЧАН ИЛЛАТ: унга қарши курашда ҳамкорлик зарур


11.07.2018   2246

Республика “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури ижроси доирасида ўтказган сўровда қатнашганларнинг ярмидан кўпи жамиятимизда коррупция мавжуд, деб ҳисобламоқда. Бу фикрнинг иккита томони бор. Манфийлиги - коррупция ҳаётимизнинг барча соҳаларига кириб борганлигини тан олишдир. Мусбат томони - демак,аҳоли ўртасида мана шундай яширин мавзуда ҳам очиқ-ойдин фикр билдириш имконияти яратилди.

Олтинкўл тумани маданият бўлимида иқтисодиёт тизими соҳалари вакиллари иштирокида ўтказилган йиғинда коррупциянинг келиб чиқишига замин бўлаётган шарт-шароитлар, уларни аниқлаш ва таҳлил натижалари муҳокама қилинди.Туман ҳокимлиги молия бўлимининг мудири Азизбек Халилов, ҳуқуқшунос Омадбек Тўхтасинов давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг ходимлари хизмат вазифаларини адо этиш чоғида мансабни суиистеъмол қилиш, муомала маданиятига риоя этмаслик ҳолатлари фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлишини таъкидладилар.

Коррупция энг кўп кириб борган тизимлар сифатида соғлиқни сақлаш ва таълим соҳалари эътироф этилаётганлиги ташвишлидир. Туман прокурори катта ёрдамчиси Мадиёр Мадаминов, халқ таълими бўлими мудири Арофатхон Атажонова аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш механизми ноқонуний ҳатти-ҳаракатларга барҳам беришнинг муқобил йўналиши бўлаётганлигини ҳаётий мисоллар билан асослаб бердилар. “Одамгарчилик” деб ниқобланган шаклда кўрсатиладиган хизмат учун моддий миннатдорчилик изҳор этиш охир-оқибат коррупцияга эшик очади. Бюджет ташкилотлари ишига ноқонуний аралашув ҳолатларига чек қўйиш пайти келди.

Иқтисодиёт тизимидаги сешанба ва жума кунлари ўтказилаётган ўқувларга жамиятга ёт иллатнинг омиллари ва унга қарши кураш мавзулари киритиладиган бўлди.

Собиржон ЮСУПОВ.