Андижон 24

ЯНГИЧА ЁНДАШУВ: БУЙРУҚБОЗЛИК КАМАЙСА, ТАДБИРКОРЛИК КУЧАЯДИ


25.11.2018   2069

- дейди судья Бегзодбек Сотволдиев

Ҳозир идорада ўтириб ишлайдиган давр эмас. Одамлар муаммоларини кўтариб давлат идораларига келиши кўпдан-кўп қийинчиликларни юзага келтираётган эди. Қўрғонтепа туманлараро иқтисодий суди раиси Бегзодбек Сотволдиев бевосита меҳнат жамоаларига бориб, кун тартибида турган масалаларни ўрганишга қарор қилди.

Шундай мулоқот Хонобод шаҳри давлат солиқ инспекциясида бўлди. Тадбиркорлар, солиқ тизими мутахассислари иштирокида битта муҳим масала кўндаланг қўйилди. Маълумки, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясида иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш вазифаси қўйилган эди. Бу борада бугун қандай иш ташкил этиляпти?

Суд раиси хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш орқали рақобат муҳитини шакллантириш, акциядорлик жамиятларининг очиқлигини таъминлаш энг тўғри йўл эканлигини, буйруқбозликка барҳам беришини таъкидлади. Қарс икки қўлдан чиқади. Бугунги тадбиркор берилаётган имконият ва имтиёзларга яраша ўз бурчини ҳам чуқур англаяптими?

"Хонобод таъминот савдо" масъулияти чекланган жамиятида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлардан 312 миллион 618 минг 500 сўм қарздорлик аниқланди. Шунингдек, "Гидроэнерго" МЧЖнинг қарздорлиги салкам 51 миллион сўмга етган. Солиқларни ўз вақтида тўламаслик давлат бюджетига зарар келтиряпти, боқимандаликни оширяпти. Иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш юзасидан масалага фақат бир томонлама қарамаслик керак.

Мулоқотда жиноят қуроли ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик предмети сифатида мулкдан фойдаланишда мулкдорнинг айби бўлмаган ҳолларда мулкни олиб қўйиш ва мусодара қилиш тақиқланганлиги тилга олинди. Бу ҳам тадбиркорликни ривожлантириш учун берилган эркинлик. Ортиқча кўрсатмалар ҳамда ишбилармонлик йўлидаги тўсиқ ва чекловларнинг бартараф этилиши ҳалолликни тақозо этади.

Кўриб турибмизки, ҳозир сайёр суд тажрибаси ислоҳотлар жараёнида муваффақиятли қўлланиляпти. Эндиликда судьяларнинг меҳнат жамоаларида аҳоли турли қатламлари билан бевосита мулоқот ўтказиш амалиёти ҳамўз самараларини бериши шубҳасиз.

Асрорбек

МАМАСОЛИЕВ,

Хонобод шаҳри солиқ инспекцияси ходими.