ЖАМИЯТ

ЯНГИ ГАЗ ҲИСОБЛАГИЧЛАРИ «ЎЗТРАНСГАЗ»АЖ МАБЛАҒИ ҲИСОБИДАН ЎРНАТИЛАДИ


25.07.2019   1302

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзбекнефтгаз”, “Ўзтрансгаз” ва “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятлари раҳбарларининг оммавий ахборот воситалари вакиллари билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди. ЎзА хабар беришича, унда аҳоли ва улгуржи газ истеъмолчиларини табиий ва суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш, 2019-2020 йиллар куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш, табиий газ таъминотидаги ўзгаришлар, янгиланишлар, тизимдаги муаммолар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Таъкидланишича, “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти томонидан газ тақсимоти тизимига янги стандартлар жорий этилмоқда. Жумладан, ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, газ тақсимотини 3 босқичли тизимдан (юқори, ўрта, паст) 2 босқичли (юқори, паст) тизимга ўтказиш бўйича амалий ишлар олиб бориляпти.

Мулоқотда табиий газ экспортига ҳам эътибор қаратилди. Унга кўра, “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан ҳозирги кунда 5 йўналиш – Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Хитойга экспорт қилинмоқда.

Келгусида аҳолини замонавий электрон газ ҳисоблагичлари билан таъминлаш кўзда тутилган. Газ ҳисоблагичлари 3,4 миллион истеъмолчига “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамиятининг ўз маблағлари ҳисобидан ўрнатилиб, босқичма-босқич амалга оширилади.