ЖАМИЯТ

ЯНГИ КИТОБ: ЭР БОШИГА ИШ ТУШСА


06.09.2020   2080

XX аср ўзбек адабиётининг классик адибларидан, дея эътироф этилган Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубовнинг “Эр бошига иш тушса” романи орадан 55 йил ўтиб алоҳида китоб ҳолида қайта нашр этилди.

Рус ёзувчиси Константин Симонов адибнинг “Эр бошига иш тушса”, “Излайман” каби асарлари ҳақида қуйидагича фикр юритган эди: “Ҳозирги замоннинг бош муаммоси —уруш ва тинчлик муаммоси... Уруш йилларидаги баходирона қахрамонликларнинг маънавий илдизларини тушуниш, идрок этиш зарурияти ҳам фавқулодда муҳим”.

"Кечаси Ҳулкар тик тепага келганда ҳандалак ўғирлашга боришмоқчи эди” дея бошланувчи асарни китобхон мароқ билан ўқийди. Воқеалар ривожига "шўнғиб" кетади...

Асар фронт ва фронт ортидаги қийинчиликлар, машаққатли давр одамлари, қизғин ҳаёт, ёшларнинг соф севгиси, садоқати ҳақида ҳикоя қилади. Кишиларнинг эзгу мақсад йўлидаги интилишлари бадиий акс этган, айни дамда бугунда арзимаган ҳаёт қийинчиликларидан нолиб юрадиган инсонларга ибрат мактаби бўла олади.

Китоб Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Ижод” жамоат фонди томонидан “Тафаккур” нашриётида чоп этилган. Адибнинг ўғли Искандар Ёқубов томонидан нашрга тайёрланиб, Собир Ўнар муҳаррирлигида китобхонларга тақдим этилди.

Манба: uza.uz