Андижон 24

ЯШАШ УЙИДА ҚИМОРХОНА ТАШКИЛ ЭТГАН ШАХС ЖАЗОГА ТОРТИЛДИ


29.07.2019   1634

БУЛОҚБОШИ (auz.uz). – Ўзи яшайдиган хонадонда қиморхона ташкил этиш учун зарур шароитларни яратиб, бир нечта фуқаролар билан “ошиқ” ўйини ўйнаётганда қўлга олинган шахсга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда auz.uzга Булоқбоши туман ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлинмаси бошлиғи капитан Ш. Косимов хабар бермоқда.

Булоқбоши туманидаги 1-умумтаълим мактабида ўтган очиқ сайёр суд мажлисида фуқаро Б. А.га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқилди.

Суд судланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмаларини эшитиб, томонларнинг музокара нутқларини, судланувчининг музокара ва охирги сўзларини тинглаб, жиноят иши материалларини ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқиб, қуйидагиларни аниқлаган. Яъни, судланувчи Б. А. ўтган йилнинг 17 ноябрь куни соат 24:00 ларда ўзининг Булоқбоши тумани, Қумгузар маҳалласи, Намуна кўчасидаги яшаш хонадонида қиморхона ташкил қилиб, фуқаролар М.А., С.Н., У.А., И.Л. ва А.Х. лар билан “ошиқ” ўйинини ўйнаётганида вилоят ИИБ ва Булоқбоши туман ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида ушланган ҳамда ўйин учун тикилган 1 миллион 736 минг сўм, чўтал учун олинган 100 минг сўм пул ҳамда 4 дона ҳайвон ошиқ суяги ашёвий далил тариқасида олинган.

Судланувчи Б. А. айбига тўлиқ иқрор бўлиб, ҳақиқатан танишлари билан қимор ўйинлари ташкил қилиб, ўйнаб келишини, ўйин қоидасига кўра, ташкилотчи жой тайёрлаб, шартли равишда “ош” борлиги ҳақида хабар беришини, сўнг қолганлар танишларини келишилган жойга олиб келишларини, унга ташкиллаганлиги учун чўтал ажратилишини, ўйнаётганлар ютуққа қараб 2000-3000 сўмдан чўтал бериб туришганида ушланганлигини, ҳозирда қилмишидан пушаймонлигини билдириб, енгиллик беришини сўради.

Суд ҳукмига асосан Б. А. Жиноят Кодексининг 278-моддасининг 1-қисми билан айбли деб топилиб, унга 4 (тўрт) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Мазкур Кодекснинг 72-моддасига асосан чиқарилган ҳукм шартли ҳисобланиб, жазо 2 (икки) йил синов муддати белгиланди.

Маҳкум зиммасига синов муддати даврида яшаш жойини ўзгартирмаслик, агар яшаш жойи ўзгарса, бу ҳақда унинг ҳулқи устидан назорат олиб борувчи органларга хабар бериб туриш ва ҳар ойнинг 10 ва 25 саналарида назорат олиб борувчи органга келиб, рўйхатдан ўтиб туриш мажбуриятлари юклатилди.

Унинг ҳулқи устидан назорат олиб бориш Булоқбоши туман ИИБ пробация гуруҳига, иш бўйича ашёвий далил деб эътироф этилган пуллар вилоят ИИБнинг АТИБ “Ипотекабанк” Андижон вилоят филиалидаги депозит ҳисоб-рақамига топшириш юклатилди.