Жамият

Яхшилик дарахтлари


13.12.2017   151

Жўрабой ота деразадан ташқарига – қуёш булутлар орасидан юз кўрсатиб, илиқ нурларини ҳовлидаги дарахтларга, чорпояга тўкаётган манзарага тикилиб турган эди, набираси келиб қолди.

– Бобожон, мактабдан келдим. Биз бугун "Яхшилик нима?" деган мавзуда иншо ёздик, – деди кўзлари чақнаб.

– Балли, хўш, сен нима деб ёздинг?

– Яхшилик – тинчлик, меҳр-муҳаббат, инсоф, ширин сўз, деган эдингиз-ку. Ана шуларни ёздим, – дея набира сумкасидан дафтарини олиб, иншосини ўқий кетди.

Жўрабой отанинг кўз ўнгидан тўқсон йиллик умри давомида учратган яхши одамлари, ўзи гувоҳ бўлган хайрли ишлар, воқеалар бир-бир ўтди.

У кўп йиллар давомида Избоскан, Шаҳрихон, Хўжаобод туманларида биринчи раҳбар бўлиб ишлаган. Ўн беш йилдан зиёд вилоят ижроқўмига раислик қилди. Каттаю кичикнинг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлган экан. Мана, ҳозиргача унутишмайди. Жўрабой ота қаерга борса, дарахт ўтқазишни хуш кўрар эди. Инсондан яхши ном, яхши фарзандлар, эзгу ишлар қолар экан. У яқинда газетада ардоқли адибимиз Ўткир Ҳошимовнинг мана шу сўзларини ўқиб таъсирланиб кетди. Ёзувчи "Ақл билан мансабга эришиш мумкин. Мансаб билан ақлга эришиб бўлмайди" деб ёзибди. Топиб айтилган гап.

Жўрабой ота Ҳасанов билан суҳбатлашиб қолсангиз, кўнглингиз яйрайди. Тўқсон ёшда ҳам тетик, кўзлари тийрак, сўзлари салмоқли. Не-не дилларга, бутун бир авлодга яхшилик ниҳолларини бағишлаган бу инсоннинг ўзи ҳам чинорга ўхшайди. Ҳавасингиз келади, ҳайратингиз ошади. Юз ёшларда ҳам мана шундай бардам бўлинг!

Назиржон САИДОВ,

Ғолибжон

АБДУЛЛАЕВ.