Спорт

Волейболчиларимиз республика ғолиби


05.10.2017   329

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” муносабати билан 45 ва ундан юқори ёшли фахрий спортчилар ўртасида волейбол бўйича республика биринчилиги ўтказилди. Андижон давлат тиббиёт институти спорт залида ўтказилган вилоят босқичида 5 та жамоа – Булоқбоши, Балиқчи, Марҳамат, Шаҳрихон туманлари ҳамда Андижон шаҳри ҳаваскорлар клуби жамоалари иштирок этди.

Қизғин баҳслар сўнгида 3-ўрин учун Балиқчи тумани билан Марҳамат тумани фахрийлари баҳс олиб бордилар. Кескин ва муросасиз ўтган ўйинда 2:1 ҳисоби билан Балиқчи тумани вакиллари ғолибликни қўлга киритдилар.

Ҳал қилувчи ўйинда Андижон шаҳри ва Булоқбоши тумани волейболчилари майдонга чиқдилар. Кўпчиликка спорт завқини бахш этган қизиқарли мусобақада 2:1 ҳисоби билан булоқбошилик фахрийлар ғалаба қозондилар.

Жўравой Абдуллаев мураббийлигида ғолиб жамоа асосидаги вилоят терма жамоаси Тошкент шаҳрида республика биринчилигида иштирок этди.

Вилоятимиз волейболчилари гуруҳ бочқичида Тошкент–2 (2-0), Тошкент–3 (2-1), Самарқанд (2-1) жамоаларидан устун келиб, ярим финалда Тошкент -1 фахрийлари билан учрашдилар ва 2-1 ҳисобида ғолиб чиқдилар. Финал баҳси Фарғона вилояти терма жамоасига қарши бўлди ва вилоятимиз фахрий волейболчилари муросасиз кечган ўйинда рақибларидан 2-1 ҳисобида устун келиб, республика чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлдилар.

Соҳибжон НИЯЗОВ,

миллий тоифадаги ҳакам.