Андижон 24

ЯҚИНДА МАКТАБНИ БИТИРГАН ҚУРВОНОЙ ЭНДИ ЁШ ТАДБИРКОРЛАР САФИДА


15.07.2021   656

Курвоной Юлдашмирзаева бу йил Жалакудук туманидаги 15-умумий ўрта таълим мактабининг 11-синфини аъло баҳоларга тамомлади. Болалигидан шифокор бўлишни орзу қилсада сўнгги уч йил давомида дарсдан бўш вақтларида устози Зарнигор Ғаниевадан тикувчилик сир-асрорларини ўрганди.

Мактабни битириш арафасида ўтказилган сўровномаларда Қурвоной олий таълим муассасига ҳужжат топшириш билан бирга эгаллаган ҳунари орқали ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш истаги борлигини билдиради. Бундан хабар топган ўқитувчилари уни ёшларда тадбиркорлик кўникмаларини, бу борадаги билим ва тушунчаларини бойитиш мақсадида туман ҳокимлиги томонидан ташкил этилаётган қатор семинарлар, мулоқот ва давра суҳбатларига юборишади.

Ўқув йили якунида эса Курвоной Тадбиркорликка кўмаклашиш марказида ташкил этилган махсус курсда қатнашиб, имтиёзли кредит олиш имкониятини берувчи вилоят ҳокимининг сертификатига эга бўлди.

Яқинда “Микрокредитбанк”нинг Жалақудуқ туманидаги шаҳобчаси томонидан Қурвоной Юлдашмирзаевага 15 миллион сўм кредит маблағи ажратилди.

–Ажратилган имтиёзли кредит ҳисобидан зарур жиҳозлар олиб, кўриб турганингиздек ўз хонадонимда тадбиркорлик фаолиятимни бошладим, - дейди Қурвоной. – Иш бошламасимдан аёллар ва болалар либосларини тикиб беришимни сўраб, буюртма берганлар кўпчиликни ташкил этади. Бундан ташқари ўз қизларини ҳунар ўргатиш истагида бўлган ота-оналар ҳам уларни шогирдликка олишимни сўрашяпти. Шу сабабли келгусида “Устоз-шогирд” анъанаси асосида маҳалладош қизларга тикувчилик ҳунарини ўргатишни ҳам мақсад қилдим. Мана шундай шароит ва имкониятни яратиб бераётган Президентимизга ўз миннатдорлигимни билдириб, берилган ишончни оқлашга ҳаракат қиламан.

Жалақудуқ тумани халқ таълими бўлими мудирининг ўринбосари Муҳаммаджон Бозорқуловнинг маълум қилишича, шу кунга қадар туман бўйича тижорат банклари томонидан Қурвоной каби яна 30 нафардан ортиқ битирувчи йигит-қизларга кредитлар ажратилиб, таъминотчилар томонидан зарур жиҳозлар ўз эгаларига етказиб берилган.

-2020-2021 йил ўқув йилида тумандаги умумтаълим мактабларини 2 минг 41 нафар ўқувчилар 11-синфни тамомладилар,- дейди Жалақудуқ тумани халқ таълими бўлими мудирининг ўринбосари Муҳаммаджон Бозорқулов. - Битирувчиларнинг 279 нафари тикувчилик, пазандалик, асаларичилик бўйича тадбиркорлик қилиш истагини билдирган. Уларга имтиёзли равишда кредитлар ажратилиги бўйича тегишли тартибда ишлар амалга оширилмоқда. Ўйлаймизки, ушбу ҳаракатлар нафақат ёшлар бандлигини таъминлашга, балки мустақил даромад ҳамда ҳаётда ўз ўринларини топишларига ёрдам беради.

У. МАМАРАСУЛОВ,

Жалақудуқ туманидаги 3-умумтаълим

мактабининг ижодий-маданий

масалалар буйича тарғиботчиси.

Фото Э. Мамажонов.

Мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини

қўллаб-қувватлаш Жамоат фондининг гранти асосида тайёрланди.