Андижон 24

ВИЛОЯТДА 1623 ТА КЎП ҚАВАТЛИ УЙ-ЖОЙЛАР МАВЖУД. УЛАРНИНГ БАРЧАСИ ХУСУСИЙ ШИРКАТЛАР ИХТИЁРИДА


04.12.2019   3489

Бугун Андижон шаҳридаги Савдо - саноат палатасида Андижон вилояти уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ҳамда унинг шаҳар ва туман бўлимлари, “Ягона ҳисоб китоб маркази” ва “Иссиқлик манбаи” давлат унитар корхоналари, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан 2018-2019 йиллар давомида амалга оширилган ишлар, соҳадаги янгиликлар ҳамда фаолиятдаги муаммоларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Унда республика ҳамда вилоят ҳудудида фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари вакиллари, давлат ва ҳамкор ташкилотларнинг ахборот хизматлари ходимлари иштирок этдилар.

Вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси Машъалбек Тожибоев соҳадаги ислоҳотлар, 2018-2019 йиллар мобайнида амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берди. У ўз сўзида вилоятда жами 1623 та кўп қаватли уй-жойлар мавжудлиги, уларнинг барчаси 297 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан қамраб олинганигатўхталиб ўтди. 2018 йилга қадартижорат банкларининг 127 млрд. сўмлик имтиёзли кредитлари ҳисобига жами 1225 та кўп қаватли уйларда мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилганлиги билдирди. Бундан ташқари вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов томонидан ташкил этилган сайёр қабуллар давомида аҳолининг мурожаатлари ҳамда вилоят ишчи гуруҳларининг ўрганиш натижаларига кўра жорий йилга белгиланган режадан ташқари 106 та кўп қаватли уйларнинг том қисмлари, кириш йўлаклари, фасад қисмлари мукаммал ва жорий таъмирланганли айтиб ўтилди.

Маълум қилинишича, 2019-2020 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида капитал ва жорий таъмирланган 274 та кўп қаватли уйларга туташ худудларидаги ободонлаштириш ишлари учун маҳаллий бюджет, тижорат банклари кредитлари ва бошқа манбалар ҳисобидан жами 25,3 млрд. сўм маблағ сарфланди. Натижада 10 минг нафардан зиёд аҳолининг турмуш тарзи яхшиланишига эришилди.


Маблағлар ширкатларнинг молиявий ҳолатидан келиб чиққан ҳолдааҳолига молиявий енгиллик яратиш, уларнинг моддий ҳолатидан келиб чиққан ҳолда ушбу уйларни таъмирлаш учун маҳаллий бюджетдан кўп қаватли уйларни доимий равишда таъмирлаш учун айланма маблағ ҳисобидан ажратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 апрелдаги “2017—2021 йилларда кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 6-бандига асосан бошқарма ҳузурида вилоятдаги хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига шартнома асосида бухгалтерлик ҳисобини юритиш, консалтинг хизматлари кўрсатиш ва хусусий уй-жой мулкдорларидан мажбурий бадаллар йиғиш хизматлари кўрсатадиган “Ягона хисоб китоб маркази” давлат унитар корхонаси ташкил қилинган.

Мазкур корхонанинг шаҳар ва туманлардаги филиаллари томонидан 2019 йилнинг ўтган 10 ойи давомида вилоят бўйича9.8 млрд. сўмдан ортиқ мажбурий бадал тўловларийиғилди. Маблағнинг 721 млн. сўми ширкатларнинг маъмурий ҳаражатига сарфланган бўлса, 8.9 млрд. сўми имтиёзли кредит маблағларини сўнгдириш учун йўналтирилди.

Бошқарма тасарруфидаги вилоят “Иссиқлик манбаи” давлат унитар корхонасида айни пайтда жами 2 та марказий, 47 та локал қозонхона, 35,9 км магистрал ва тарқатувчи иссиқлик тармоқлари мавжуд бўлиб, деярли 90 фоизи таъмирталаб ҳолатга келиб қолган.

“Иссиқлик манбаи” ДУК тасарруфидаги қозонхоналарнинг фаолияти 2009 йилда тўхтатилган. Шундан буён кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектларига иссиқлик энергияси етказиб берилмасдан келинмоқда.

2019-2024 йилларда Жаҳон банки томонидан молиялаштириладиган кредит маблағлари ҳисобига “Андижон, Чирчиқ, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларининг марказлашган иссиқлик таъминоти тизимини реконструкция қилиш ва самарадорлигини ошириш” лойиҳаси доирасида Андижон шахридаги РК-2 қозонхонасини модернизация ва реконструкция қилиш кўзда тутилган. Лойиханинг умумий қиймати 35,95 млн. АҚШ долларини ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг 2017 йил
11 декабрдаги баённомасига асосан давлат бюджети маблағлари хисобига лойиҳанинг умумий қиймати 7.1 млрд. сўмни ташкил этувчи Асака шаҳридаги “А.Темур” қозонхонани реконструкция ва модернизация қилиш белгиланган.

Ушбу 2020 йилда амалга оширилиши кўзда тутилган лойиҳа туфайли Асака шаҳридаги Н. Кубро кўчасида жойлашган 21 та кўп қаватли уй ва 3 та ижтимоий соҳа объекти тўлиқ иссиқлик энергияси билан таъминланади.

Матбуот анжумани давомида жорий йилнинг 7 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган “Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги Қонуннинг мақсади, мазмун-моҳияти ҳақида ҳам маълумот бериб ўтилди. Мутахассислар иштирокчилар томонидан берилган саволларга жавоб қайтардилар.

Андижон вилояти уй-жой коммунал

хизмат кўрсатиш бошқармаси

ахборот хизмати.