Андижон 24

ЯНА 18 НАФАР БЕМОР ҲАЁТГА ҚАЙТАРИЛДИ


30.04.2020   4601

Бугун вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан коронавирусга чалинган яна 18 нафар буткул соғайиб чиқди. Улар 14 кунлик реаблитация ўташ учун бошқа шифохонага кўчирилдилар.

- Ҳамюртларимизни даволаш учун барча шароитлар яратилди, зарур дари-дармонлар ажратилди, - дейди 30 йиллик тажрибага эга врач Мубинахон Тожиева. – Албатта, дастлаб келганларда руҳий зўриқиш, депрессия кузатилади. Муолажалардан сўнг ҳолат секин аста ижобий томонга ўзгаради.

- Икки кун аввал 27 нафар бемор соғайиб чиққан эди. Бугун яна 18 нафарини шифохонадан кузатиб қўймоқдамиз, - дейди врач Нигорахон Юлдашева.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Авазбек Абдурахмонов сўзларига кўра 30 апрель холатига кўра коронавирусга чалинган беморларнинг 106 нафари тўлиқ соғайди.

30 апрель куни вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан саломатлигини тиклаб чиққанлар орасида уй бекаси Дурдона Абдумўминова ҳам бор.

- Тўрт ёшли қизим Нодирабегим саломатлигини тиклаш учун жаррохлик операцияси ўтказилган эди, - дейди Дурдонахон. – Операция Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон вилоят филиалида амалга оширилди. Шу маҳал инфекция юқтириб олиб, даволаш муолажаларини ўтадик. Соғлигимизни тиклашда жонбозлик кўрсатган барча тиббиёт ҳодимларига, вилоят ва республика раҳбариятига самимий миннатдорлигимни билдираман.

Соғайиб чиққанлар орасида бир оиланинг 5 вакили ҳам бор. Шу жумладан, бир ярим ёшли чақалоқдан тортиб, 85 баҳорни қарши олган Эльмира ая Мусаевагача.

- Жуда оғир синовни бошимиздан кечирдик, - дейди онахон. – Саросимага тушган давримиздаги хиссиётларимни, бугунги хурсандчилигимни сўз билан ифодалай олмайман. Барча барчаси учун чексиз рахматлар айтаман.

С.ШУКУРОВ