ЯРОҚСИЗ МАИШИЙ ГАЗ БАЛЛОНЛАРИ СИНОВДАН ЎТКАЗИЛМОҚДА

28.07.2023 246
“Қўрғонтепа” газ тўлдириш шохобчаси вилоятнинг Хонобод ва Қорасув шаҳарлари, Қўрғонтепа, Жалақудуқ ва Хўжаобод туманлари истеъмолчиларигахизмат кўрсатади. Мазкур шохобчанинг ойлик газ тўлдириш қуввати 1000 тонна ва газ сақлаш қуввати 50 тоннани ташкил этади. Бир вақтнинг ўзида 3 та махсус газ ташиш автотранспортларига хизмат қилиш имкониятига эга. Ўтган йил давомида 9 ярим тоннага яқин газ қуйиб етказиб берилган.
“Аҳолига суюлтирилган газни ўз вақтида етказиб бериш учун учун газ тўлдириш шохобчасида ҳам моддий-техник базани янгилаш ишлари олиб борилган, - дейди ГТШ бошлиғи Сардорбек Нурматов. - Ишчи-ходимларга эса кўнгилдагидек шароитлар яратилган. Хусусан, улар учун махсус овқатланиш хоналари, ишдан сўнг ювиниш ва дам олиш хоналари барпо этилган. Шохобча электрон тарозилар билан таъминланган бўлиб, газ қуйиш ишлари махсус камералар орқали бевосита кузатиб борилади.”
Маиший газ баллондан фойдаланишда унинг яроқлилик даври мавжуд бўлиб, маиший газ баллонлари биринчи марта 5 йилга, кейин эса уч йилга синовда ўтказилади. Ҳозирда, ҳар бир ГТШ қошида махсус синов цехлари мавжуд бўлиб, ўтган йилда “Қўрғонтепа” ГТШ қошидаги синовдан ўтказиш цехида5 608 дона маиший газ баллонлари синовдан ўтказилган. Жорий йилнинг 1 август ҳолатига кўра мутахассислар томонидан 5000 дан ортиқ маиший газ баллонлари синалди.
-Синовдан ўтказишдан олдин маиший газ баллони оғир қолдиқдан бўшатилиб, махсус ускунага ўрнатилади. Сўнгра баллон сув билан тўлдирилади. Маиший газ баллон 25 кг босим остида 7-10 дақиқа синалади. Босим остида синаш вақтида маиший газ баллоннинг ҳолати кўздан кечирилади. Агар баллонда сув сизиб чиқиши, ишиш ҳолати сезилса, ушбу баллон яроқсиз ҳисобланади ва утилизация қилинади. Синовда ўтган баллонларга тепа қисмидаги махсус ёрлиққа синов муддати муҳрланади. Барча иш якунига етгач, уларни бўёқлаб, сўнг фойдаланиш учун топширяпмиз, -дея ўртоқлашди “Асака” ГТШнинг синовчи мутахассиси Ҳаётбек Тажибаев.
Шу ўринда, истеъмолчиларга алоҳида таъкидлашни истардикки, суюлтирилган газ баллонида ҳосил бўлувчи оғир қолдиқ ўзбошимчалик билан тўкиш мумкин эмас, уни тўкиб олувчи махсус жойлар ва ускуналар бор. Оғир қолдиқни тўкманг ва ҳаётингизни хавф остига қўйманг.
“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали