ЖАМИЯТ

ЯҚИНДА ТУГАТИЛГАН ЖАМҒАРМАНИНГ ЎТГАН ЙИЛГИ ХАРАЖАТЛАРИ 12,8 ТРЛН СЎМГА ЕТГАН


23.01.2021   3989

Инқирозга қарши курашиш жамғармаси президентнинг 2020 йил 19 мартдаги 5969-сон фармонига асосан Молия вазирлиги ҳузурида ташкил этилганди.

Молия вазирлиги 2021 йил 22 январь ҳолатига вазирлик ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси даромадлари ва харажатлари тўғрисида маълумот берди.

Унга кўра, жамғарма даромадлари 13,4 трлн сўмни ташкил қилиб, мазкур маблағлар қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилган:

– 1,678 трлн сўм давлат бюджети харажатларини мақбуллаштириш ҳисобига;

– 11,722 трлн сўм халқаро молия институтларининг имтиёзли кредит маблағлари ҳисобига.

Жамғарма ҳисобидан коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш, тадбиркорликни ва аҳоли бандлигини қўллаб-қувватлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кенгайтириш ва иқтисодиёт тармоқларининг барқарор фаолият юритишини таъминлаш тадбирларига жами 13,040 трлн сўм миқдоридаги маблағлар ажратилди.

2020 йилнинг 31 декабрь куни охирига мазкур харажатларнинг 12,827 трлн сўми ўзлаштирилди.

Жамғарма ҳисобидан ажратилган маблағларнинг ўзлаштирилмаган қисми ҳамда жамғарманинг жорий йил охирига қолдиқ маблағлари республика бюджетига ўтказилди.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 1 январдан Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси президентининг тегишли қарорига асосан тугатилди.

Инқирозга қарши курашиш жамғармаси президентининг 2020 йил 19 мартдаги 5969-сон фармонига асосан Молия вазирлиги ҳузурида ташкил этилганди.

Маълумот учун, коронавирусга қарши курашиш тадбирлари дастлабки ҳисоб-китоблардан узоқроқ муддат давом этаётганлиги ва бу қўшимча харажатларни талаб этганлиги сабабли жамғарма харажатлари 10 трлн сўмдан 13,4 трлн сўмгача оширилгани ҳақида хабар берилган эди.

Манба: uznews.uz