Иқтисодиёт

Яна бир муҳташам савдо кошонаси Андижон шаҳрида очилди


29.09.2017   490

Пойтахтимизда жойлашган "Korzinka.uz" супермаркетлар тармоғи озиқ-овқат, уй хўжалиги, кийим-кечак ҳамда парфюмерия маҳсулотлари савдоси борасида ўзининг кўп йиллик мижозларига эга. Тошкент шаҳри ҳамда вилоятларда ўнлаб дўконлари фаолият кўрсатиб келмоқда. Андижон шаҳрида иш бошлаган навбатдаги савдо кошонаси тармоқнинг 28-мажмуаси бўлди.

Тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов юртимизда турли соҳаларда рўёбга чиқаётган катта ўзгаришлар хусусида сўз юритиб, мазкур савдо иншоотининг ҳудуд инфратузилмаси, иқтисодиёти ҳамда аҳоли бандлиги билан боғлиқ жиҳатлари ҳақида тўхталди. Нуронийлар, шаҳар фаоллари мажмуа андижонликлар учун узоқ йиллар сифатли ва намунали хизмат кўрсатишига тилак билдиришди.

Замонавий талаблар асосида барпо этилган мажмуага тадбиркорнинг ўз сармояси ҳисобидан 13 миллиард 400 миллион сўм маблағ сарфланган. Барча турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нисбатан арзон нархларда пештахталарга жойлаштирилди. Бир вақтнинг ўзида мингдан ортиқ мижозларга хизмат кўрсатиш имкониятига эга. Эътиборлиси, 100 нафардан зиёд йигит-қиз муқим иш ўрнига эга бўлишди.

Юртимизда тадбиркорларга беқиёс шароитлар яратилмоқда, дейди тармоқ раҳбари Зафар Ҳошимов. Ҳали ишга солинмаган имкониятлар ҳам катта. Бундан руҳланиб, халқимиз учун сўнгги технологиялар асосида савдо хизмати кўрсатиш, иш фаолиятимизга хориж тажрибаларини жорий этишга интилиб келяпмиз. Яқин келажакда Андижоннинг чекка ҳудудларида ҳам супермаркетлар барпо этишни режалаштирганмиз.

Маълумот учун: Зафар Ҳошимов Буюк Британияда олий таълимнинг магистратура босқичида таҳсил олган. Англиядаги етакчи компаниялар билан ҳамкорлик қилиб, бизнесни замонавий усулда ташкил этиш борасида катта тажриба орттирган. «Korzinka.uz»-нинг интернетдаги ижтимоий тармоқларда саҳифа ва каналлари мавжуд бўлиб, савдодаги маҳсулотлар ҳамда уларнинг нарх-навоси ҳақидаги маълумотлар мунтазам равишда янгилаб борилади.

Нурилло

НЎЪМОНОВ.

Рустамжон

ЭШОНОВ

олган суратлар.