Жамият

ЯРАШГАНЛИК МУНОСАБАТИ БИЛАН 26 ТА ШАХС ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИКДАН ОЗОД ҚИЛИНДИ


25.07.2019   197

Мустақиллик йилларида суд ҳокимиятининг фаолияти жамиятда ижтимоий адолат ўрнатиш, қонун устуворлигин таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини муҳофаза этишга қаратилгани бежиз эмас.

2001 йил 29 августда қабул қилинган “Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноя-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонунининг қабул қилиниши туфайли мамлакатнинг жиноят ва жиноят-процессуал қонунлари инсонпарварлик ғоялари асосида чуқур ислоҳ этилди.

Жиноят қонунчилигига ярашув институтининг жорий этилганлиги мазкур Қонуннинг энг муҳим жиҳатларидан биридир. Ярашув институти жиноий жавобгарликдан озод қилишнинг бир тури сифатида шахснинг айбдорлик масаласини ҳал қилмай туриб жиноят ишини тугатиш учун асос бўлади.

Жиноят кодексининг 661-моддасида ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиш асослари белгиланган.

Унга кўра, ЖКнинг 661-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахс, агар у ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, жиноий жавобгарликдан озод этилиши мумкин.

ЖКнинг 661-моддасига кўра, ЖКнинг 105-моддасининг биринчи қисмида (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш), 106-моддасида (руҳий хаяжонланиш ҳаолатида қасддан баданга оғир ёки ўртача оғир шикаст етказиш), 107-моддасида (зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиб, қасддан баданга оғир шикаст етказиш), 122-моддасида (вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш), 123-моддасида (ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлаш), 139-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида (туҳмат), 140-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида (ҳақорат қилиш), 168-моддасининг биринчи қисмида (фирибгарлик), 169-моддасининг биринчи қисмида (ўғрилик),
266-моддасининг биринчи қисмида (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш), 277-моддасининг биринчи қисмида (безорилик) каби жами 45 та моддада назарда тутилган жиноят таркиби бўйича ярашув институтини қўллаш имконияти мавжуд.

Қонун талабига кўра, оғир ёки ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилинмайди.

Тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан шахсни жиноий жавобгарликдан озод қилиш нафақат суриштирув ёки тергов босқичида ярашувга келишилган ишлар бўйича, балки жиноят иши айблов хулосаси билан судга келиб тушганидан сўнг суд алоҳида киргунига қадар, жабрланувчи томонидан ярашганлик тўғриисдаги ариза тақдим этилган ишлар бўйича ҳам амалга оширилади. Бунда фақат содир қилинган жиноят ЖКнинг 661-моддасида назарда тутилган бўлиши шарт.

Аризада етказилган зарар бартараф этилгани, шунинглек ярашилганлиги муносабати билан жиноят иши бўйича иш юритилишини тугатиш тўғрисидаги илтимос кўрсатилган бўлиши шарт. Агар ярашув тўғрисидаги ариза биринчи инстанция судида суд муҳокамасидан ўтказилаётганда берилган бўлса, суд уни дарҳол кўриб чиқишга киришади. Агар иш бўйича бир неча жабрланувчи бўлса, фақат барча жабрланувчилар билан ярашувга эришилган тақдирда ярашув тўғрисидаги ишни юритиш мумкин.

Ярашув институтини амалиётда қўлланилишини жиноят ишлари бўйича Андижон туман суди мисолида кўрадиган бўлсак, 2018 йил давомида 339 та шахсга оид жиноят иши тамомланган бўлса, шундан 65 та шахсга нисбатан юритилган жиноят иши тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатилган. 2019 йилнинг биринчи ярмида эса 135 та шахсга оид жиноят иши тамомланган бўлса, шундан 26 та шахсга оид жиноят иши тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатилган.

А. КЕНЖАЕВ,

Жиноят ишлари бўйича

Андижон тумани суди раиси