Андижон 24

ЯНГИ ЙИЛНИ НИШОНЛАШ МАҚСАДИДА ҚЎЛБОЛА «ОГНЕТУШИТЕЛЬ» ПОРТЛАТГАН 4 КИШИГА НИСБАТАН ЖИНОЯТ ИШИ ҚЎЗҒАТИЛДИ


03.01.2022   1246

«Самарқанд дарвоза» савдо мажмуаси олдида 1 январь куни фуқаролар Янги йилни нишонлаш мақсадида қўлбола «огнетушитель» портлатгани, оқибатда ҳолатни видеога олаётган 3 киши жароҳатланганди. Бу бўйича шаҳар ИИББ ахборот хизмати қўшимча маълумот берди.

Портлаш шу куни соат 00:45 атрофида Шайхонтоҳур тумани Қоратош кўчасида содир бўлган. Байрам баҳона йиғилган бир нечта фуқаролар автойўлни ажратиб турувчи тўсиққа мушакбозлик қилиш мақсадида қўлбола усулда ясалган ўт ўчириш мосламасини жойлаштирган. Тагидан олов ёқилиши оқибатида мослама портлаб, бўлакларга бўлиниб кетган.

Ички ишлар вазирлиги берган маълумотга кўра, портлаш оқибатида М.С. (1997 йилда туғилган) қорин юмшоқ тўқималари лат ейиши, М.А. (1999 йилда туғилган) ўнг оёқ болдир, товон соҳалари йиртилган жароҳати ҳамда Х.Н. (2006 йилда туғилган) ўнг оёқ панжа қисми йиртилган, мажақланган жароҳати, оёқ бармоқлари нотўлиқ ампутацияси ташхиси билан турли кўринишдаги тан жароҳати олган.

Тошкент ИИББ эса икки фуқаро (1996 йилда туғилган М.А. ва 2006 йилда туғилган Х.Н.) жароҳатланганини маълум қилди.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан И.А., У.М., А.Л., З.Х. исмли фуқароларга нисбатан Жиноят кодексининг 250-моддаси (портлаш хавфи бўлган моддалар ёки пиротехника буюмларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.