Бугуннинг гапи

Вилоятимизда Ватан ҳимоячилари куни кенг нишонланмоқда


14.01.2018   1005

2018 йил 14 январь. Соат 7:30. Ҳаётимиз байрамларга бой. Уларнинг орасида тинчлигимизнинг абадийлиги, сарҳадларимизнинг мустаҳкамлигини ифодаловчи Ватан ҳимоячилари байрами алоҳида ўрин тутади. Чунки шу азиз юрт барчамиз учун азиз ва муқаддаслиги, энг катта бойлигимиз бўлган осуда ҳаётимиз ва эртанги кунимизнинг порлоқ бўлишлигини ўзида ифодалайди. Шу сабаб ёшу кекса бирдек бу байрамни орзиқиб кутади.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 26 йиллиги ва 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни вилоятимизда ҳар йилгидан фарқли равишда кўтарингки руҳда нишонланмоқда. Бир неча кундан буён ўтказилаётган ватанпарварлик, мардлик ва жасорат тадбирлари эрталабдан Андижон шаҳрининг марказига кўчди.

Байрамона безатилган Навоий шоҳкўчаси Мустақиллигимиз ва Тинчлигимиздан мамнун юртдошларимиз билан тўла. Ҳар қадамда хилпираб турган давлатимиз байроқлари, мустақиллигимизнинг боқийлиги, Миллий армиямизнинг куч-қудратини кўрсатувчи шиорлар барчани байрамга чорлайди. Ёшларнинг кўзларидаги қувонч, дадиллик ҳавасингизни келтиради. Қўлида байроқчалар билан саф тортган йигит-қизларнинг юзларида фуқаролик бурчини, масъулиятини юракдан ҳис этаётганликлари ўз ифодасини топган.

Байрам тадбирлари олдидан набираларига ҳарбий кийимдаги зобитларни ҳавас билан кўрсатаётган меҳнат фахрийси Ашурхон она Қўзибоеванинг сўзларига қулоқ тутамиз:

-Тинчлик-осойишталигимиз барқарорлигини Қуролли Кучларимизсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шунинг учун унинг сафларида хизмат қилаётган йигитларимизни, уларни дунёга келтирган, эл корига ярайдиган инсон этиб тарбиялаган ота-оналарини ҳар қанча шарафласак, оз. Бугун миллий армиямиз том маънодаги ватанпарварлик мактабига, унинг сафларида хизмат қилиш эса ҳар бир йигитнинг эзгу мақсади, шараф ва ифтихорига айланган.

Яна бир неча дақиқалардан сўнг байрам тантаналари бошланади...

Бизни кузатишда давом этинг.

Акбаржон Назаров,

Рустамжон Эшонов,

Жаҳонгир Содиқжонов.

«auz.uz» online гуруҳи аъзолари