Андижон 24

ЯККА ТАРТИБДАГИ УЙ-ЖОЙ ҚУРИШ ЁКИ ТАЪМИРЛАШ УЧУН КРЕДИТЛАР ЭНДИ БАРЧА ҲУДУДЛАРДА АЖРАТИЛАДИ


14.03.2021   882

Шу кунга қадар бу тартиб фақат Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида жорий этилган эди.

Президентнинг жорий йил 11 мартдаги тегишли фармони билан жисмоний шахсларга якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун кредитларни ажратиш тартиби барча ҳудудларда жорий этилди (илгари Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида жорий этилган эди).

Бунда:

– кредитлар Қорақалпоғистон Республикаси ва ҳар бир вилоятда 500 та, жами 6 500 та якка тартибдаги уй-жойни қуриш (реконструкция қилиш) учун ажратилади;

– кредитлар ипотека кредитининг энг кўп миқдорларидан ошмайдиган ва дастлабки бадали якка тартибдаги уй-жойни қуриш (реконструкция қилиш) ишлари қийматининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда, 6 ойлик имтиёзли давр билан 20 йил (йигирманчи йилни ҳам қўшган ҳолда) муддатга ажратилади;

– даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож фуқароларга якка тартибдаги уй-жойларга ажратилган ипотека кредитлари бўйича дастлабки 5 йил мобайнида фоиз ставкасининг 10 фоизлик пунктдан ошган қисмини қоплаш учун Давлат бюджетидан субсидиялар ажратилади;

– субсидиялар қурилган (реконструкция қилинган) якка тартибдаги уй-жойнинг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилган ойнинг кейинги ойидан бошлаб тўланади.

Шунингдек, фармонга кўра, бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг янги тартиби доирасида кўп квартирали уй-жойлар қурилади.

Фармон билан 2021 йилда янги тартиб доирасида:

– республика бўйича жами 33 114 та квартиралар ва якка тартибдаги уй-жойлар;

– қишлоқ жойларда 8 336 та квартирадан иборат кўп қаватли арзон уй-жойлар;

– фуқароларнинг алоҳида тоифалари учун 3 550 та квартирадан иборат кўп қаватли уй-жойлар қурилади.

Манба: uznews.uz