Жамият

ЯҚИН ҚАРИНДОШИМ СУДЛАНГАНЛИГИ САБАБЛИ ИШГА ҚАБУЛ ҚИЛМАСЛИКЛАРИ ТЎҒРИМИ?


20.02.2021   2228

– Йўқ, бу ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этиш, деб баҳоланади.

Меҳнат кодексининг 78-моддасига кўра, ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этишга йўл қўйилмайди.

Қуйидагилар ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этиш, деб ҳисобланади:

– ушбу Кодекс 6-моддасининг биринчи қисми (меҳнатга оид муносабатларда камситишнинг тақиқланиши) талабларининг бузилиши;

– иш берувчи томонидан таклиф қилинган шахсларни ишга қабул қилмаслик;

– иш берувчи қонунга мувофиқ меҳнат шартномаси тузиши шарт бўлган шахсларни (белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан ишга юборилган шахсларни;

– ҳомиладор аёлларни ва уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларни — тегишинча уларнинг ҳомиладорлиги ёки боласи борлигини важ қилиб) ишга қабул қилмаслик;

– муқаддам судланган шахсларни ишга қабул қилмаслик, бундан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно, ёхуд шахсларни уларнинг яқин қариндошлари судланганлиги муносабати билан ишга қабул қилмаслик;

– қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳоллар.

Ишга қабул қилиш рад этилган тақдирда, ходимнинг талаби билан иш берувчи ишга қабул қилишни рад этишнинг сабабини асослаб, уч кун муддат ичида ёзма жавоб бериши шарт. Бу жавоб ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс томонидан имзоланган бўлиши лозим. Асослантирилган жавоб бериш ҳақидаги талабларни қондиришни рад этиш ходимнинг ишга қабул қилиш ғайриқонуний равишда рад этилганлиги устидан шикоят қилишига тўсиқ бўлмайди.

Демак, сизнинг яқин қариндошингиз судланганлиги муносабати билан ишга қабул қилмасликлари ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этиш, деб баҳоланади.

Ушбу материал ТДЮУнинг “Юридик клиника”си талабалари томонидан ўқитувчилар назорати остида тайёрланди.

Манба: uza.uz