ЖАМИЯТ

ЯНГИ КОНЦЕПЦИЯ СОЛИҚ СИЁСАТИГА МУҲИМ ЎЗГАРИШЛАР КИРИТМОҚДА


30.07.2018   2203

Президентимизнинг жорий йил 29 июндаги "Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида"ги Фармони билан солиқ қонунчилиги соддалаштирилиб, юридик шахсларга ҳам, жисмоний шахсларга ҳам бир қатор енгилликлар яратилди.

Ана шу ўзгаришларни жамият ҳаётига татбиқ этиш мақсадидавилоят давлат солиқ бошқармасида тарғибот ва ташвиқот ишчи гуруҳи ташкил қилинган.Улар Андижон шаҳридаги "Андижон-ёғмой" акционерлик жамияти ҳамда Хўжаобод туманидаги "Барчиной" хусусий корхонасида бўлдилар.

"Андижонёғмой" жамиятида 925 нафар ходим меҳнат қилади. Фуқароларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш туридаги даромадларидан Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси суғурта бадалларига қарийб 529 миллион сўм ўтказилган.Айтиш мумкинки, 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб, ушбу суғурта бадали бекор қилинади.

Вилоят давлат солиқ бошқармаси мутахассислари жамият ишчиларининг маошларини Янги концепция доирасида, яъни жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини 12 фоизли ставкада аниқ мисоллар билан ҳисоблаб, осон ва содда тарзда тушунтириб бердилар. Корхона ишчилари қўлига тегадиган нақд маблағ кейинги йилнинг худди шу пайтида 350 миллион сўмга ошиши маълум бўлди.

– Бугунги очиқ мулоқотда янги концепциянинг афзалликлари кенг тушунтирилди, – дейди "Андижонёғмой" АЖ бош ҳисобчиси Азизбек Раҳмонов. –Шу йилнинг 1 -ярим йиллигида 1 миллиард 950,5 миллион сўм солиқ тўладик. Янги концепция доирасида 2019 йилдан юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи 12, мол-мулк солиғи 2 фоизга туширилиши ҳамда давлат мақсадли жамғармаларига 3,2 фоизли ажратмаларнинг бекор қилиниши натижасида жамиятимиз ихтиёрида қарийб, 1,5 миллиард сўм маблағ қолар экан. Бир йилда бу –3 миллиард сўм дегани.

"Барчиной" хусусий корхонасимаҳсулотлари билан маҳаллий бозорни тўлдириб,эндиликда хорижий ҳамкорлари сафини тобора кенгайтираётир. Солиқ тўловчилар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотмеҳнатга ҳақ тўлашнинг янги тартиб ва қоидалари тўғрисида жамоага осон ва содда қилиб тушунтириш имконини яратди.

313 нафар ходим ортда қолган олти ой мобайнида даромад солиғи ва суғурта бадалларига 85 миллион 800 минг сўм тўлаган. Мутахассисларянги концепциябўйича ҳисоб-китоб қилишганида, ходимлар даромади 17 миллион сўмга ошиши аниқ бўлди.

– Амалдаги солиқ қонунчилигида ишчи ва хизматчиларнинг ойлик даромадларини ҳисоблаш бир қатор мураккабликларни келтириб чиқарар эди, – дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бош инспектори Шерзодбек Абдураҳмонов. –Айниқса, тадбиркор учун бизнес режасини тузишда "бошоғриқ" эди. Оқибатда ходимлар сонини яширишга ҳаракат қиларди. Энди бу каби муаммолар барҳам топиб, давлат бюджетининг асосини ташкил этувчи солиқлар ўз вақтида тушишини таъминлайди.

Шоҳруҳбек

Эгамназаров,

вилоят давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи.

Мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг «Қонунлар муаллифи халқ бўлиши керак» лойиҳаси бўйича грант маблағлари асосида чоп этилмоқда.