Андижон 24

ЯНГИ ҲОКИМ ЧИҚМАЙ ҚОЛГАН ТУМАН ГАЗЕТАСИ УЧУН МАБЛАҒ АЖРАТДИ


01.10.2020   754

Бугун мамлакатимиздаги босма нашрлар таҳририятлари иқтисодий жиҳатдан оғир даврни бошдан кечираётганлиги ҳақида жуда кўп гапирилди ва гапирилмоқда. Мавжуд қийинчиликларга қарамай, айрим нашрлар, хусусан, туман, шаҳар ҳокимликлари муассаслигидаги газеталар чоп этилиб, ўз муштарийларига етиб бормоқда.

Маънавиятли, бугунги кун сиёсатини яхши тушунадиган, туман, шаҳар ижтимоий-сиёсий ҳаётида газетанинг алоҳида ўрни борлигини англайдиган ҳокимлар муассис раҳбари сифатида ўз газеталарининг мунтазам чиқиб туришини баҳоли қудрат таъминлаётганлиги қувонарли албатта. Минг афсуски, бугунги кунда Андижон вилоятидаги қатор туман ва шаҳар газеталарининг чоп этилиши тўхтаб қолган.

Жалақудуқ тумани ҳокимлиги муассислигидаги “Жалақудуқ ҳаёти” газетаси ҳам иқтисодий қийинчилик, маблағ етишмаслиги сабаб маълум вақт нашр этилмади. Таҳририят жамоаси газетанинг иқтисодий аҳволи, обунанинг пастлиги, газетани чиқариш билан боғлиқ муаммолар ҳақида туман ҳокими ва мутасаддиларга кўп бор мурожаат қилди. Лекин мурожаатлар эътиборсиз қолиб келди.

Яқинда туманга янги ҳоким тайинланди.

Биламизки, ҳар ҳафта бошида барча туманларда ҳокимлик соати йиғилишлари ўтказилади. Унда туман ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид бугунги кундаги энг долзарб масалаларни ҳал этилиш чоралари кўрилади. Ёш, шижоатли, маънавиятни юксак қадрлайдиган янги ҳоким навбатдаги ҳокимлик соати йиғилишини 90 йиллик тарихга эга туман нашри - "Жалақудуқ ҳаёти" газетасининг моддий-техник аҳволини, тахририят шарт-шароитларини яхшилиш масаласини кўриш билан бошлаганидан айримлар таажубланган бўлса ажаб эмас.

Ҳоким фаоллар ва кенг жамоатчилик туман газетасини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиши лозимлигини таъкидлади. Нашрнинг обунаси, ўқмишлилиги ва муштарийлар сонини кўпайтириш, интернет нашрини йўлга қўйиш юзасидан маслаҳатлар берди. Жумаладан,ҳокимликматбуот хизмати раҳбарига газета таҳририяти билан ҳамкорликда мақолалар тайёрлаш, фуқароларини қийнаётган муаммо ва масалалар ечими борасидаги амалий ишларни ёритиш, мурожаатлар ҳал этилишига масъул, мутасадди ташкилотлар фаолиятинимунтазам ўрганиб боришни тавсия этди.

Туман газетаси – туманнинг кўзгуси. Газета тўхтаб қолмаслиги, албатта нашр этилиши керак, деган фикрни билдирди. Мутасадди ташкилот раҳбарига Таҳририят ҳисобига пул ўтказиб бериш хақида топшириқ берди.

Шу куниёқ таҳририят ҳисоб рақамига маблағ тушди. Шундан сўнг маълум муддатли "танаффусдан" кейин туман газетаси яна чоп этила бошлади. Тахририятнинг йил охиригача босмахонадан бўладиган ҳаражатлари қопланди.

Қани энди барча туман ва шаҳар ҳокимлари ҳам Жалақудуқ тумани ҳокими Ҳикматилло Латипов сингари ҳокимликлар муассислигидаги газеталарни қўллаб-қувватласа, бугунги кун ҳаётини ўз саҳифаларига муҳрлайдиган, одамларга маънавият улашадиган газетага эътибор қаратса, нур усига аъло нур бўлар эди.

Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ