Андижон 24

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ДЕМОКРАТИК ЎЗГАРИШЛАР, КЕНГ ИМКОНИЯТЛАР ВА АМАЛИЙ ИШЛАР МАМЛАКАТИГА АЙЛАНМОҚДА (ДАВОМИ)


17.08.2021   880

Биз иқтисодиётимизни модернизация ва диверсификация қилишда алоҳида аҳамиятга эга бўлган хусусийлаштириш жараёнида фақат давлат корхоналарини сотиш эмас, балки уларнинг рақобатдошлигини ошириш, иқтисодий соҳадаги миллий манфаатларимизни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган мутлақо янги ёндашувларни қўллашга устувор аҳамият бермоқдамиз. Давлат активларини сотишда шаффофлик ва самарадорликни, кенг жамоатчилик иштирокини таъминлайдиган кафолатларни яратиш айниқса ўта муҳимдир.

Учинчи устувор вазифа: биз ҳозирги глобал пандемия даврида аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш, жумладан, тадбиркорларни ўз муаммолари гирдобига ташлаб қўймасликни асосий мақсадларимиздан бири сифатида кўрамиз. Чунки ҳар бир тадбиркорлик тузилмаси ортида қанча-қанча инсонларнинг иш ўрни, оилаларнинг даромади, бугунги ва эртанги тақдири турибди.

Янги Ўзбекистонда кичик ва хусусий бизнес субъектлари сони кейинги пайтда икки баробар кўпайди, ушбу тармоқдаги 50 фоиздан зиёд корхоналар фақат кейинги уч йилда ташкил этилган. Бу эса мамлакатимизда муҳим ижтимоий қатлам – ўрта синфнинг кучайиши учун пухта замин бўлмоқда.

Шунинг учун ҳам бизнесни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик ва хусусий мулкни ҳимоя қилиш барча иқтисодий ислоҳотларнинг бош масаласи бўлиб қолмоқда. Тадбиркорлар уларни қўллаб-қувватлаш ҳақидаги чиройли сўзларни кўп эшитган, энди бу гапларнинг амалий таъсири ва натижасини ўз кундалик фаолиятида ҳис этиши керак.

Бизнес аҳли ҳақида фақат солиқларни тўлаш ва текширишлар пайтида эслайдиган замонлар ўтиб бўлди. Шу нуқтаи назардан, солиқ қонунчилигини мақбуллаштириш борасида биз анча иш қилдик, лекин ҳали олдимизда янада катта вазифалар турибди ва биз уларни албатта амалга оширамиз.

Айрим маҳаллий ҳокимият органлари томонидан тадбиркорлар ишига аралашиш, “телефон ҳуқуқи”дан фойдаланиб, уларга тазйиқ ўтказиш ҳолатлари учраб тургани ҳам бор гап. Биз бундай муаммоларга узил-кесил нуқта қўйиш устида ишлаяпмиз. Агар биз тадбиркорларни қўллаб-қувватламасак, уларга шароит яратиб бермасак, хусусий корхоналар сонини кўпайтирмасак, шаҳар ва туманларнинг маҳаллий бюджети ночор аҳволда қолаверади.

Барчамиз бир ҳақиқатни чуқур англаб олишимиз керак: тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш – фуқаролар, халқимиз фаровонлигини оширишнинг энг самарали йўли, Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг пировард мақсадидир.

Бу соҳадаги мавжуд камчилик ва нуқсонларни ҳал этишда мамлакатимиз ҳаётини янада эркинлаштириш, очиқлик ва ошкоралик муҳитини, жамоатчилик назоратини кенгайтириш муҳим роль ўйнайди, деб ишонаман.

Тўртинчи устувор вазифа: пандемия қишлоқ хўжалигида туб ўзгаришлар амалга оширилаётган даврга тўғри келди. Бу давр озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аграр секторни замон талаблари асосида ривожлантириш бутун инсоният, жумладан, биз учун ҳам энг долзарб вазифага айланиб бораётганини яққол тасдиқлади.

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги бўйича улкан салоҳиятга, қадимий тажриба ва бой анъаналарга эга. Аммо узоқ вақт мобайнида ушбу тармоқда бозор иқтисодиётига хос ёндашув ва моддий рағбатлантириш механизмлари жорий этилмади, уни ривожлантиришга маблағ ва илмий инновациялар етарлича жалб қилинмади. Оқибатда ернинг мадори қуриди, тупроқ унумдорлиги пасайди.

Тасаввур қилинг, мустақиллик даврида, яъни, кейинги 30 йилда Ўзбекистон аҳолиси 15 миллион нафарга кўпайди. Бу ўртача бир мамлакат аҳолиси, демакдир. Қолаверса, вақт ўтиши, ҳаёт ўзгариши билан одамларнинг истеъмол талаби ва эҳтиёжлари ҳам муттасил ортиб бормоқда. Еримиз, сувимиз эса кўпаймаслиги табиий, албатта. Бундай ресурслар нафақат бизда, бутун дунёда чекланган. Бинобарин, биз энди ақлимизни, интеллектуал салоҳиятимизни, билим ва тажрибамизни оширишимиз, айнан ана шу омилларни иқтисодий ўсиш нуқталари ва ресурс манбаларига айлантиришимиз шарт.

Бу ниманинг ҳисобидан бўлади? Албатта, бунга билим ва тажриба, тинимсиз ўқиб-ўрганиш, изланиш, янгиликка интилиш, юқори технологияларни жорий этиш, ислоҳотларни самарали олиб бориш ҳисобидан эришиш мумкин.

Шу сабабли биз аграр секторни ялпи ва тизимли трансформация қилишни бошладик. Ушбу соҳани иқтисодиётнинг асосий драйверларидан бирига айлантириш – бош мақсадимиздир. Шу мақсадда 2020-2030 йилларга мўлжаллаб ишлаб чиқилган Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясида тармоқни ривожлантириш борасидаги асосий вазифалар аниқ-равшан белгилаб қўйилди. Хусусан, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат сектори ва қишлоқларни яқин ўн йилда жадал тараққий эттириш режаси кўзда тутилди.

Аграр соҳада ишларни бутунлай янги асосда ташкил этиш орқали тармоқнинг самарадорлиги ва рақобатдошлигини ошириш, ушбу йўналишда минглаб янги иш ўринлари яратиш ва қишлоқ жойларда одамларнинг ҳаёт даражасини юксалтириш сари муҳим қадамлар қўйилмоқда.

Бешинчи устувор вазифа: пандемия даврида халқимизнинг соғлиги ва ҳаётини асраш биз учун энг муҳим вазифа бўлиб қолмоқда. Шу мақсадда 2021 йил учун давлат бюджетида 3 триллион сўм захира шакллантирилди. Ушбу маблағ ҳисобидан тиббиёт соҳасида кўпгина чора-тадбирлар, жумладан, аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари амалга оширилмоқда.

Барча тиббиёт муассасаларида масофавий хизматларни кўпайтириш, поликлиника ва касалхоналарни электрон иш юритишга ўтказиш, республика ихтисослашган тиббиёт марказлари ва уларнинг филиаллари ўртасида телемедицина хизматини йўлга қўйиб, диагностика ва даволаш учун жойлардаги имкониятларни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтириш, айниқса, қишлоқ ва маҳаллаларда тиббий хизматни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, бирламчи бўғинда умумий амалиёт шифокори штат бирлиги ўрнига оилавий шифокор ва унга ёрдамчи сифатида 5 нафар ўрта тиббиёт ходимидан иборат “тиббий бригадалар” ташкил этилмоқда.

Мамлакатимизда хусусий тиббий клиникалар очишга кенг имкониятлар яратиб берилаётганига қарамасдан, жойларда гемодиализ, тиббий диагностика ва реабилитация хизматлари бўйича шифохоналар етишмаяпти. Шунинг учун давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳаларни кўпайтириш, 170 та туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмасини компьютер томографлари билан таъминлаш, улардан фойдаланиш бўйича ходимлар малакасини оширишга қаратилган амалий ишлар бошланди.

Тиббиётдаги яна бир мураккаб муаммо – юқори малакали кадрлар етишмаслигидир. Шу боис янги ўқув йилидан бошлаб клиник ординатуранинг қабул квотаси икки баробар оширилади. Вилоят ҳокимликлари ўз ҳудуди учун зарур бўлган ана шундай мутахассис-шифокорларни тайёрлашга маҳаллий бюджетдан грантлар ажратади.

Мамлакатимизда инсон аъзоларини трансплантация қилиш бўйича қонуний асосларни ишлаб чиқишни бошладик. Бу борада норматив-ҳуқуқий базанинг мавжуд эмаслиги туфайли илгари, донорлик қилувчи шахс беморнинг яқин қариндоши бўлмаса, трансплантация учун рухсат берилмас эди. Кўпчилик фуқароларимиз бундай тиббий операцияни чет элда ўтказар, хорижга боришга қурби етмаганлар эса чорасиз аҳволда қолар эди.

Бизни энг қийнайдиган масалалардан бири – соғлиқни сақлаш соҳасидаги коррупция ҳолатларидир. Ўтган йилнинг ўзида тизимда 30 миллиард сўмдан ортиқ маблағни талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди ва айбдорлар қонуний жазога тортилди. Шунинг учун бу соҳада таъсирчан назорат тизимини ўрнатишга, аввало, жамоатчилик назоратини кучайтиришга жиддий аҳамият берилмоқда.

Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, одамлар ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенг тарғиб этиш нафақат тиббиёт соҳаси, балки бутун жамиятимиз олдидаги долзарб вазифадир. Ҳар бир инсон ўз соғлиги ҳақида аввало ўзи ўйлаши, ғамхўрлик қилиши керак. Айниқса, коронавирус пандемияси бутун ер юзида, жумладан, юртимизда ҳам давом этаётган ҳозирги пайтда бунинг аҳамияти беқиёсдир.

Шу боис бепарволикка, лоқайдликка берилишга асло ҳаққимиз йўқ. Коронавирус ҳали ҳам ёнимизда, биз билан бирга яшамоқда. Шунинг учун мамлакатимизда тегишли тиббиёт марказлари, дори-дармон ва ҳимоя воситаларининг етарли захираси шакллантирилди. Ҳудудларда 60 та кислород станциясини ишга тушириб, реанимация ва интенсив даволаш бўлимларини кислород билан узлуксиз таъминлаш бўйича ишлар жадал олиб борилмоқда. Юртимизда вакцина ишлаб чиқариш бўйича амалий ишлар бошланди.

Республикамизда шу йил 1 апрелдан бошлаб аҳолини коронавирусга қарши эмлаш жараёнлари узлуксиз давом этмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, халқимизни ўз соғлиғига масъулият билан қараб, бу хавфли касалликка қарши эмлаш тадбирларида фаол иштирок этишга яна бир бор чақираман.

Олтинчи устувор вазифа: биз янги шароитда маънавий-маърифий ишларни кучайтиришга интилмоқдамиз. Бундай ёндашув – бугунги ва келгуси ривожланишимиз учун мустаҳкам пойдевордир.

Шу маънода, Янги Ўзбекистонни барпо этиш – яқин ва олис тарихимиз, бетакрор ва ноёб маданий бойликларимизни янада чуқур ўрганиб, уларга таяниб, мустақил миллий тараққиёт йўлимизни янги босқичда давом эттириш демакдир.

Кейинги йилларда маданий-гуманитар йўналишда – маданият, кино, рақс ва тасвирий санъат соҳаларини, адабиёт ва китобхонликни ривожлантириш бўйича амалга ошираётган ишларимиз халқимизга яхши маълум, албатта. Хусусан, халқаро мақом анжумани, бахшичилик ва миллий ҳунармандчилик фестивалларини ташкил этганимиз ва юксак савияда ўтказганимиз Янги Ўзбекистонни дунёга кенг тарғиб этишда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Миллий тарихимизни холис ва ҳаққоний тадқиқ этиш учун бугунги кунда Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази, Фанлар академияси қошида Ўзбекистоннинг янги тарихи маркази, “Ўзбекистон тарихи” телеканали фаолият кўрсатмоқда.

Ислом дини ривожи йўлида беқиёс хизмат қилган буюк муҳаддис боболаримизнинг диний ва илмий-маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш мақсадида Самарқандда – Имом Бухорий, Сурхондарёда – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, шунингдек, Тошкентда Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази иш олиб бормоқда.

Тошкент шаҳрида барпо этилаётган Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази халқимизнинг бой диний-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва дунёга тарғиб этиш, ёш авлодимизни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялашда беқиёс ўрин тутадиган илм-маърифат марказига айланади.

Биз ҳозирги мураккаб ва шиддатли замонда маънавий-маърифий ишларнинг ўрни ва таъсири тобора ортиб бораётганини ҳисобга олиб, бу соҳадаги фаолиятимизни янада кучайтиришга алоҳида аҳамият бермоқдамиз. “Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармасини ташкил этиш тўғрисида” ҳамда “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” шу йил март ойида қабул қилинган Президент қарорлари айни шу соҳадаги вазифаларни самарали ҳал этишга қаратилгандир.

Янги Ўзбекистон нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотларда барча соҳалар қатори маънавий-маърифий масалаларга оид ташаббусларни ҳам дадил ўртага қўймоқда. Бу ҳақда сўз юритганда, мамлакатимиз томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясини қабул қилиш бўйича илгари сурилган ташаббус халқаро жамоатчилик томонидан кенг қўллаб-қувватланди. Яқинда мазкур резолюция қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Шунингдек, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг видеоанжуман шаклида ўтган саммитида илм-фан, таълим, маданият ва санъат соҳаларини, шунингдек, туркий дунё бирлигини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган атоқли шахсларни рағбатлантиришга қаратилган яна бир муҳим ташаббусимиз қабул қилиниб, Туркий кенгашнинг Алишер Навоий номидаги халқаро мукофоти таъсис этилди. Биз буни барча туркий халқларнинг фахру ифтихори бўлган ҳазрат Алишер Навоий бобомизга, шундай улуғ зотларни тарбиялаб вояга етказган халқимизга бўлган юксак ҳурмат-эҳтиром ифодаси, деб биламиз.

Савол. Янги Ўзбекистонни барпо этишда ташқи сиёсатга, дунёдаги олис ва яқин давлатлар билан дўстона ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга алоҳида аҳамият берилмоқда. Бу борада ички ва ташқи сиёсатнинг ўзаро боғлиқ ва уйғун жиҳатлари нималарда намоён бўлади?

Жавоб. Аввало, шуни таъкидлаш керакки, биз мамлакатимиз янгиланиш даврига қадам қўйган биринчи кунлардан бошлаб очиқ, прагматик ва амалий ташқи сиёсат юритиш, дунёдаги барча тараққийпарвар мамлакатлар, айниқса, қўшни давлатлар билан яқин дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратмоқдамиз. Ўзбекистон ўтган даврда ана шу стратегик йўлга доимо содиқ қолиб, ўз шериклари ҳамда халқаро ташкилотлар олдидаги мажбуриятларини тўлиқ бажариб келмоқда.

Ўтган тарихан қисқа даврда юртимизнинг Марказий Осиё минтақаси ва жаҳон миқёсидаги сиёсий ўрни ва нуфузи кескин ошди. Дунёда Янги Ўзбекистонга нисбатан ишонч руҳи ва мамлакатимиз билан ҳамкорликка интилиш тамойиллари кучайди.

Биринчи навбатда, қўшни давлатлар билан муносабатларимизда йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар ҳал этилди. Чегаралар очилди. Қўшни – қўшниси билан, ака – укаси, ота – боласи, қариндош – қариндоши билан узилиб қолган алоқаларни тиклаб, бир мамлакатдан иккинчи давлатга эмин-эркин бориб кела бошлади. Виза масалалари ҳал этилди. Савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларимиз жадал ривожланмоқда.

Азал-азалдан ўзаро қардош ва биродар бўлган мамлакатларимиз кўпгина минтақавий ва глобал масалалар, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт бўйича яқин ҳамкорликда ҳаракат қилишни бошлади. Жаҳон сиёсатшунослигида “Марказий Осиё руҳи” деган ибора пайдо бўлди.

Шу йилнинг 5-6 август кунлари Туркманистонда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви бу жараёнга янги мазмун ва куч бағишлаши билан эътиборлидир.

Ана шу мисолларнинг ўзиёқ ички ва ташқи сиёсатнинг бир-бирига нақадар боғлиқ ва ҳамоҳанг эканини кўрсатади. Энг муҳими, ички ва ташқи сиёсатимиздаги ана шундай уйғунлик халқимиз манфаатларини кўзлаб амалга оширилмоқда ва бунинг натижасини оддий одамлар ўз ҳаёти ва тақдирида ҳис этмоқда.

Яна бир муҳим томони шундаки, Ўзбекистон бугун ўзининг узоқни кўзлаган сиёсати билан минтақамиз ва жаҳондаги сиёсий жараёнларнинг фаол иштирокчисига айланди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Парламентлараро Иттифоқ, Европа Иттифоқи, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорлигимиз янги босқичга кўтарилди.

Мамлакатимиз Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлди, Евроосиё иқтисодий ҳамкорлик иттифоқи ҳузурида кузатувчи мақомини олди. Ўзбекистон ўз тарихида биринчи марта БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо этиб сайланди ва унинг 2021 йил 22 февралда Женева шаҳрида видеоанжуман шаклида бўлиб ўтган 46-сессиясида муваффақиятли иштирок этди.

Ўтган йили мамлакатимиз илк бор Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ташкилотига раислик қилди ва пандемияга қарамасдан, МДҲ доирасида кўзда тутилган 60 дан зиёд барча халқаро тадбирлар самарали ўтказилди, 70 га яқин муҳим ҳужжатлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларидаги интеграция ва ҳамкорлик жараёнларини фаоллаштиришда тобора муҳим роль ўйнамоқда. Шу йил 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусида ўтказилган халқаро конференцияда мамлакатимиз томонидан илгари сурилган янги таклиф ва ташаббуслар нафақат ушбу бепоён минтақалар давлатларида, балки жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотди. Хусусан, Марказий Осиёни Ҳинд океани билан боғлайдиган янги транспорт йўлларини барпо этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Конференция Тошкент руҳини яна бир карра намоён этди.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолият концепцияси такомиллаштирилмоқда. Ушбу муҳим ҳужжатда ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналиши бўлган Марказий Осиё давлатлари билан кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва ўзаро ишонч руҳидаги алоқаларимизни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистоннинг асосий хорижий шериклари ҳисобланган Россия, Хитой, Америка Қўшма Штатлари, Туркия, Германия, Франция, Буюк Британия, Жанубий Корея, Япония, Ҳиндистон, Покистон, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа давлатлар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли алоқалари янада кенгаймоқда.

Ўзбекистон Афғонистоннинг яқин қўшниси сифатида бу мамлакатда тезроқ тинчлик ва барқарорлик ўрнатилишидан манфаатдордир.

Маълумки, Ўзбекистон 2021-2022 йилларда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик қилади. Ҳозирги вақтда биз бу муҳим сиёсий тадбирни юқори савияда ўтказиш учун жиддий тайёргарлик ишларини олиб бормоқдамиз.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, сўз ва диний эътиқод эркинлиги, гендер тенглик бўйича эришаётган ютуқларимиз нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда изчил мустаҳкамланиб бормоқда.

Дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш ва улар билан алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш мақсадида “Ватандошлар” жамғармаси ташкил этилди.

Жамиятимизда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган ишларимиз сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда. Ҳар йили Халқаро дўстлик куни сифатида кенг нишонланадиган 30 июль санаси Ўзбекистонда “Халқлар дўстлиги куни” деб эълон қилинди. Бу йил ушбу байрам мамлакатимизда биринчи бор кенг нишонланди. Буни ҳам ички ва ташқи сиёсат омиллари бирлашадиган муштарак ҳодиса сифатида қабул қилиш мумкин.

Бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам экологик муаммоларни ҳал этишга жиддий эътибор берилмоқда. Қўшни давлатлар ва жаҳон жамоатчилиги билан биргаликда Орол денгизи ҳалокати оқибатида юзага келган экологик фожиалар таъсирини юмшатишга қаратилган ҳаракатларни қатъий давом эттиряпмиз. Денгизнинг қуриган тубида юз минглаб гектар ўрмон ва бутазорлар ташкил этилмоқда, Оролбўйи ҳудудларида улкан қурилиш ва ободончилик ишлари амалга оширилмоқда. Бу борада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликда тузилган Оролбўйи минтақасида инсон хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўп томонлама Траст фонди фаолияти муҳим роль ўйнамоқда.

Бу ҳақда сўз юритганда, Ўзбекистоннинг Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш бўйича БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш ҳақидаги муҳим ташаббуси 2021 йил 18 май куни Ассамблея томонидан бир овоздан маъқулланганини қайд этиш ўринлидир. Ушбу резолюцияни ишлаб чиқишда АҚШ, Россия, Хитой, Туркия, Озарбайжон каби дунёдаги нуфузли давлатлар, жами 50 мамлакат ҳаммуаллиф сифатида иштирок этгани бу ташаббус жаҳон ҳамжамиятида қандай катта қизиқиш уйғотганидан далолат беради.

Савол. Маълумки, ислоҳотлар самараси кўп жиҳатдан раҳбар кадрлар, айниқса, маҳаллий ҳокимларнинг билим ва тажрибаси, сиёсий савияси ва маданиятига боғлиқ. Шу маънода, Президентнинг жойлардаги вакиллари бўлган ҳокимларнинг иш фаолияти Сизни қониқтирадими?

Жавоб. Мен бу ҳақда ўтган йили Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномада ҳам алоҳида тўхталиб ўтган эдим. Нафақат ҳокимлар, балки барча бўғиндаги аксарият катта-кичик раҳбарларда билим ва тажриба, ташкилотчилик салоҳияти, эл-юрт иши учун фидойилик туйғусининг етишмаслиги мени қийнайдиган энг мураккаб масаладир.

Тўғри айтдингиз, жойларда ислоҳотларнинг самарали амалга оширилиши биринчи навбатда ҳокимларга, уларнинг билим ва тажрибаси, ишбилармонлик хусусиятларига боғлиқ. Энг муҳими, улар одамларнинг ишончини қозонган бўлиши шарт. Аҳоли жойлардаги раҳбарларга, уларнинг иши, хизмат ва муомала маданияти, сиёсий, ҳуқуқий ва ахлоқий савиясига қараб, давлат ҳокимиятига баҳо беради. Лекин очиқ айтадиган бўлсак, ҳокимлар, умуман, қуйи бўғиндаги раҳбарларнинг барчаси ҳам эл-юрт ўртасида етарли обрў-эътиборга эга эмас.

Афсуски, кўпчилик раҳбарлар халқнинг ичига кириб, одамларнинг дарду ташвишлари билан яшашни қандайдир иккинчи даражали иш, деб ҳисоблайди. Шунинг учун ҳам улар кўп-кўп масалаларда заиф ва ожиз бўлиб қолмоқда.

Аслида халқ билан мулоқот, доимо инсонлар ташвиши ва муаммоларини ўйлаб яшаш ҳар қандай раҳбар учун биринчи ва муқаддас вазифа бўлиши шарт. Раҳбарлик ва бошқарув маданияти, ҳаётий билим ва тажрибалар қаердан бошланади? Халқ билан бевосита мулоқот қилишдан бошланади. Айниқса, қуйи поғонадаги раҳбарлар ўз дунёқарашини ўзгартириб, оддий фуқарога елкадош бўлиб, тадбиркорга дўст бўлиб ишламаса, биз қанчалик кўп куч ва маблағ сарфламайлик, фармон ва қарорлар қабул қилиб, шароит яратмайлик, жойларда ислоҳотларимизнинг олдинга юриши қийин бўлади.

Яширишнинг ҳожати йўқ – жуда оғир, таҳликали ва шафқатсиз рақобат замонида яшаяпмиз. Дунё шундай шиддат билан ўзгаряптики, кечаги сиёсий-иқтисодий таҳлил ва башоратлар бугунги кунга тўғри келмаяпти. Ўзаро қарама-қаршилик, “савдо урушлари”, экологик муаммолар кучайиб бормоқда. Ана шундай мураккаб шароитда эл-юрт билан ҳамдард, ҳамнафас бўлиб яшамайдиган, ҳаётнинг ўзи тақозо этаётган оддий ҳақиқатларни тушунмайдиган мансабдорларнинг раҳбар сифатида келажаги йўқ. Уларга бирон-бир масъулиятли вазифани ишониб ҳам бўлмайди.

Бир пайтлар мен ҳам ҳоким бўлиб ишлаганман. У вақтлардаги шароитни ҳозирги имкониятлар билан мутлақо солиштириб бўлмайди. Кўп-кўп масалаларда қўл-оёғимиз боғланган эди, ҳамма нарсани “тепа”нинг қош-қовоғига қараб бажаришга тўғри келарди. Энг ёмони, қуйи бўғиндаги муаммолар бўйича юқори идоралардаги салқин кабинетларда ўтирган, қишлоқ ёки овулларда қийналиб яшаётган одамларнинг дарду ташвишларидан бутунлай йироқ бўлган, жойларда аҳвол қандай эканини тасаввур ҳам қилолмайдиган валломатлар қарор қабул қиларди.

Бугун эса ҳокимлар мустақил қарор қабул қилиб, мустақил иш олиб бориш ваколатига эга. Улардан илгаригидек ҳар бир қадамини Тошкентда, марказий идоралардаги мутасаддилар билан келишиш, бўлар-бўлмасга ижозат сўраш талаб этилмайди.

Ҳоким, раҳбар инсон сифатида, ниманидир билмаслиги ёки кўздан қочириши, хатога йўл қўйиши мумкин, буни тушунса бўлади, лекин у ана шу хатоларини тан олмаса, уларни тузатишни истамаса, ўқиб-ўрганишга, янгича ишлашга, ўз билим ва тажрибасини оширишга интилмаса, манфаатпарастлик ва маишатга берилган бўлса, бу ҳолатни мутлақо кечириб бўлмайди.

Менинг асосий талабим – одамларни тушуниш, уларнинг қувончу ташвишлари билан яшаш, ён-атрофдаги вазиятга оддий халқнинг кўзи билан қараш ва баҳо бериш, эл-улусдан ажралиб қолмаслик керак. Шундагина ҳудуд ёки тармоқни бошқариш ва муҳим қарорлар қабул қилишда аниқ самара бўлади.

Ҳар бир раҳбарнинг фаолият мезони – бу халқнинг орзу-умидларини ўзи учун асосий мақсад қилиб, уларни изчиллик билан рўёбга чиқаришдан иборат.

Ҳоким ва вазирларимиз, компания ва банкларимиз раҳбарлари орасида фаол, ишнинг кўзини биладиган, чуқур фикрлайдиган янги авлод вакиллари етишиб келаётгани мени қувонтиради. Улар халқ билан очиқ мулоқот қилмоқда, ташаббус кўрсатмоқда, юқоридан кўрсатма кутиб ўтирмасдан, мустақил ва дадил иш олиб бормоқда.

Афсуски, баъзи етакчи ва мутасаддилар манманликка берилиб, ҳаволаниб, оёғи ердан узилганини билмай қолади. Бу – улар учун ҳақиқий фожиа. Албатта, бундай раҳбарларга бизнинг сафимизда ўрин бўлиши мумкин эмас. Бу нафақат Президентнинг, айни пайтда халқимизнинг, ҳаётнинг талабидир.

Савол. Сиз давлат раҳбари учун халқ билан тўғридан-тўғри мулоқотда бўлиш ўта муҳим аҳамиятга эга эканини доимо таъкидлаб келасиз. Лекин ҳаётда барча масалалар бўйича халқ билан гаплашиш, унинг фикрини олиш имкони борми? Сиз ана шундай “бўшлиқ”ни тўлдиришга қандай эришасиз?

Жавоб. Мен Президент сифатида иш бошлаган биринчи кунларданоқ ўз командамни ҳақиқий ҳолатга мутлақо алоқаси бўлмаган баландпарвоз гаплар ва “чиройли” рақамларни ёқтирмаслигимни айтиб, қаттиқ огоҳлантирганман.

Қанчалик аччиқ ва ноқулай бўлмасин, мен фақат тўғри ва ҳаққоний маълумотни билишни истайман. Бу мен учун тўғри қарорлар қабул қилишга ёрдам беради.

Албатта, бу талабни ҳамма ҳам тушуниб етгани йўқ, ҳалиям эскича усулда маълумот беришга уринишлар бўлиб туради. Лекин мен бундай ҳолатларга йўл қўймасликка ҳаракат қиламан. Ана шу ҳақиқатни тушунмаганларнинг кўпчилиги билан хайрлашдик ва бу масалада талаб доимо қаттиқ бўлади.

Халқимиз, Ватанимиз манфаатлари, жамиятимизнинг келажаги, фарзандларимизнинг бахтини таъминлашга қаратилган бугунги ислоҳот жараёнларининг ўзи шуни талаб этмоқда. Бу борада бошқача йўл тутишга ҳаққимиз йўқ.

Яна бир бор айтаман, раҳбар ва мутасадди шахслар ўртасида кимки ана шу ўткир талабни тушунмаса, қанчалик оғир бўлмасин, улар билан хайрлашамиз.

Менинг мамлакатимиз бўйлаб амалга оширадиган ҳар бир ташрифимдан асосий мақсад – халқ қандай яшаётгани, нима билан нафас олаётганини билишдан иборат. Бу – ўта муҳим масала. Шунинг учун кўп ҳолларда сафар давомида йўналишни тўсатдан ўзгартиришимга тўғри келади. Бундай кутилмаган, ҳеч қандай протоколда қайд этилмаган “маршрут”лар жойлардаги раҳбарларни бўшашмасдан, доимо ишчан ҳолатда туришга ўргатади, деб ўйлайман.

Афсуски, неча бор айтишим, огоҳлантиришимга қарамасдан, жойларда фақат менинг ташрифим олдидан кўча ва майдонларни тозалаш, бир кечада бинолар олдида “майсазор” ва “гулзор”лар пайдо қилиш, умуман, ҳақиқий ҳолатни бўяб кўрсатишдек хўжакўрсин ишлар давом этмоқда. Кўзбўямачилик, одамларни қийнаш, сохта ва баландпарвоз гапларга ўчлик йиллар давомида баъзи раҳбарларнинг қон-қонига шу қадар сингиб кетган эканки, улардан қутулиш қийин бўляпти. Лекин қандай бўлмасин, бу каби иллатларга бутунлай чек қўйишимиз керак. Чунки бундай ҳолатлар ростгўй, сохта гап ва ишни умуман қабул қилмайдиган халқимизнинг асл табиатига мутлақо ётдир.

Маҳаллий ҳокимият идораларининг иши Президент келиб кетиши билан тугамасдан, аксинча, ташрифдан кейин янгитдан бошланиши, ҳатто олдингидан ҳам кўпайиши лозим. Шундагина ишимизда суръат ва сифат бўлади, натижа учун ишлашга ўрганамиз. Илгари ҳокимлар ташрифдан ташрифгача бўлган вақт оралиғида бамайлихотир, таъбир жоиз бўлса, ялло қилиб юрарди, энди эса улар ўз олдига аниқ мақсад ва вазифа қўйиб, халқ билан маслаҳат асосида астойдил ишламоқда. Чунки улар билади: Президент келгуси сафар албатта ҳар бир масала бўйича аниқ натижани сўрайди.

Биз мамлакатимиз тараққиётининг бугунги янги босқичида олдимизда турган долзарб вазифаларни тезкор ҳал қилишда вазирликлар, давлат қўмиталари, давлат бошқарувининг бошқа органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини кучайтириш, вазифа ва ваколатларини аниқ белгилаш, шунингдек, уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича янги тизимни жорий этишга алоҳида аҳамият бермоқдамиз. Шу мақсадда махсус қарор ҳам қабул қилдик. Юқорида айтиб ўтилган тоифага мансуб раҳбарларнинг ўринбосарлари ўзларига бириктирилган тармоқ ва соҳалардаги фаолиятининг самарадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти олдида шахсан жавобгар ҳамда Вазирлар Маҳкамаси олдида ҳисобдор экани белгилаб қўйилди. Бошқача айтганда, турли бўғиндаги раҳбар ўринбосарлари ўз бошлиғининг соясида юрадиган вақт ўтди. Энди улар ҳам аниқ вазифалар учун жавоб беради. Шахсий масъулият ва жавобгарлик барча бошқарув идоралари ходимлари учун бош мезон бўлади.

Ҳозирги кунда одамларни қийнаётган муаммоларни жойларда, маҳалланинг ўзида ҳал этишга алоҳида эътибор беряпмиз. Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳафтада икки кунни фуқароларни қабул қилишга ажратмоқда. Шунингдек, кунлик қабуллар ўтказиш тизими йўлга қўйилмоқда.

Умуман, ҳар бир ҳокимнинг кабинети “Халқ қабулхонаси”га айланиши лозим. Шунда ҳар қайси раҳбар ҳудуддаги ҳақиқий аҳволдан тўла хабардор бўлади, ишида унум ва самарага эришади.

Албатта, бугунги кунда одамларни қандай масала ва муаммолар ўйлантираётгани, ташвишга солаётганини яқиндан билишда ёрдам берадиган очиқ манбалар, ахборот тармоқлари кўп. Айниқса, телевидение, матбуот, Интернет ҳаёт нафасини, таъбир жоиз бўлса, ҳар бир соҳанинг “юрак уриши”ни аниқ-равшан ҳис қилишда муҳим аҳамиятга эга. Шахсан ўзим оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда берилаётган янгиликлар, улар орқали билдирилаётган долзарб фикрлар, жамоатчиликнинг диққат-эътиборини тортаётган воқеа-ҳодисалар билан имкон қадар бевосита танишиб боришга ҳаракат қиламан.

Бир сўз билан айтганда, замонавий ахборот технологиялари ривожланган бизнинг давримизда реал ҳаётдан бутунлай узилиб қолиш мумкин эмас. Шунга қарамасдан, халқ билан турли кўринишдаги, дейлик, бу режадаги тадбир бўладими ёки маҳалла, туман, қайсидир муассасага кутилмаган ҳолатда кириб бориш орқали бўладими, умуман, бевосита мулоқот ҳамиша керак, деб ҳисоблайман.

Фуқаролар, кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинаётган барча муаммолар эътибор қаратишни талаб этади. Уларни инкор қилиш мумкин ҳам эмас. Албатта, жамиятдаги қонун бузилиши, адолатсизлик, инсон ҳуқуқларига беписанд муносабат, коррупция билан боғлиқ ҳолатларга бепарво қараб бўлмайди. Тизимли тус олган ёки жузъий муаммо бўладими, уларнинг барчасига дарҳол муносабат билдириб, тагига етиш ва ҳал этиш зарур.

Масалан, кейинги йилларда туб ислоҳотлар даврига қадам қўйган мамлакатимизда тараққиёт кушандаси бўлган иллат – коррупцияга қарши изчил кураш олиб борилмоқда. Мисолларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2020 йилда турли даражадаги мансабдорлар томонидан содир этилган жиноятлар учун 1723 шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Улар томонидан етказилган зарар 500 миллиард сўмни ташкил этган. 2021 йилнинг беш ойида эса 1696 нафар мансабдорга нисбатан жиноий иш очилган. Етказилган зарар 450 миллиард сўмни ташкил этмоқда.

Ҳеч шубҳасиз, бу моддий зарарлар айбдорлардан ундириб олинади. Коррупция балосини жамиятимиз ҳаётидан йўқ қилишга қаратилган сиёсат келгусида ҳам қатъий давом эттирилади.

Савол. Юртимизда аҳоли учун энг долзарб ва ўткир ҳаётий масала бўлган замонавий тураржойлар, жумладан, арзон уй-жойлар қуришга алоҳида эътибор берилмоқда. Бу йўналишдаги ишларнинг кўлами истиқболда қандай бўлади?

Жавоб. Мамлакатимизда кейинги йилларда замонавий уй-жойлар қуриш бўйича янги давр бошланди, деб бемалол айтиш мумкин. Бунинг тасдиғини сўнгги тўрт йилда аввалги йилларга нисбатан 4-5 баробар кўп уй-жойлар барпо этилгани, бу йилнинг ўзида 54 минг оилани янги уй-жойлар билан таъминлаш бўйича кенг кўламдаги қурилиш ишлари олиб борилаётгани мисолида яққол кўриш мумкин.

Биз ўз олдимизга қўйган эзгу мақсад – халқимизни рози қилиш йўлидаги улкан вазифалар, ислоҳотларимиз, қолаверса, бугунги ҳаётнинг ўзи замонавий уй-жойлар қуриш суръати ва сифатини янада оширишни талаб этмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, биз илгари уй-жой қурилишига замон талабларидан келиб чиқиб, бундай кенг ёндашмаганмиз ва ҳозиргидек кенг кўламдаги қурилиш ишларини амалга оширмаганмиз.

Биз бу йўлда дастлабки қадамларни қўйиб, катта тажриба орттирмоқдамиз. Барча ҳудудларимизда аҳоли учун қулай ва шинам, барча замонавий шароитларга эга бўлган уй-жойлар барпо этилмоқда. Ипотека бозори ривожланмоқда. Ҳаётимизга “арзон уй-жойлар”, “ақлли уй”, “ақлли шаҳар”, “рақамли хизматлар” деган янги тушунча ва кўникмалар кириб келмоқда.

Келгусида уй-жой фондини шундай даражага олиб чиқишимиз керакки, аҳолининг барча қатламлари уй-жой сотиб олиш ва бу борада танлаш имконига эга бўлиши лозим.

Албатта, бу борада турли муаммолар ҳам мавжуд ва биз уларни жойлардаги маҳаллий бошқарув органлари билан биргаликда ҳал этяпмиз.

Мисол учун, кўпқаватли уйлар оралиғидаги бўш жойларда қурилишлар қилиш, мораторий эълон қилинганига қарамасдан, дарахтларни кесиш, яшил ҳудудларни камайтириш ҳолатлари кўпчиликни ранжитмоқда. Баъзи раҳбарларнинг бепарволиги ёки манфаатпарастлиги туфайли тураржой мавзеларида одамлар сайр қиладиган, спорт билан шуғулланадиган, фарзандлари билан бирга тоза ҳавода дам оладиган очиқ жойнинг ўзи қолмаяпти.

Албатта, биз бундай ҳолатларга нисбатан қатъий чоралар кўрмасдан туролмаймиз. Шунинг учун ҳам Тошкентда ва бошқа йирик шаҳарларда янги қурилишларни шаҳар ташқарисидаги ҳудудларда амалга ошириш чоралари белгиланмоқда. Тураржой мавзелари ичида коммунал инфратузилмалар – газ, электр энергияси, ичимлик суви ва канализация тармоқларини модернизация қилмасдан, янги бинолар қуриш амалиётига барҳам берилди.

Савол. Мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши, билим ва қобилиятини рўёбга чиқариши учун зарур шароитлар яратилмоқда. Юртимизда 2021 йилнинг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб эълон қилингани бунинг яна бир амалий ифодаси бўлди. Янги Ўзбекистонни бунёд этиш жараёнида ёшларнинг ўрни ва асосий вазифалари нималардан иборат, деб биласиз?

Жавоб. Ёшлар – халқимизнинг асосий таянчи ва суянчи. Кенг кўламли ислоҳотларимизни самарали амалга оширишда улар ҳал қилувчи куч бўлиб майдонга чиқмоқда. Айнан замонавий билим олган, илғор касб-ҳунарларни, инновацион технологияларни, хорижий тилларни пухта эгаллаган ўғил-қизларимиз мамлакатимизни янада тараққий эттиришда етакчи ўрин тутади.

Маълумки, ёшлар янгича фикрлашга, янги-янги ғояларни дадил ўртага ташлаб, уларни амалга оширишга, муаммоларни ижодий ва ностандарт ёндашувлар асосида ҳал этишга мойил бўлади. Шунинг учун ҳозирги кунда ёш авлод вакилларининг билим олиши, илм-фан, инновациялар, адабиёт, санъат ва спорт соҳасидаги истеъдод ва салоҳиятини юзага чиқариши, уларнинг жамиятимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиши учун барча шароитларни яратишга устувор аҳамият бермоқдамиз.

Имом Бухорий бобомиз тўплаган муборак ҳадислардан бирида: “Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир”, деб айтилади.

(Давоми бор).