Андижон 24

Янги лойиҳалар янги кундан дарак


20.03.2018   1539

Боғи Бобурдаги Наврўз тантаналари иштирокчилари орасида меҳнат жамоалари вакиллари ҳам кўпчиликни ташкил этади. Бу кун уларнинг кўнгиллари байрам нафаси билан безанган. Баҳорнинг илк кунларида иш жойи, хонадони ва маҳаллалаларини обод қилган яратувчилар сайилгоҳда ҳам андижонликларга хос ташаббускорлиги, баҳорий таомлар билан безатилган дастурхони, шўх лапар ва айтишувлари билан ажралиб турибди.

Андижонни дунё мамлакатлари билан боғлаётган Ўзбекистон темир йўллари Андижон минтақавий корхонаси жамоаси ишчилари кичик майдонда пўлат изларнинг мустаҳкамлигини ифодаладилар. Ҳаракатдаги поезд моделлари Қамчиқ довони оша пойтахтга йўл олган саёхатчиларни, тезюрар поездларнинг имкониятларини акс эттирган. Максимал даражада тез ҳаракатланувчи пўлат отлар иқтисодиётимизнинг юксалишига ҳам хизмат қилаётгани уларда ўз ифодасини топган.

Наврўз байрами кунлари Андижон-Қорасув-Ҳонобод йўналишида таъмирлаш ишлари янада кучайтирилди. Темирйўлчиларнинг мақсади Мустақиллик байрами арафасида бу йўналишда йўловчиларнинг узоғини яқин қилиш.

Автомобилларга сифатли ўриндиқлар ишлаб чиқарувчи «UzTong Heaung Co» корхонаси ишчилари ҳам байрамни катта ютуқлар билан қаршиладилар. Улар яратаётган поезд ўриндиқлари ва спорт буюмларига харидорлар сони ортиб бораётгани қувонарли.

-Байрам арафасида Жаҳон футбол федерациясининг буюртмаси асосида покистонлик ҳамкорлар билан янги лойиҳа бўйича иш бошладик,-дейди корхонанинг ходимлар касаба уюшма қўмитаси раиси Хайрулло Нажмиддинов,- Иккинчи ярим йилликда халқаро майдонлардаги мусобақалар учун 2800 та футбол тўплари етказиб берамиз. Бу хорижий мамлакатлардаги ҳамкорларимиз сафи янада кенгайиб бораётганини кўрсатади.

Миллий кийимдаги корхона ишчиларининг юзларида табассум, баҳорни тараннум этувчи куйлар, шўх рақслар чинданда уларни ўз ишидан мамнулиги, Наврўз дилларини қувончга тўлдирганини кўрсатмоқда.

«auz.uz» online гуруҳи.