Андижон 24

Янгиланишлардан юксалаётган Андижон: ЯНГИЧА КОММУНАЛ ХИЗМАТНИНГ АФЗАЛЛИКЛАРИ


25.02.2021   1923

Қаерда одам кўп бўлса, ўша ерда ўзига яраша ютуқлар ҳам, муаммолар ҳам бўлади. Айниқса, кўп қаватли уйларнинг ҳаммасида ҳам қулай шароит, тўла-тўкислик бўлиши қийин масала. Шунинг учун давлатимиз раҳбари 2020 йилнинг 22 майида Андижонга ташрифи чоғида вилоятнинг Пахтаобод ва Қўрғонтепа туманларида кўп қаватли уйлар қуриш, уларни муҳандислик коммуникациялари билан таъминлаш борасида мутасаддиларга Андижон тажрибасини яратиш вазифасини ҳам топширган эди. Шу маънода, мазкур ҳудудлардаги кўп қаватли уйларда аҳолига яратилаётган қулайликлар билан қизиқдик. Дастлаб, Қўрғонтепа туманида эндигина фаолият бошлаган янги уй-жой коммунал сервис бошқарув ташкилотида бўлдик.

Туманда мавжуд 66 та кўп қаватли уйларни қамраб олган бу ташкилот халқ тили билан айтганда, аввалги “ЖЭК”ларнинг замонавий кўриниши аслида. Асосий мақсад — кўп қаватли уйларда яшовчиларга қулайлик яратиш. Ташкилотда 100 дан зиёд хизмат тури мавжуд бўлиб, канализация, ичимлик сув, электр таъминоти каби муаммоларни тез ва сифатли бартараф этиш, шулар жумласидан. Бошқарув ташкилоти раҳбари Нурмат Мамадалиевнинг бизга берган маълумотига кўра, ташкилотнинг 20 кунлик фаолияти мобайнида коммунал хизмат кўрсатиш юзасидан кўплаб мурожаат келиб тушган ва улар тезкор, сифатли бажарилган. 20 йилдан буён кўп қаватли уйда истиқомат қилаётган Комила Юнусова янги ташкилот фаолиятидан миннатдорлигини хизмат нархларининг ташқаридан анча арзонлиги билан боғлади. Мабодо, хизмат сифатсиз бўлса, жавобгарни топиш ҳам осонлиги, бунинг учун 11-84 қисқа рақамига қўнғироқ қилишнинг ўзи етарли бўлишини таъкидлади. Зеро, у туну кун узлуксиз ишлаши, кўнгилсиз ҳодиса тўғрисида хабар беришга қулайлиги билан аҳамиятли. Яқинда эҳтиётсизлик туфайли хонадонига сув тошиб кетгани юзасидан мурожаат қилган Комила опа ташкилот ходимлари томонидан муаммолар тез ва сифатли бартараф этилганидан хурсанд. Биз билан суҳбатда яна кўплаб аҳоли вакиллари янги бошқарув ташкилоти халқ ишончини шу тарзда оқлаб, шу йўлда кетса, фаолияти давомли бўлишини алоҳида айтиб ўтди. Кейинги манзилимиз “Пахтаобод — обод уй” сервис бошқарув компаниясининг ихчам ва шинам биноси бўлди.

Туманда мавжуд кўп қаватли 50 та уй аҳолисига хизмат кўрсатаётган бу ташкилот иш бошлаганига 2 ой бўлди. Қисқа давр мобайнида ўз йўлини топишга муваффақ бўлган ёш ходимлар ҳақида кўп қаватли уйда 37 йилдан буён яшаб келаётган Тожихон опа Одилбоевадан эшитдик. Икки мингинчи йилдан буён ширкатга аъзо бу онахон янги ташкилотда иш бошлаган ёшларга ўз тажрибасини ўргатиб, уларни ҳалол меҳнат қилишга ундаб келади. — Кўп қаватли уйларга коммунал хизмат кўрсатишни бошқаришнинг турли шаклларини кўрдик, — дейди Тожихон опа. — Янги ислоҳотлардан жуда хурсандман. Томлардан чакки ўтар, канализациялар яхши ишламас эди. Ушбу сервис бошқарув компанияси иш бошлаганидан буён ҳаммаси ўзгарди. Кўнглим тўқ, биламанки, булар бизни аро йўлда қолдирмайди. Ҳар битта маслаҳатимни тўғри қабул қилишади. Илоҳим, буларнинг ҳаракатларига кўз тегмасин! — Шу кунгача 68 та мурожаат келиб тушди. Муаммоларнинг барини жойида ҳал қилдик. 24 соат ишлаяпмиз. Аҳоли хурсанд. Мақсадимиз — одамларга қулайлик яратиш, коммунал хизмат билан боғлиқ муаммоларни тез бартараф этиш, — деди биз билан суҳбатда бошқарув компанияси раҳбари Шоҳислом Қўлдошев. — Ҳозирда барча уйлар атрофлари ободонлаштирилиб, гул кўчатлари, манзарали дарахтлар экиляпти. Ҳа, бугуннинг ёшлари ижодкор, янгиликларга интилувчи. Фақат уларни қўллаб-қувватлаш, тўғри йўналтириш керак, холос. Ана шунда бошқарув ташкилотларида халққа холис хизмат учун бел боғлаган ёшлар тез фурсатда одамлар ҳаётида муносиб ўрин тутишига шубҳа йўқ.

Муножат МЎМИНОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири.