ЖАМИЯТ

Янги Фармон: ОРТИҚЧА ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАР БАРТАРАФ ЭТИЛАДИ


29.10.2020   3159

Мамлакатимизда давлат ва жамият қурилишининг асосларини мустаҳкамлашга, бозор иқтисодиётини ривожлантиришга, суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштиришга, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва фуқароларнинг фаровонлигини яхшилашга қаратилган изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, қонунчиликдаги тизимли ўзгаришлар билан боғлиқ жадал ривожланиш норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сони ортишига олиб келди. Қонунчилик ҳужжатларининг тарқоқлиги амалиётда уларни тушунишни қийинлаштиришга, ҳуқуқий тафовут ва коллизияларга, ҳаддан ташқари тартибга солиш ва бюрократияга сабаб бўлмоқда.

Юртимизда сўнгги уч йилда амалга оширилган ислоҳотлар институционал-ҳуқуқий базани янгилашни, амалга оширилаётган чуқур ўзгаришларни инобатга олган ҳолда, эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган нормаларни бекор қилишни тақозо этмоқда.

Ортиқча тартиб-таомилларни бартараф этиш, энг аввало, тадбиркорлик фаолиятига нисбатан тартибга солиш юкини камайтириш, норматив-ҳуқуқий базанинг тизимлилигини ва комплекслилигини таъминлаш зарурати туғилди. Шу мақсадда жорий йил 27 сентябрда Президентимизнинг “Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони қабул қилинди.

Хўш, ушбу Фармон билан қонунчилик соҳасида қандай ўзгаришлар бўлди ?

Мазкур ҳужжат билан Президентнинг 500 га яқин эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган ҳужжатлари бекор қилинди. Шунингдек, Олий Мажлис палаталари, Президент, Ҳукумат ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг индивидуал ва ташкилий тусдаги ҳужжатларини норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан фарқлаш мезонларини белгилаш; янги таҳрирдаги қонун ҳужжатини қабул қилиш ўрнига янги қонун ҳужжатини қабул қилиш амалиётини жорий этиш; Президент ва Ҳукуматнинг расмий саналарни нишонлашда ишланмайдиган кунни белгилаш, дам олиш кунини кўчириш ҳамда тадбирларни ўтказиш ҳақидаги ҳужжатларини йил якуни бўйича ўз кучини йўқотган деб топиш амалиётини жорий қилиш; қонунчилик[П1] базасини хатловдан ўтказиш ва уни тизимлаштириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш амалга оширилади.

Белгилаб қўйилганидек, қонун ҳужжатлари лойиҳаларини тартибга солишнинг таъсирини баҳолаш лойиҳани ишлаб чиққан ташкилотлар томонидан regulation.gov.uz портали орқали;

амалдаги қонун ҳужжатларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш ҳуқуқий мониторинг бўйича электрон майдончадан фойдаланган ҳолда;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш “E-Qaror” ягона электрон тизимдан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Фармонга мувофиқ, Адлия вазирлиги қонун ҳужжатлари ва уларнинг лойиҳаларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштирувчи орган ҳисобланади. Адлия вазирлигида Тартибга солиш таъсирини баҳолаш бошқармаси ташкил этилди

2021 йил 1 июнга қадар маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ҳамда Олий Мажлис палаталарининг қарорлари Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига киритилади. 2021 йил 1 февралга қадар илмий-таҳлилий фаолият натижасида ишлаб чиқилган таклифларни оммавий онлайн ахборот тизимида мажбурий акс эттириш механизми жорий этилади.

НодирбекМУХТОРОВ,

вилоят адлия бошқармаси

етакчи маслаҳатчиси.