Иқтисодиёт

Янгилик: замонавий терминаллар солиқ тўловчиларга қулайлик яратади


08.11.2017   375

Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб моҳияти инсон ва унинг манфаатларини қўллаб-қувватлашга қаратилган. Бунинг ифодаси ўлароқ, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 октябрдаги "Жисмоний шахслардан солиқлар йиғишни амалга ошириш учун участка солиқ инспекторларини тўлов терминаллари билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

Бу меъёрий ҳужжат Президентимизнинг жорий йил 18 июлдаги "Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ижросини таъминлашга хизмат қилади.

Қарорга биноан, 2017 йилнинг 1 ноябригача жойлардаги участка солиқ инспекторлари жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиқлари бўйича маблағлар йиғишни амалга оширишлари учун тўлов терминаллари билан таъминланди.

Тижорат банкларига Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига ҳудудлардаги участ-ка солиқ инспекторларини замонавий ва кўп функцияли тўлов терминаллари билан таъминлаш учун белгиланган муддатда 2190 та терминал ажратиш вазифаси топширилди.

Бу, солиқ тўловчилар учун қулайлик яратади. Энди сиз мол-мулк ва ер солиқлари учун тўловларни давлат солиқ инспекциялари ёки тижорат банкларига бормасдан бевосита участка солиқ инспекторига терминал орқали тўлашингиз мумкин.

Г. ЖАББОРОВА.